Шахсий гигиена қоидаларига доимий амал қилиш оилангизни турли хилдаги юқумли касалликлардан ҳимоя қилишнинг энг яхши воситаси ҳисобланади.

Инсонлар у хоҳ катта, хоҳ гўдак ёшида бўлсин турли касалликларга микроблар билан зарарланган овқатларни истеъмол қилиш туфайли дуч келадилар. Улар эса овқатда, ифлос сувда бўлиши мумкин. Натижада ич терлама, гепатит, қичима, гижжа ва бошқа юқумли касалликларга чалиниш кузатилган ва аниқланган.

Шундай экан, энг аввало қўл ва оғиз бўшлиғи тозалигига эътибор беринг. Шунингдек соч, тери, хонадон гигиенаси қоидаларига риоя қилинг. Қўллар овқат пишириш олдидан, хайвонларга қаралгандан сўнг, хожатхонадан чиққандан кейин, кўчадан уйга қайтгач, овқатланишдан олдин, ҳар қандай юмушни бажариб бўлгач албатта совунлаб ювилиши шарт.

Оғиз бўшлиғи гигиенасида, тишлар кунига икки марта - эрталаб уйқудан тургандан кейин ҳамда кечқурин ухлашдан олдин тиш пастаси ёки парашоклари ёрдамида тозаланади. Сочлар ҳафтада бир марта ювилади. Сочнинг холатига қараб турли ҳил шампунлардан фойдаланиш лозим. Ҳафтада икки марта ҳаммомда чўмилиш эса терининг турли хилдаги бактерия ва микроблардан тозалашга ёрдам беради.

Оила аъзоларингизни ҳар бири ўзини сочиғи, тиш чўткаси, тароғи ва совунига эга бўлиши керак. Чойшабларни ҳафтада бир марта ювиб, дазмоллаб, алмаштириб туриш лозим. Энг муҳими, хоналарни тез-тез шамоллатиб туриш, ошхона асбоб-анжомларини тоза ва озода тутиш лозим. Тез бузиладиган овқатларни зинҳор сақламанг. Сувни фақат қайнатиб ичинг. Шахсий гигиенага амал қилиш саломатлик гарови эканини асло унутманг!

Озода МАҚСУДОВА,

3-оила поликлиникаси УАШ шифокори.