Атопический дерматит

Атопик дерматит мультифаториал ирсий касаллик бўлиб, болалар дерматологиясида кенг тарқалган дерматоз ҳисобланади.

Касалликнинг келиб чиқишида беморнинг ёшлигида ўтказган касалликлари – болалар экземаси, диатези, шунингдек, яқин қариндошларидаги аллергик ҳолатлар ёки хас­таликларнинг (аллергик ринит, бронхиал астма, экзема ва бошқалар) бор-йўқлигини аниқлаш катта аҳамиятга эга. Кўкрак ёшида ва илк болалик даврида меъда-ичак системаси хасталиклари (овқат ҳазмининг бузилиши, ферментопатия, дисбактериоз, витаминлар ва оқсил моддаларнинг ёмон сурилиши), шунингдек ёши каттароқ болаларда эса – психоэмоционал чарчаш, стресс ва бошқалар атопик дерматитга сабаб бўлувчи омиллардир. Баъзи олимлар атопик дерматит нейродермитнинг бир кўриниши десалар, бошқалари эса ҳар бири ўзича мустақил касаллик деган фикрдалар. Лекин болаликда атопик дерматитни бошидан ўтказганларда, кейинчалик нейродермитга хос клиник кўриниш намоён бўлганлиги кўпчиликка маълум.

Касаллик асосан юз (кўз ва оғиз атрофида), бўйин, тирсак ва тизза ости букилмаларида учрайди. Патологик ўчоқларда эритма-сквамоз, фолликуляр папулалар, везикулёз, эрозия, пўстлоқ, тангачалар кўзга ташланади, бу элементлар асосан лихенификацияга учраган терида жойлашади. Шу билан бирга терининг анологик клиник кўриниши тананинг бошқа соҳаларида ҳам учраши мумкин. Терининг қуруқ бўлиши ва кучли қичишиши атопик дерматитга хос бўлиб, кўпинча асосий ўчоқлар иккиламчи инфекция билан асоратланади.

Давоси нейродермит ва болалар экземасини даволашга ўхшаш. Тажрибанинг кўрсатишича, атопик дерматитни даволашда задитен яхши наф беради.

Н. СОБИРОВ,

вилоят тери-таносил касалликлари

диспансери  микология бўлими мудири.