Соғлом юраман, қариликда ҳеч кимга муҳтожлик сезмасдан, мустаҳкам саломатликка эга бўламан, деган инсон - ўзини яхши кўриши ва танасига ёрдам бериши лозим. Яъни тўғри ва рационал овқат ейиши, танага зарур меъёрдаги сувни ичиш, жисмоний ҳаракат йиллар давомида тўпланиб қолган, аъзо ва тўқималар, ҳужайралар ишига халақит берувчи шлак, яъни тиқинлар, паразит, микроб, вирус, замбуруғлардан йилига онгли равишда 3-4 марта тозаланиб туриши муҳим.
Табобат илмининг султони Абу Али ибн Синонинг шогирдларидан бири: "Устоз, инсон соғлом бўлиши учун нима қилиши керак, қандайдир йўли ёки формуласи борми?" - дея савол берибди.
"Ҳа, бор, бу Саломатлик формуласи... Манфий (минус) ва мусбат (плюс)дир"- , деб жавоб берибди ибн Сино. Шунда шогирдлари плюс ва минус нимани англатишини сўрабдилар.
Энди формулани шарҳлаймиз: "плюс" бу организм уйғун ишлаши учун ҳужайрага кундалик зарур бўлган макро ва микро элементлардан ташкил топган озуқаларни, яъни микронутриентларни етказиб бериш, дегани. "Минус" эса организмнинг уйғун ишлашига тўсиқ бўладиган барча заҳар, ахлат, ифлосликни ташқарига чиқариб ташлаш керак, дегани. Ана шунда организмнинг ўзини-ўзи даволаш механизми ишга тушади ва ўзини-ўзи қайта тиклайди. Натижада инсонга ҳеч қандай табиб ҳам, малҳам ҳам керак бўлмайди.
Беш олтин қоида нималардан иборат? Қуйида уни қисқача тушунтириб ўтамиз:
1. Энг аввало, "Мен соғлом бўламан ва соғлом бўлиш учун ҳамма нарсага тайёрман"- деган фикрни ўзимизга қонун, деб билишимиз лозим. Асабларимизни асрашимиз керак.
2. Тоза тирик сув ичиш.
(Катта ёшли инсон кунига 2 литрдан кам бўлмаган миқдорда сув ичиши керак. Ортиқча вазнга эга инсон ҳар ортиқча 10 кг. учун қўшимча 1 стакандан сув ичиши мақсадга мувофиқ.)
3. Организмни тозалаш.
4. Организмга озуқа бериш. Тўғри ва рационал овқатланиш қоидаларига риоя қилиш.
5. Ҳаракат, 3-5 км. пиёда юриш.
Саломатхон АРЗИМАТОВА,
Наманган туман АСТТҚҚ ва ЖФО бўлими бошлиғи.