Бу ҳамиша ўйлаб кўрадиган савол. Жавобни эса керагича топишимиз мумкин. Биз фақат айрим ҳолатларнигина мушоҳада қилиб кўрамиз, холос. Тўғри бирор жойингиз оғриб қолса, "Нимага касал бўлдим экан?" дея ажабланасиз. Ҳолбуки, асл ажабланадиган ҳолат қандай қилиб соғлом юрганимиз эмасми!
Соғлом яшашимиз - энг чиройли умр кўришимиз. У атрофимиздаги кўзга кўринадиган ва кўринмайдиган зиёнли таъсирларга енгилмаслигимиз аслида. Зеро, баданимиз ҳар куни касалликларнинг миллионлаб микроблари ҳужумига йўлиқади. Шунга қарамай, тетик ва бардам тураверамиз. Ейдиган овқатларимиз, нафас оладиган ҳаво ёки теримиздаги ёриқлару шилинган жойлари орқали баданимизга сон-саноқсиз кириб туришини ҳатто хаёлимизга келтирмаймиз. Ана энди ўйлаб кўринг: Қандай қилиб шунча "душманлар" қуршовига соппа-соғ кун кечирамиз? Бизларни касалликлардан нима қўриқлаяпти?
Сўнгги юз йил ичида олиб борилган тадқиқотлар натижасида олимлар бу жумбоққа жавоб топдилар. Мутахассислар хулосаси қуйидагича: Баданимиз микробларга қарши босқичма-босқич ҳимояланиш воситалари билан "жиҳозланган". Масалан, бир чанг ғубори кўзга киргач, кўз касалланмайди. Чунки ичига кирган бундай микробга қарши кўз ҳимояга тайёр. Аввало, кўзимиз юқори қисмидан пастки томонга ёшланиб туради. Кўз ёши моддасининг микроб ўлдириш қобилияти шунчалик кучлики, икки литр сувга солинган бир томчи кўз ёши миллиардлаб микробни йўқ қилиб юбориши тайин.
Сўлагимиз ва вужудимиз томонидан ишлаб чиқариладиган бошқа ҳимояловчи моддаларда ҳам ана шундай микробга қарши курашадиган, уни маҳв этадиган, ўлдирадиган кимёвий хусусият етарли даражада мавжуд. Ҳатто бутун баданимизни қоплаган теримизгача микробни йўқ қилиш хоссаси бор. Масалан, ичбурғ микроби билан тўла бир томчи сув шиша парчаси устига тушса, микроблар соатлаб яшайди. Ана ўша микроб тоза қўл кафти териси устида 20 дақиқа ичида "енгилади".
Бурун орқали кирадиган микроблар эса бурун ичидаги қиллар, яъни тукларга илашиб, ёпишиб қолади. Димоғингиздаги нам ва ёпишқоқ модда худди пашшаларни "ушлаб" оладиган елимдек микробларни тутиб қолади. Микроблар кўпдан кўп бўлиб, бурун ичини қичитса, дарров акса уриш орқали ташқарига улоқтириб ташлаш ҳолати рўй бериши ҳам айни ҳаётий ҳақиқатдир. Мабодо, бу фойда бермаган тақдирда бурун суви оқади, шу йўл билан микроблар ташқарига суриб ҳайдалади.
Агар бурунга кирган микроблар юқоридаги тўсиқлардан ўтиб, ўпкага тушса, бадан бунга қарши курашни давом эттиради. Ахир ўпканинг барча қалин ва ингичка найчалари ичи бурундаги каби ёпишқоқ суюқлик билан қопланган бўлади. Ёпишган микробларни йўталиш жараёнида "меҳмон"ликни тарк этишга мажбур қилинади. Чунки, танамизга улар дўст эмас, ёвуз душман ҳисобланадилар.
Терининг кесилган, шилинган жойларидан баданга ўтирган ва кирган микроблар илк 20 дақиқа мобайнида икки марта кўпаяди. Бу ҳам камдек кўпайиш ҳар 20 дақиқада такрор-такрор икки баравардан ортиб бориши аниқ. Ҳисоблаб чиқсак, кўзга кўринмас зарра-зарра микроблар сони бир кунда миллиардларга етиб боради-ёв. Яхшиямки, баданимиз "микроблар туғруқхонаси" эмас ва бунга иложи борича, имконияти доирасида монелик кўрсатади, қарши курашади, босқичма-босқич чора-тадбирларни ишга солади гўё. Биринчи тадбири - баданимиз ҳароратининг кўтарилиши саналади. Бадан ўзига ёт нарса кирганига сезибоқ вужудимиз ҳимояси учун дарҳол маълум кимёвий моддаларни ишлаб чиқара бошлайди. Бу моддалар танамизни ҳар тарафига ёйилади. Масалан, қон таркибидаги лейкоцитлар худди магнит каби тезлик билан микробларга ёпишиб, уларни "ея" бошлайдилар.
Шунингдек баданга тушган микроблар суяк илиги, жигар, талоқ ва бошқа аъзоларининг мудофаа тўсиқларига ҳам дуч келади. Бу тана аъзоларининг барчаси душманни йўқотишда сузгич - элак вазифасини бажаради.
Хуллас, юқорида инсон вужудининг касалликларга қарши курашишни содда усулда, тушунарлироқ ҳолатда баён қилдик. Аслида эса бу жуда мураккаб, инсон ақлини лол қолдирадиган жараён.
Демак, ҳар доим ҳар тарафдан ўраб турган сону саноқсиз микробларга қарамай, соғлом юришимизнинг ягона сабаби - бизни мукаммал тарзда Роббимизнинг баданимизни микробларга қарши курашадиган ана шундай ажойиб муҳофаза, мудофаа, ҳимоя тизими билан жиҳозлаб яратганидир. Бунга ҳамиша мингдан-минг шукроналар айтишимиз жоиз.
С. ТОЖИБОЕВ илмий ва диний китоб ва журналлардан
фойдаланган ҳолда тайёрлади.