Қўтир одам ва ҳайвонларнинг юқумли касаллигидир. Уни қўтир каналари қўзғатади. Халқимиз орасида "қичима" деб ҳам юритилади. Маълумки, қўтир канаси терини тешиб, тўқима, қон, лимфасуюқликлари билан озиқланади. Оталанган урғочи кана эпидермиснинг юза қатламларига кириб ҳар хил йўллар очади ва шу жойларга тухум қўяди. Урғочи каналарнинг ҳаракати чаққон бўлиб, бир кунда 0,5-5 мм. эгрибугри коваклар ҳосил қилади. Каналар 3-7 ҳафтада етилиб, битта урғочи канадан чиққан тухумдан 3 ой давомида 130-150 млн. кана пайдо бўлади. Шунинг учун одамга юққанидан сўнг тез кўпаяди. Касаллик бемор ва унинг буюмлари орқали ўтади. Яширин даври 7-10 кундан 20-30 кунгача.
Касалликнинг асосий белгиси терининг кичишидир. Терида тугунча ва пуфакчали майда тошмалар жуфт-жуфт бўлади. Бемор қашинавериши оқибатида қорамтир йўллар ҳосил қилади. Тошмалар бармоқлар орасидаги бурмалар, кафтнинг ён томонига, кейинчалик бутун баданга тошади. Ёш болаларда товон, кафтнинг ичи, сон оралиғи ва думба соҳаси зараланади.
Агар касаллик жинсий йўл билан юққан бўлса, тошмалар қорин, киндик, қов атрофида кўринади. Қаттиқ қичишади, айниқса кечқурун ва иссиқда кучаяди. Бемор қашинавериши туфайли терининг тирналган жойларига инфекция тушиб, йиринг йиринглатади. Вақтида даволанмаса, терининг бошқа касалликлари – дерматит, экзема ҳам пайдо бўлиши мумкин. Касаллик юқумлилиги сабабли бир вақтда оила аъзоларидан бир неча кишида тарқалиб кетиш эҳтимоли бор. Шу боис қўтирга чалинганлар диспансерда ётиб даволаниши керак.
Бунинг олдини олиш учун, аввало, шахсий гигиенага риоя қилиш керак. Ҳафтада камида бир марта чўмилиш зарур. Хоналарни озода тутиш, чойшабларни алмаштириб, ётоқ кўрпаларни офтобга ёйиб туриш лозим. Ўйинчоқларни эса тозаловчи воситалар билан ювиб туриш даркор. Овқатланишдан олдин, хожатга боргандан сўнг қўлларни яхшилаб совунлаб ювиш тавсия этилади.
Носиржон СОБИРОВ,
Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва
косметология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган
филиали микология бўлими мудири.