Сувчечак – бу герпес оиласига мансуб вирус томонидан чақирилувчи, ўта юқумли инфекцион касаллик. У билан асосан болалар оғриб, катта ёшда жуда кам учрайди. Сувчечак микроби ўта учувчан бўлиб, 20 метр радиусдаги организмни зарарлаши ҳам мумкин.

Бемор одам 2 ҳафта мобайнида хавфли ҳисобланади.

Организмга тушгандан ке­йин вирус нафақат тери ва нерв­ни, балки ўпка ва бош мия, ҳазм ва сийдик йўлларини ҳам зарарлайди.

Бундан ташқари вируснинг онкологик касалликларда, қон касалликларида, ОИВ инфекция ва нур касалликларида фаоллашуви кузатилади.

Сувчечак билан оғригандан кейин 97 фоиз беморларда тур­ғун иммунитет шаклланади. Қолган 3 фоизи эса қайта зарарланиши мумкин. Қайта зарарланиш белбоғли темиратки кўринишида ҳам кечиши мумкин.

Умумий профилактикага мувофиқ, сувчечак тошган бемор ва у билан охирги 21 кун давомида мулоқотда бўлганлар изоля­ция қилинади.

Специфик профилактикаси – барча мулоқотда бўлган одамларга сувчечакка қарши иммуноглобулин ("Зостевир") қилинади. Чунончи, касаллик ривожланиши ҳаёти учун жиддий хавф уйғотадиган аҳоли қатламига – ой куни яқинлашаётган ҳомиладорларга, химиотерапия олаётган лейкоз билан оғриган беморларга, ОИВ инфекциясига чалинган кишиларга, чала туғилган чақалоқларга тааллуқли.

Фаол профилактика – одамларга тирик кучсизлантирилган сувчечак вакцинаси юборилади. Бу асосан илгари сувчечак билан оғримаган, туғишни режалаштираётган аёлларга ва сувчечак билан мулоқотда бўладиган тиббий ходимларга қилинади.

С. ҚОДИРОВА,

Давлаобод СЭО ва ЖСБ врач-эпидемиологи.