25 АПРЕЛЬ - БУТУНЖАҲОН БЕЗГАК КАСАЛЛИГИГА ҚАРШИ КУРАШИШ КУНИ
Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотининг 2007 йил 23 майдаги 60-сессиясида 25 апрель кунини "Бутунжаҳон безгак касаллигига қарши кураш куни" деб эълон қилинган.
Бу касалликнинг олдини олиш борасида қатор халқаро ташкилотлар билан кенг кўламда ҳамкорлик ишлари йўлга қўйилган. Шунга қарамасдан, дунёнинг 90 дан ортиқ мамлакатларида безгак касаллиги ҳамон долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Ишончли маълумотларга кўра ҳар йили ер юзида 200 - 300 миллион нафардан кўпроқ инсон безгак билан касалланади. Бунга экологик табиий офатлар, аҳолининг касалликка мойиллигининг юқорилиги, ижтимоий-маиший шароит ҳамда аҳоли миграциясининг кучайиши сабаб бўлади. Айниқса, бундай салбий ҳолатлар тропик мамлакатларда ҳамон юқорилигича қолмоқда. Журналист Равшанбек Мирзаолимов касалик ҳақида, бу борада ер юзидаги, шу жумладан мамлакатимиздаги ҳолат ва уни олдини олиш мақсадида кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида Наманган вилоят Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси паразитология бўлими ва лабораторияси мудири, тиббиёт фанлари номзоди Зокиржон Абидов билан суҳбатлашди.
Безгак-ўткир юқумли касаллик бўлиб, Анофлес (безгак чивинлари) чивини орқали юқиши, тана ҳарорати кўтарилиши, талоқ ва жигарнинг катталашиши ҳамда камқонлик билан характерланади. Унинг 4 та қўзғатувчиси мавжуд: - булар, уч кунлик безгак қўзғатувчиси, уч кунликка ўхшаш овале безгак қўзғатувчиси, тўрт кунлик безгак қўзғатувчиси ҳамда тропик безгак қўзғатувчиларидир.Улар ўзининг клиникаси, эпидемиологияси ва лаборатория диагностикаси билан бир-биридан фарқ қилади.
Инфекция манбаи шу касаллик билан оғриган бемор ва паразит ташувчи ҳисобланади. Қўзғатувчининг 2 та "хўжайин"и бўлиб, асосий "хўжайин"-анофлес чивини, оралиқ "хўжайин" одам ҳисобланади. Чивин безгакка чалинган инсонни чаққанда, унинг ошқозонига қон орқали паразитлар тушади ва бир неча кун мобайнида ривожланади. У юқумли паразит ташувчисига айланади. Соғлом одамни чаққанда чивиннинг сўлаги орқали инфекция одам танасига тушади ва маълум муддат ичида касаллик белгилари пайдо бўлади.
Безгак чивинлари сувда ва ҳавода ҳаёт кечиради. Шароит ва ҳарорат қулай бўлса, 10 - 20 кун ичида ривожланиб вояга етади Сўнгра аҳоли яшайдиган ҳудудларга қон сўриш учун учиб боради. Танасида янги авлод етиштираётган урғочи чивинларгина қон билан озиқланади. Бунинг учун 3 км гача бўлган масофани босиб ўта олади. У икки ой давомида касаллик юқтириш қобилиятига эга бўлади. Безгак чивинлари асосан соҳили ботқоқлашган сув ҳавзалари, шолипоялар, ахлат чиқиндилари тўпланиб қолган, турғун сувли ёки оқими секин ариқлар, ишдан чиққан сув қувурлари, ичимлик сувини беҳуда оқиб ётиши натижасида вужудга келган сув ҳавзалари - кўлмакларда кўпаяди.