Соғлик инсон ҳаётида муҳим роль ўйнайди. Аҳоли саломатлигининг 40-50 фоизи ҳаёт тарзига боғлиқ бўлиб, зарарли одатлар, нотўғри овқатланиш, алькогол ва тамакини меъёридан ортиқ қабул қилиш, кўп ўтириш, кам ҳаракатлилик, руҳий зўриқишлар турли касалликларга, жумладан, юрак қон-томир, нафас олиш ва эндокрин тизими касалликлари, ошқозон-ичак функцияларининг бузилишига олиб келади.

ЖССТ маълумотига кўра, жисмоний фаоллик камлиги оқибатида дунё бўйича йилига 5 миллион киши ҳаётдан кўз юмади. Бу коронавирус пандемияси бошланганидан буён мазкур хасталикдан вафот этганлар сонига тенг. Ана шу рақамларнинг ўзиёқ соғлом турмуш тарзи нақадар муҳимлигидан огоҳ этади.

Жисмоний машқларни мунтазамлик асосида ва иложи борича очиқ ҳавода бажариш керак. Бадантарбиядан олдин организмни жисмоний чиниқтириш зарур. Бунинг учун турли чиниқтирувчи муолажалар, жисмоний машқлардан фойдаланиш тавсия этилади. Айниқса, қуёшда, ҳавода ва сувда чиниқишнинг самараси катта.

Бундан ташқари, пиёда юриш ва югуриш - жисмоний фаол ҳаёт кечиришнинг энг фойдали усулларидан бири. Бундай машғулотлар танамизни бақувват, чидамли ва кўркам қилади. Оёқ мушакларини мустаҳкамлайди. Қолаверса, қон айланиш ва иммун тизимини яхшилайди.

Пиёда юриш шамоллаш ва юрак касалликларини енгишга ҳам ёрдам беради. Яёв юрганда гавданинг барча мускуллари ҳаракатга келади. Юриш ички органларга ҳам таъсир ўтказмай қолмайди, уларнинг фаолиятини кучайтиради, натижада организмда моддалар алмашинувини яхшилайди. Яна бир жиҳати, у юрак томирларини, шунингдек, нафас ва асаб тизимини машқ қилдиради.

Пиёда юриш инсонга деярли жароҳат етказмай, шикастланишларсиз организм имкониятларини ривожлантиради. Юриш вақтида организмга тушадиган жисмоний юклама юқори интенсивликда эмас ва бу турли жароҳатлар, чарчаш ҳолатлари келиб чиқишининг олдини олади. Бундан ташқари, юриш тезлиги ва йўл паст-баланд­лигини ўзгартириб, юкламани ҳар ким ўз индивидуал имкониятидан келиб чиққан ҳолда ошириши ёки пасайтириши мумкин.

Пиёда юриш ҳар қандай ёш ва жинсдаги инсон учун табиий, одатий, физиологик юклама туридир. Юриш вақтида бажариладиган ҳаракатлар ритмик ва цикл билан такрорланиши, яъни баъзи мушаклар бўшашиши ва бошқаларининг қисқариш кетма-кетлиги ажо­йиб самара беради.

Инсон қанча пиёда юргиси келса, шунча юриши ва масофани ҳар куни ўртача 100 қадамдан ошириб бориши зарур. Шунчаки юрмай, йўл-йўлакай шахсий ишларни битириш, яқинлар, дўстларни йўқлаш мумкин. Қолаверса, бу машғулотга фарзандлар, набираларни ҳам чорлаш керак. Энг муҳими, бу жараёндан роҳат олиш, яъни пиёда юришни организмни қийновчи машғулот сифатида қабул қилмаслик лозим.

Пиёда юрганда - инсон кайфиятини кўтарилади ва организмнинг умумий ҳолати яхшиланади. Қондаги холестерин миқдори мўътадиллашиб, атеросклероз ривожланиши хавфи камаяди. Инфаркт ва инсультнинг олди олинади. Асаб тизимини тинчлантиради.    Овқат ҳазм қилишни яхшилайди. Организмнинг касалликларга чидамлилиги ошади. Умрни узайтиради.Қариш жараёнини секинлаштиради. Мия фаолияти фаоллашади. Ҳаёт тарзингиз ўзгаради.

Қисқаси, пиёда юриш кони фойда. Уни одат қилган инсон соғлом ва фаол ҳаёт кечириши табиий. Шундай экан, яёв юриш турмуш тарзингизнинг ажралмас қисмига айлансин.

Дилором МАМАТХОНОВА,

ВССБ бош мутахассиси.