турлари, белгилари, сабаблари ҳақида
Баъзилар ҳар тонгда илиқ ванна қабул қилишни хуш кўради. Айримлар эса эрталаб сочини ювиб, ишга ёки ўқишга боришга одатланган. Бироқ қишнинг совуқ кунларида сочни қуритмасдан ёки юпун кийинган ҳолда кўчага чиқиш нафас йўллари касалликларини келтириб чиқариши мумкин. Гайморит ана шундай хасталиклардан биридир.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати гайморит ва унинг турлари, белгилари ҳамда касаллик сабабларига доир саволлар билан олий тоифали шифокор Равшанбек УМАРОВга мурожаат қилди.
- Гайморит қандай хасталик ва унинг неча тури мавжуд?
- Гайморит - параназал (бурун ён, юқори жағ бўшлиғи) синус шиллиқ қаватининг жуда кенг тарқалган яллиғланиш касаллиги бўлиб, одатда уларда йирингли секрециялар тўпланади. Шуни айтиш керакки, бурун ва паранасал синус касалликлари юқори нафас йўлларининг энг кенг тарқалган паталогияси ҳисобланади. Унинг кечиши оғирлигига қараб, ўткир ва сурункали турларга бўлинади. Гайморит кўпинча куз-қиш даврида, инсон танаси заифлашганда ва касалликни қўзғатувчи бактерияларга қарши тура олмаганида аниқланади.
Ушбу касаллик боғча ёшидаги болаларда учрамайди. Чунки кичкинтойларда 7-8 ёшга келибгина гаймор бўшлиғи ҳосил бўлади. Бу хасталик асосан ўсмир ёшидаги йигит-қизларда ва 30-50 ёш атрофидаги инсонларда кузатилади.
- Касалликнинг ривожланишига қандай омиллар сабаб бўлади?
- Кўпинча гайморит такрорий ва узоқ муддатли бурун оқиши ва совуқ қотишдан кейин ривожланади. Бурун бўшлиғига кирган грипп вируси, ЎРВИ инфекциялари, кўк йиринг таёқчалари касалликни қўзғатади.
Бундан ташқари, яна бир неча омиллар гайморитни келтириб чиқариши мумкин. Жумладан:
- аллергик хасталиклар;
- юқори жағ тишлари касалликлари;
- ринит (бурун йўллари шиллиқ қавати шамоллаши) билан кечувчи аллергик реакциялар;
- бурун бўшлиғининг анатомик хусусиятлари;
- иммунитетнинг пастлиги;
- аденоидларнинг ҳаддан ортиқ ўсиши ёки полипларнинг шаклланиши;
- сил касаллиги ва неоплазмалар;
- сурункали инфекциялар - фарингит (ҳалқум шамоллаши), тонзиллит ва ҳоказо.
- Гайморитга чалинган беморларда қандай белгилар кузатилади?
- Одатда ушбу касаллик билан оғриётган беморда пешона, кўз атрофлари ва бурун ён томонлари ва жағ қисмида қаттиқ оғриқ кузатилади. Айниқса, пастга эгилганда оғриқ янада кучаяди.
Шунингдек, бурундан нафас олишдаги муаммолар, яллиғланган синуслар соҳасидаги шишлар, ҳид билмаслик, уйқунинг бузилиши, кечаси ва эрталаб кучаядиган қуруқ рефлексли йўтал, бурундан йиринг оқиши, доимий бош оғриғи ҳамда тана ҳароратининг кўтарилиши ушбу касалликнинг асосий белгилари ҳисобланади.
(Давоми бор.)
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.