Ботулизм лотинча ботуус сўзидан олинган, одам ва ҳайвонлар (айрим сут эмизувчилар)да учрайдиган ўткир юқумли касалликдир. У ов­қатдан бўладиган токсикоинфекциялар гуруҳига киради.

Ботулизм (Cлостридиум ботулинум) бактериялари билан ифлосланган овқатлар истеъмол қилинганда юзага келади. Бу касаллик қўзғатувчилари табиатда кенг тарқалган, унинг чидамли (спорали) ва чидамсиз (вегетатив) хиллари кўп учрайди. Спорали тури ташқи муҳитда йиллаб сақланиши мумкин; у тупроқдан сув, мева, сабзавот, озиқ-овқат, ем-хашакка ўтади. Кейин аста одам ва ҳайвонлар ичагига тушиб, сўнгра нажас билан ер юзига тарқалади. Ботулизм микроби фақат анаэроб (ҳавосиз) шароитда ривожланади. Шу сабабдан консерва қилинган, тузланган, дудланган маҳсулотлар ва колбасага тушиб қолган споралар анаэроб шароитда ўсиб, вегетатив шакл (бактериялар)га айланади. Улар ана шу шароитда кучли заҳар (экзотоксин)ни ҳосил қилади. Бу маҳсулотни истеъмол қилган одам касал бўлади.

Ботулизм токсини ичакда тез сўрилади, қонга ўтади ва бутун организм­га тарқалиб, асосан нерв системасини зарарлайди. Касаллик тўсатдан бошланади. Беморнинг боши оғрийди, тинкаси қурийди, кўзи тинади, лоҳасланади, кўнгли айниб, қусади. Уйқуси қочади, қорни оғрийди, оғзи қурийди, ташна бўлади, кўпинча қабзият кузатилади. Кейинчалик боши айланади, кўз хиралашади, қовоқлар салқийди. Бемор равон гапира олмайди. Ютиниш, нафас олиш фаолияти бузилади. Юрак ва нафас марказлари фалажланиши туфайли ўлим содир бўлиши мумкин.

Бемор фақат касалхонада даволанаши шарт. Унга қуйидагича замонавий даво усуллари қўлланиши мақсадга мувофиқ бўлади. Тезлик билан ботулизмга қарши зардоб юбориш зарур. Зонд орқали меъда ювилади. Хуқна қилинади. Юракни қувватлантирувчи дори-дармон қўлланилади. Нафас олиш изидан чиққанда сунъий нафас олдириш аппаратларини ўз вақтида қўллаш яхши наф беради.

Мен мутахассис сифатида яна шуни ҳам таъкидламоқчи эдимки, бу касаликнинг олдини олиш борасида оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда берилаётган мақола, чиқишлар, ташкилот, муассаса, олий ва ўрта махсус ўқув даргоҳлари, боғчалар, маҳаллаларда ўтказилаётган учрашувлар жараёнида керакли маслаҳатларимизни бериб келмоқдамиз. Аммо шунга қарамасдан айрим хонадонларда консерва тайёрлаш тартиб қоидаларига қатъий риоя этиш масаласига жиддий эътибор қаратилмаяпти. Ҳамон бозорларда, кўчма ошхоналарда, йўл четларида сотилаётган тузлама, калла-почча, хасип каби қатор сифати кафолатсиз озиқ-овқат сотиб олиш, уларни оила аъзолари билан танновул қилиш ҳолатларига йўл қўйилмоқда. Оқибатда, тез ёрдам хизматига хонадонлардан фуқароларнинг овқатдан заҳарланганлиги ҳақидаги чақирувлар келиб тушмоқда. Биргина ноқонуний савдо шахобчаларидан ўйланмай қилинган харид баъзида кимларнидир ҳаётдан бевақт кўз юмишига сабаб бўлмоқда.

Азиз ҳамюртлар!

Ўлкамизда зумрад қиш ҳукмрон. Шукроналар бўлсинки, юртимиз тинч, бозорларимизда тўкинчилик. Аммо, ана шу жойларда фойдаланиш муддати кафолатланган маҳсуотлар билан бир қаторда, аҳоли томонидан тайёрланган сифатсиз, ичида соғлигингизга зиён етказиши мумкин бўлган қўлбола озиқ-овқатлар ҳам сотилаётганини яхши биласиз. Шундай экан, огоҳ бўлинг. Ўйланмай қилинган савдонгиз орқасидан нафақат ўз соғлигингизни, балки оила аъзоларингиз ҳаётини ҳам хавф остига қўяётганингизни асло унутманг.

Давлатали ҚОСИМОВ,

Янги Наманган тумани СЭО ва ЖС бўлими бошлиғи.