Мана  бир неча ойдирки, Австрия, Бельгия, Буюк Британия, Германия, Дания, Исроил, Италия, Нидерландия, Чехия, Австралия, Миср ҳамда Жанубий Африка минтақаси каби ер юзидаги 89 та давлатда коронавируснинг янги "омикрон" штамми аниқланди. Масалан, Буюк Британия, Нидерландияда кунлик касалланиш кўрсаткичи 93 минг нафардан ҳам ошиб кетди. Шифохоналарда ўрин-жойлар етишмовчилиги  кузатилди. Натижада ҳар иккала мамлакатда локдаун ҳолати эълон қилиниб, фавқулодда тартиб жорий этилди. Озиқ-овқат дўконлари, рес­торан,  музей,  кинотеатр, спорт заллари ёпилди.Эпидемиологик вазият кескинлашганлиги муносабати билан,  яна қатор давлатларда, хусусан АҚШ, Австрия, Германия, Словакия, Россия Федерацияси ва Қозоғистонда қўшимча карантин чекловлари белгиланди.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикасида ҳам коронавирус инфекция­си, шу жумладан, унинг янги "омикрон" штамми тарқалишининг олдини олиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди. Мамлакатимизда коронавирус инфекциясига қарши иммунитетни ошириш мақсадида жорий йил 17   ноябрдан бошлаб тўлиқ эмланган фуқароларни бустер доза билан ихтиёрий эмлаш тартиби жорий этилди.

Шундан келиб чиқиб, Республика махсус комиссиясининг йиғилишида янги йил арафасида мамлакатимизда эпидемиологик вазиятнинг бар­қарорлигини сақлаб қолиш ва юртимиз ҳудудига коронавирус инфекция­сининг янги "омикрон" штамми кириб келишига йўл қўймаслик бўйича бир қатор масалалар кўриб чиқилди.

Эндиликда, 2021  йил 3  декабрдан 2022 йил 10 январга қадар Жанубий Африка Республикаси, Ботсвана, Намибия, Зимбабве, Мозамбик, Мадагаскар, Лесото, Эсватини, Танзания ва Гонконг билан  хал­қаро авиақатновлар (кириш, чиқиш ва транзит рейслар орқали республика ҳудудига кириш) тўхтатилди. Мазкур давлатларнинг фуқаролари ва ушбу давлатларда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек, сўнгги 14 кун давомида юқоридаги давлатларда бўлган учинчи давлат фуқаролари Ўзбекистон Республикаси ҳудудига киритилмайди.

Республика махсус комиссиясининг йиғилишида мамлакатимизда эпидемиологик вазият барқарорлигини сақлаб қолиш ва юртимиз ҳудудига коронавирус инфекциясининг янги "омикрон" штамми кириб келишига йўл қўймаслик мақсадида бир қатор янги тартиб ва чекловлар белгиланди. Жумладан,  хорижий давлатлардан Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрувчилар:

- мамлакатимизга ташриф буюришидан камида 72 соат олдин топширилган коронавирус инфекциясига ПЗР тест натижаси бўйича манфий кўрсаткичли маълумотномага эга бўлишлари лозимлиги;

- коронавирус инфекциясига ПЗР тест натижаси бўйича манфий кўрсаткичга эга маълумоти мавжуд бўлмаганда, аэропорт, темир йўл вокзаллари ва чегара ўтказиш пунктларида ташкил этилган коронавирус инфекциясига экспресс тест топширишлари шартлиги белгиланди.

Шунингдек:

- Республика махсус комиссиясининг қарори билан Австралия, Австрия, Бельгия, Буюк Британия, Германия, Дания, Исроил, Италия, Нидерландия, Чехия ва Миср давлатлари ҳудудидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келувчи йўловчилар юқоридаги талаблар бажарилгандан сўнг мамлакатимиз ҳудудига кириб келган кундан эътиборан ўн кун давомида мажбурий уй карантини ёки ўз ҳисобларидан меҳмонхонага карантинга жойлаштирилади.

Республика махсус комиссиясининг йиғилишида   яна шунингдек,  фуқароларга янги 2022 йил байрами тадбирларини имкон қадар оила даврасида ўтказиш тавсия этилди.

Хўш,  кўпчиликда бугун  дунё халқларини хавотирга  солаётган   коронавируснинг янги  штамми бошқаларидан  нимаси билан фарқланади? деган ҳақли савол туғилиши табиий. ЖССТ коронавируснинг Omicron штаммининг глобал хавфи ҳақида  деярли ҳар куни оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали  давомли огоҳлантирмоқда. Унга ўз вақтида қарши курашилмаса, зарур чора-тадбирлар қўлланилмаса, тез тарқалиб дунё аҳолисининг бошига яна  жиддий синовларни солиши мумкинлигини таъкидламоқда. Жанубий Африкалик шифокорнинг таърифлашича,  касалланишнинг  биринчи ва асосий белгилари одамнинг қаттиқ чарчаши ва бош оғриғида намоён бўлади, ҳарорат камдан-кам ҳолларда кўтарилади ёки томоқ оғрийди.

Бугун бутун дунё олимлари  коронавируснинг Omicron штаммига қарши вакцина яратиш борасида кенг кўламда ишлар олиб бормоқда. Япон олимлари  янги вакцина устида ишламоқда. Россиянинг COVID-19 га қарши вакцинаси коронавируснинг янги штаммига мослаштирилмоқда.  Бу давлатнинг тўғридан-тўғри инвестиция жамғармаси ҳамда  Гамалея маркази  хабар беришича, марказ томонидан янги Omicron штамми учун мослаштирилган "Спутник" вакцинасининг янги версиясини ишлаб чиқишни бошлади

Демак, дунё ҳамжамияти, шу соҳага масъул ташкилотлар  коронавируснинг янги  штаммига қарши кураш борасида  изланиб, зарур саъй-ҳаракатларни амалга оширяпти экан. Биз фуқаролар нима қилмоғимиз керак? Мен шу соҳанинг вилоятдаги бош мутахассиси сифатида ке­йинги  икки йилда бошимиздан ўтган оғир кунларни қалбдан ҳис этган ҳолда барчангизни қуйидаги амалларни бажаришга  чақириб қолган бўлардим.

Ҳурматли ҳамюртлар! Азиз  меҳмонларимиз! Сиз карантиннинг асосий қоидалари бўлмиш, ниқоб тақиш, оралиқ масофа сақлаш, антисептик воситаларидан доимий фойдаланиш  каби талабларига  риоя этишда давом этинг.  Коронавирус инфекциясидан сақланишнинг энг асосий  кафолати ўз вақтида  ўзингиз танлаган вакциналар билан эмланиш эканлигини доимо ёдингизда тутинг.

Маҳаммадсоли  ТОРАБЕКОВ,

вилоят СЭО ва ЖСБ бошлиғи.