Ўткир респиратор касалликлар - вируслар қўзғатадиган, келиб чиқиши бир-бирига ўхшаш ўткир инфекцион касалликларнинг умумий номи. Нафас йўллари (бурун, ҳиқилдоқ, кекирдак, бронхлар) шиллиқ пардалари, кўз шиллиқ пардаси - конъюнктивага зарар етиши билан кечади. Ўткир респиратор касалликларнинг қўзғатувчилрига аденовируслар, парагрипп вируслари, риновируслар ва бошқалар киради. Ўткир респиратор касалликларнинг айрим (спорадик) гуруҳлари кўпроқ кузатилади, лекин улар аҳолининг бутун бир гуруҳини ҳам қамраб олиши мумкин.
Ҳар қандай вирусли инфекция бемордан ҳаво-томчи (гаплашганда, аксирганда, йўталганда) йўли орқали юқади. Касаллик қўзғатувчи вируслар юқори нафас йўлларига (бурун, ҳиқилдоққа) тушади, шиллиқ парда (эпителий)нинг ташқи қаватидаги ҳужайраларга кириб, уларни емиради, бунда қўзғатувчиларнинг бир қисми нобуд бўлиб, заҳарли модда ажратади ва организмни заҳарлайди. Вирус сақловчи пўрсилдоқ ҳужайралар кўчиб тушади ва бемор гаплашганда, йўталганда, акса урганда тупук, бурун шиллиғи ва балғам билан ҳавога тушиб, атрофдагиларга юқади. Касаллик уй анжомлари (идиш-товоқ, сочиқ, ўйинчоқлар ва ҳ. к.)дан ҳам юқиши мумкин. Ўткир респиратор касалликларни шартли равишда мавсумий касалликлар деб аташ мумкин, чунки бу гуруҳ касалликлар кеч куз ва қишда кўпроқ кузатилади.
Аденовирус касалликларга аденовируслар сабаб бўлиб, улар антибиотиклар таъсирига чидамли, паст ҳароратда узоқ сақланади. Ультрабинафша нурлар, формалин ва фенолнинг 5 % ли эритмаси таъсирида нобуд бўлади. Организмга кирган аденовируслар 3-14 кун давомида (ўртача 5-7 кун) касаллик белгиларини пайдо қилмайди. Одатда, у аста-секин бошланади, беморнинг аҳволи ёмонлашади, интоксикация белгилари пайдо бўлади, иситма кўтарилади, дармонсизлик, бўшашиш, бош оғриғи, кўнгил айниш, баъзан қусиш аломатлари рўй беради. Касаллик гриппга ўхшаб бирдан бошланиши ҳам мумкин. Қатор ҳолларда иситма кўтарилиши билан бирга, одатда, узоқ муддатли тумов пайдо бўлади, қовоклар қизаради, кўздан ёш оқади, ютинганда томокда оғриқ сезилади. Бошқа ҳолларда азоб берадиган қуруқ йўтал, товушнинг бўғилиб қолиши, ҳаво етишмаслиги кузатилади . Баъзан меъда-ичак фаолияти бузилади (тез-тез ич кетади). Беморни уйда бошқалардан ажратиб қўйилади. Албатта, шифокор чақириш ва унинг буюрганларини қатъий бажариш лозим.
Парагрипп касалликларни парагрипп вируслари кўзғатади, улар 1-3 кундан кейин хона ҳароратида ўз фаоллигини йўқотади, лекин 4° ҳароратда яхши сақланади. Касалликнинг инкубацион даври 1-6 кун. Касаллик дармонсизлик, бироз тумов ва йўтал билан бошланади: тана ҳарорати сал кўтарилади, товуш бўғилиб қолади, томоқ ачишиб, бемор йўталади. 1-3 яшар болаларда шиллиқ парда шишиши сабабли ҳиқилдоқ тораяди, бунда нафас олиш тўсатдан қийинлашади. Бемор уй шароитида шифокор назоратида даволанади. Чақалоқларда ва бир яшар болаларда ўпканинг яллиғланиши (зотилжам), ўрта қулоқнинг яллиғланиши (отит) кузатилиши мумкин. Бундай ҳолларда болалар касалхонада даволанади.
Риновирус касалликларни риновируслар (бурун вируслари) кўзғатади. Касалликлар камдан-кам ҳолларда йил бўйи учраб туради, эпидемиялар бўлмайди. Инкубацион даври 2-3 кун. Дармонсизлик, тана ҳароратининг бироз кўтарилиши, бош оғриши, бурундан йиринг аралаш шилимшиқ (сариқ-яшил рангли) келиши, тумов, йўтал кузатилади. Чақалоқ ва гўдаклар бу касалликка берилувчан бўлади, хасталик уларда оғир ўтади ва турли асоратлар қолдириши мумкин.
Респиратор - синцитиал вирусли касалликни синцитиал вирус келтириб чиқаради, у хона ҳароратида тез ҳалок бўлади. Тана ҳарорати 38-39° гача кўтарилади, йўтал, тумов пайдо бўлади. Бронхит бўлиши мумкин. 1 ёшгача бўлган болаларда, кўпинча, оғир зотилжам кузатилади. Бунда болалар касалхонада даволанади.
Ўткир респиратор касалликлари билан оғриган беморни уйда даволганда алоҳида хонага ётқизилади. Парвариш қилаётган оила аъзолари оғиз-бурнига дока ниқоб тақиб юришлари керак. Бемор ётган хонани тез-тез шамоллатиб, кўрпа-ёстиқ жилди, чойшабни мунтазам алмаштириб туриш зарур. Беморнинг ҳарорати кўтарилгудек бўлса, уни яхшилаб ўраб-чирмаб, лимон, малина солинган иссиқ чой бериш, иложи борича кўпроқ суюқлик (чой, морс, компот, шарбат ва ҳ. к.) ичириш лозим. Овқат енгил ҳазм бўладиган ва оқсилга бой (гўштли ва балиқдан қилинган котлетлар, творог, сабзавотлар, ҳўл мевалар) бўлиши зарур. Бемор учун алоҳида идиш-товоқ тутиш лозим. У ётган хонани ва мебелни кунига икки маҳал нам латта билан артиб турилади.
Илҳомжон ТОЖИБОЕВ,
вилоят юқумли касалликлар
шифохонаси бош врачи.
Отабек НУРИДДИНОВ,
врач-инфекционист.