Грипп. Часто задаваемые вопросы

Грипп - энг кенг ва тез  тарқаладиган ўткир юқумли касаллик бўлиб, деярли дунёнинг барча мамлакатларида учрайди. Бу касаллик учун мавсумийлик хос бўлиб, асосан куз ва қиш ойларида авжга чиқади. Касаллик кўрсаткичларининг мавсумий кўтарилиши йилнинг ноябрь - март ойларига тўғри келади. Грипп вирусининг А, В ва С турлари мавжуд. Касаллик манбаи фақат бемор одам ҳисобланади. Касаллик атрофдаги соғлом одамларга асосан ҳаво-томчи йўли билан бемор аксирганда, йўталганда, гаплашганда юқади.  Ҳавода сақланиб турган  вирус соғлом одамга тезда юқади.

Касалликнинг биринчи белгилари пайдо бўлгунга қадар бир неча соатдан 3 кунгача вақт ўтади. Касаллик тўсатдан, ўткир бошланади. Барча ёшдагиларда, айниқса заиф болалар, кекса  кишилар, ҳомиладор аёллар ҳамда сурункали хасталиклари бўлганларда, яъни иммунитети пастларда тез ривожланади ва оғир кечади.  Грипп нафас йўлларини  яллиғланиши билан бошланиб, кейинчанлик  беморда тана ҳарорати 38-40 даражага кўтарилиши, бош  ва томоқ оғриши, бурун битиши, бурундан суюқлик ажралиши, йўтал, мушакларда  оғриқ, ҳолсизлик, иштаҳа бузилиши,  қусиш холатлари кузатилади.

Касаллик беморларда  енгил, ўрта ва оғир шаклларда кечади.  Касалликнинг  энг хафли асоратлари: ўпка тўқималарини яллиғланиши - пневмония (зотилжам), менингит (мия пардасининг яллиғланиши), менингоэнцефалит (мия пардасини ва моддасининг яллиғланиши), отит (ўрта қулоқнинг яллиғланиши, синусит (бурун ёндош бўшликларнинг яллиғланиши), неф­рит, пиелонефрит (буйракнинг яллиғланиши).     Шунинг учун ҳам халқ орасида "Гриппнинг ўзи эмас,  асоратлари ёмон" деган фикр бежиз айтилмаган.  Баъзан, яъни  гриппнинг енгил шакллари билан оғриган беморлар атрофдагилар учун кўпроқ хавф туғдиради, чунки бундай беморлар аксарият ҳолларда уйида даволанмасдан, касаллигига етарли даражада эътибор бермай, оёқда ўтказадилар. Уларни  касал  ҳолатида  жамоат  жойларда, барча  транспортларда, ўқиш  ва  иш жойларда  учратиш  мумкин.

Гриппни олдини олишда қуйидагиларни тавсия этамиз :

-   гриппга қарши эмланиш;

-  мавсумга хос кийиниш;

-  ўз вақтида овқатланиш ва дам олиш;

-  хоналарни вақти-вақти билан шамоллатиб туриш ва кунда намли тозалов ишларини ўтказиш.

-  грипп ва ўткир респиратор касалликларига гумон қилинган болаларни изоляторга жойлаштириш ҳамда ота-онасига ва худудий поликлиникага хабар бериш;

-  грипп ва ўткир респиратор касалликларга гумон қилинган беморларни парвариш қиладиган ходимларни респиратор (ниқоблар) билан таъминлаш;

-  ўқув-тарбия муассасаларида танаффус пайтида шамоллатиш тартибини ташкил қилиш;

-  мактабгача тарбия муассасаларида ҳар куни болаларни камида икки маротаба тоза ҳавога сайр­га чиқариш.

Касалликнинг олдини олишда танани чиниқтириш, бадантарбия билан мунтазам шуғулланиш, очиқ ҳавода юриш, ўз вақтида овқатланиш алоҳида аҳамиятга эга. Совуқ кунларда иссиқ кийиниш, албатта бош кийим кийиш, оёқларнинг иссиқ бўлиши ғоят муҳим. Касаллик авж олган пайтда (декабрь, январь, февраль)  ойларида нафақат эпидемик жиҳатдан муҳим бўлган корхоналар ва ташкилотлар ишчи-хизматчиларига, балки барча фуқароларимизга ниқоб тақиш тавсия этилади.

Касаллик қандай бўлишидан қатъий назар, инсон саломатлиги ва турмуш фаровонлигига жиддий путур етказади. Шу боис, соғлигимизга бўлган масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда, мавсумий касалликлардан эҳтиёт бўлайлик. Унутманг, касалликни даволагандан кўра, унинг олдини олган афзал.

С. ҚОДИРОВА,

Давлатобод  тумани СЭО ва ЖСБ врач-эпидемиологи.