Ҳозирги вақтда ОИВ инфекцияси бутун инсоният ҳаётига тахдид қилаётган юқумли касалликлардан бири бўлиб қолмоқда. Унинг олдини олиш самарадорлигини ошириш ғоят муҳим вазифадир.

Бугунги долзарб муаммолардан бири - ОИВ/ОИТС ҳақидаги тушунча аҳолини ҳар бир қатламига чуқур етиб бормаётганида, деб ўйлаймиз. Шу боис, биз керакли маълумотларни эслатмоқчимиз. ОИВ вируси юққандан сўнг зарарланган одам 5-10 йилгача соғлом одамдай ҳаёт кечириши мумкин. Лекин ўзи билмаган ҳолда вирусни бошқаларга юқтириш эҳтимоли юқори бўлади.

ОИВ инфекцияси қуйидаги йўллар билан юқади:

- Жинсий мулоқот орқали, яъни ҳимоясиз пала-партиш алоқа қилганда;

- Қон орқали, яъни вирус билан зарарланган қон ва қон маҳсулотлари, стерилланмаган тиббиёт асбоблари, соқол олувчи, таутировка ва косметик асбоблардан, айниқса битта шприц орқали бир неча киши гиёҳванд моддаларни қабул қилганда;

- Онадан болага - ОИТС билан оғриган онадан болага ҳомила орқали, туғиш жараёнида ва эмизганда сут орқали.

ОИВ инфекцияси қайси ҳолларда юқмайди? деган савол ҳам ўз-ўзидан туғилиши мумкин.

Касаллик умумий идиш-товоқдан фойдаланганда, қучоқлашиб кўришганда, йўталганда ва аксирганда, умумий хожатхонадан фойдаланганда, бирга чўмилганда, ички ва сиртқи кийимлардан фойдаланганда, ҳашаротлар чаққанида юқмайди.

ОИВ касаллигининг ОИТСга хос айрим белгилар бор, бу лимфа тугунларнинг катталашуви, бир ойдан ортиқ сабабсиз иситмалаш, тана вазнининг камайиб кетиши, юқори нафас йўллари касалликларининг тез-тез қайталаниши, теридаги ҳар-хил тошмали касалликлари ва бошқалар. Агар ўзингизда ва бошқа яқинларингизда ушбу белгилар пайдо бўлса, кўнглингиз тўқ бўлиши учун ҳам яшаш жойидаги шифокорга мурожаат қилиб, керакли маслаҳат олиб, ўзингиз хоҳлаган тиббиёт муассасасида ОИВ касаллигига бепул текширтиришингиз мумкин.

Ҳозирги вақтда ОИВ касаллигини даволайдиган махсус дори-дармон афсуски йўқ. Ишлаб чиқарилаётган ретровирусларга қарши дори-дармонлар ОИВ вирусини кўпайишининг олдини олиб, бемор умрини узайтиради, холос. Шунинг учун ҳар бир одам оилада, жамиятда соғлом турмуш тарзига амал қилса, ахлоқан ва маънавий пок бўлса, гиёҳвандлик, майпарастлик, фоҳишабозлик ва бошқа иллатлардан йироқ юрса ўзи, оиласи, жамиятни ОИВ касаллиги ва бошқа юқумли касалликлардан асраган бўлади .

Мабодо, ўзингизга ОИВ юқиб қолди, деб ўйласангиз нима қилиш керак? Бундай ҳолларда энг аввало, тушкунликка тушмасдан Наманган шаҳри, Давлатобод тумани,       Ғалаба кўчаси, 4-уйда жойлашган вилоят ОИТСга қарши кураш маркази ва барча туман тиббиёт муассасалари қошидаги аноним хоналарига мурожаат қилинг.

А. МЎЙДИНОВ,

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали

госпитал эпидемиологи.

А. НОРБОЕВ,

вилоят ОИТС га қарши кураш маркази бош врачи ўринбосари.