Грипп ўткир юқумли касаллик. У юқори нафас йўлларининг зарарланиши билан кечади, аҳоли ўртасида тез ва осон тарқалади. Асосий манбаи бемор ҳисобланиб, ҳаво томчи йўли орқали юқади. Бемор нафас олганда, акса урганда, йўталганда миллионлаб вирусларни ҳавога ажратади.
Грипп асосан куз-қиш-баҳор ойларида кўпроқ учрайди. У билан барча ёшдаги кишилар касалланади. Айниқса, нимжон болалар, кекса ёшдагилар, ҳомиладорлар ҳамда сурункали хасталиги бўлган шахслар осонгина гриппга чалинадилар.
Беморлар, албатта, ётишлари лозим. Ўзбилармонлик билан ҳар-хил дориларни истеьмол килиш касалликнинг узайишига омил бўлади. Шифокор маслаҳатисиз антибиотиклар бериш мумкин эмас. Чунки антибиотик вирусга таъсир қилмайди. Шифокор кўргунига қадар унга кўпроқ суюқлик, кўк чой, лимонли ва малинали чой, наъматак дамламасини ичириш лозим. Тана ҳарорати кўтарилса, парацетамол ёки антигриппин таблеткасини бериш ҳам мақсадга мувофиқдир.
Беморнинг овқатланиш рационида ёғсиз гўшт ва гўштли қайнатма шўрва, сабзавотли, мевали ва дуккакли маҳсулотлардан тайёрланган ёрмалар, ҳар хил витаминларга бой салатлар (саримсоқ ва пиёздан кўпроқ фойдаланилган ҳолда), сут маҳсулотларидан қатиқ, творог бўлиши керак. Улар вирусларни тезроқ йўқотилишига ёрдамлашади.
Грипп вируслари мутацияга учрайди. Шунинг учун ҳар йили турли штаммлари тарқалиши мумкин. Мавсумий гриппга қарши вакциналар ҳар йили янгиланади ва шу даврда тарқалаётган вируслардан ҳимоя қилади.
Гриппга қарши эмлаш унинг олдини олиш ва жиддий оғир асоратлар ва ҳатто ўлим хавфини камайтириш учун энг яхши воситадир. Вакцинанинг самарадорлиги йилдан йилга ўзгариб туриши мумкин. Бу айланиб юрувчи вирус турлари ва эмлаш компонентларига боғлиқ. Бундан ташқари, самарадорлик эмланган одамнинг соғлиғи ва ёши, шунингдек, эмлашдан кейинги вақтга боғлиқ. Гриппга қарши иммунитет эмлашдан тахминан 14 кун ўтгач шаклланади.
Алишер АРИПОВ,
ВБКТТМ реанимация
бўлими мудири