Артериал гипертония - қон босимини нормадан ортиқ кўтарилиши бўлиб, одам соғлом турмуш тарзига амал қилмаслиги натижасида келиб чиқади. Бундай гипертонияда систолик артериал босим 160 мм симоб устунидан юқори, диастолик босим 90 мм. симоб устунидан паст бўлади. Сўнги йилларда бу касаллик кексалар орасида кўпаймоқда, уларни ногирон қилмоқда, нохуш оқибатларга олиб келмоқда. Диастолик қон босимига нисбатан систолик қон босимининг юқори бўлиши юракнинг ишемик касаллигини ривожланишини тезлаштириб, ўлимни 4 баравар кўпайтиради (Ж. Д. Кобалева).

Систолик қон босимининг кўтарилиши аслида аорта ҳамда артерия томирларининг ички деворларидаги атеросклеротик ўзгаришларга боғлиқ бўлади. Бу босим яна артерия томирларининг кенгайиб-торайиши, юракнинг зарб ҳажми, томирлардан қон оқимига қаршилигининг ўзгаришидан келиб чиқади. Аорта томирининг ҳамда марказий артерия томири деворларининг қалинлашуви ёш улғайган сари ортиб боради. Томир деворларининг эластиклиги пасаяди. Томир деворларида бириктирувчи тўқима ривожланиши, кальций тузларининг тўпланиши кузатилади. Кузатишлар шуни кўрсатадики, баъзи бир кишиларда аорта томирининг атеросклерози ривожланган бўлсада, систолик гипертония кузатилмайди (Г. Г. Арабидзе).

Гипертониянинг систолик турини аниқлашда қон босимини Коротков усулида уч марта ўлчаб, ўртача кўрсаткичини олнш керак бўлади.

Систолик қон босими кўрсаткичидан диастолик қон босими кўрсаткичи айирилса, пульс босими кўрсаткичи чиқади. Пульс босими систолик гипертония касаллигида юқори бўлади. Бу эса юрак фаолиятининг минутлик ҳажмига ҳамда қон айланишида периферик томирларнинг қон оқими қаршилигига боғлиқ. Систолик гипертония пульс босими ошишига ҳам боғлиқ бўлади. Пульс босими 60 мм симоб устунидан юқори бўлса, юрак-томир тизимида асоратлар кўпаяди.

Кўпинча қон босими 160-200 / 60-90 мм. симоб устунига тенг бўлади. Қон босими кун бўй ўзгариб туриши ҳам мумкин, кечки уйқу вақтида эса пасаяди. Яна турли салбий таъсирлар натижасида ошиши мумкин. Систолик гипертонияга чалинган кишиларда кўпроқ бошда шовқин, бош айланиши, беҳоллик, чарчаш кузатилади. Юрак атрофида оғриқ, юракнинг тез уриши, ҳаво етишмаслиги, хансираш, юрак ритмининг, уйқунинг, кайфиятнинг бузилиши кузатилади.

Систолик қон босими юқори бўлган кексаларни даволашда, систолик кон босимининг юқорилик даври, нишондор аъзоларнинг шикастланиш даражаси, уни келтириб чиқарувчи омиллар, йўлдош касалликлар борлиги (қандли диабет, аритмиялар, юрак-томир етишмовчилиги, ўпка касалликлари) га эътибор бериши керак. Бу ҳолатларни тўғри аниқлаш систолик гипертония касаллигини симптоматик гипертониядан фарқлашда муҳим аҳамиятга эга.

Систолик гипертонияни даволашда ҳозирги кунда гипертония асоратланмаган бўлса, дори-дармонсиз даволашга аҳамият берилмоқда, яъни беморларни доимо кузатиш, ош тузини камроқ истеъмол қилиш, жисмоний зўриқишдан сақланиш, чекмаслик, спирт­ли ичимликларни истеъмол қилмаслик ва ўз вақтида дам олиш тавсия килинади. Қон босимни бирданига тушириш мумкин эмас.         Систолик қон босимини туширишда диуритиклар фойдали (гипотиозид, фуросемид, қонда плазма ҳажмини, юракнинг зарб хажмини камайтиради, систолик қон босимини туширади).

Хулоса шуки:

- Систолик гипертонияси бор беморларда инсульт,миокард инфаркти, юрак етишмовчилиги каби асоратлар келиб чиқади, шунинг учун бу асоратлар келиб чиқишининг олдини олиш керак.

- Систолик гипертония томирлар атеросклерозининг ривожланишига боғлиқ эмас.

- Систолик гипертонияда қон босими кун бўйи ўзгариб туради ва кечки уйқу вақтида пасаяди.

- Систолик гипертонияни эрта аниқлаб, асоратланмаган бўлса, дори - дармонсиз даволаш мумкин, ош тузини кам истеъмол қилиш, жисмоний зўриқтирмаслик, вактида дам олиш лозим.

- Систолик гипертонияда қон босимни бирданига тушириш мумкин эмас.

- Систолик қон босимини туширишда диуритиклар фойдали бўлиб, гипотиозид, фуросемид, қонда плазма ҳажмини, юракнинг зарб ҳажмини камайтиради, систолик қон босимини туширади.

Раъно ИНАТУЛЛАЕВА,

Наманган давлат университети ўқитувчиси.

Наима ХОДЖАЕВА,

Чортоқ Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникуми

ўқитувчиси.