Мана, ёзнинг биринчи ойи - июнь ҳам поёнига етмоқда. Саратон ҳам кирди. Бу паллада турли мевалар, сабзавотлар, полиз маҳсулотлари пишиб етилади. Дастурхонларимиз янада тўкинлашади.
Албатта, улар юртимизнинг дармон дорилари - шифобахш табиий витаминларидир. Қанча есак ҳам тўймаётгандек сезамиз ўзимизни. Нафсимизнинг сўзига кириб, ҳатто шошиламиз, яъни ювиб, тозалаб, арчиб истеъмол қилиш ўрнига шунчаки артиб дарров оғзимизга солишдек одатимизни тарк этолмай қоладиган маҳалларимиз ҳам бўлади. Айниқса, болаларда юз беради шундай ҳолат. Оқибатда диарея азобини тортишга тўғри келади. Чунки мева-сабзавоту полиз маҳсулотларига чанг - ғуборлар, микроблар қўниб олган бўлади-да.
Диареянинг халқона атамаси ичбуруғ, ичкетар дейилади. Номидан ҳам кўриниб турибди. Юқумли бўлган ушбу мавсумий хасталикка ким чалинса, унинг қорни бураб оғрийди, ич қилиш учун хожатхонага тез-тез чопади. Кўнгли беҳузурланади. Охири ҳолдан тойиб, сулайиб қолади. Агар бепарво қаралса, оқибати уқубатли...
Врач сифатида айтадиган бўлсам, диарея аломатлари юз берганида зудлик билан касалликка қарши даво чораларини кўриш зарур. Шунда зўрайиб кетишига йўл қўйилмайди. Вақтида дарддан фориғланасиз. Энг муҳими, асоратидан кейин ҳам озор чекиб юрмайсиз. Энди касалликдан даволаниш ҳақидаги маълумотларни билиб олсангиз, ўзингизни ҳам, фарзандларингизни ҳам соғлом юришига асқотади, деб ўйлайман.
Диарея ични суюлтиради, еганлардан ични бўшатишдан ўзга чора йўқ. Лекин бу етарли эмас. Касаллик илашган чоғида беморда сув ва натрий, кальций, биокарбонатлар кескин камайиши рўй беради. Болаларни даволашда учта асосий элемент мавжуд. Бу-регидирацион терапия, перорал глюкозали-тузли аралашмани қўллаш ҳамда рух перепаратини қўшиб овқатлантиришни давом эттиришдан иборат.
Бола соғлом ривожланишида рух асосий ўринда туради. Мазкур микроэлемент кўп миқдорда сув йўқотилгани учун жуда-жуда зарур. Қўшимча рух бериш касалликнинг давомийлигини, оғирланиш жараёнини бартараф этишга олиб боради. Яна бир билиб қўшиш муҳим бўлган ҳолат -диарея хуружида овқатланишнинг камайиши кузатилади. Озиқ-овқатларнинг ҳазми ёмонлашиши микроэлементларга эҳтиёжни орттиради. Боланинг вазнинг йўқола бошлайди, ҳатто ўсишдан тўхташи мумкин.
Булардан кўринадики, микроэлементларга бой озиқ-овқатларнинг фойдаси катта бўлади. Ўткир ва чўзилувчан ёки дизентерия билан оғриган кичик ёшдаги болаларга диареяга қарши ва қайт қилишнинг олдини олиш учун шифокор маслаҳатисиз дори-дармонлар қўллаш тавсия этилмайди. Ҳар бир ота-она фарзандлари соғлом юриши учун ўзлари истеъмол қилаётган мева-чевалар, полиз маҳсулотлари тозалиги, сифатига эътибор берсалар, болалар диареяга чалинишларининг олдини олган бўлади.
Абдуллажон ЮНУСОВ,
врач-инфекционист.