Аллергия атроф-муҳитнинг аллергенлар деб аталувчи баъзи омиллари (кимёвий моддалар, микроблар ва уларнинг ҳаёт фаолияти давомида ҳосил бўладиган маҳсулотлар, озиқ-овқатлар, дарахт ва гуллар чанглари ва бошқалар) таъсирига организмнинг сезгирлиги билан характерланади. 1902 йилда веналик олим К.Паркет дифтерия (от) зардоби такрор инъекция қилинганидан кейин болаларнинг нима учун касал бўлиб қолиши устидан биринчи марта изланиш олиб борди. Зардоб касаллигининг клиник манзарасига амал қилиб, аллергия қонунини аниқлади. Шундай қилиб аллергия тушунчаси XX аср врачларига маълум бўлди.

Ҳозирги кунда аллергик касалликлар (бронхиал астма, эшакем, аллергик тумов, дерматитлар, дори ва озиқ-овқатдан бўладиган аллергиялар) тез-тез учраб турибди. Шунингдек, аллергик тумов ҳам аллергик касалликлар турига киради. У кўпроқ баҳор ва куз фаслларида, дарахт ва ўсимликлар гуллаганда кузатилади.

Касаллик кўпинча шувоқ, эрман, исмалоқ, шўра каби ўсимликлар сабабли келиб чиқади. Уй, кўча ҳамда корхона чанглари нафас йўлига таъсир этиб, тумов аломатларини пайдо бўлишига олиб келади. Асабийлик, уйқусизлик, меҳнат ва дам олиш режимининг бузилиши ҳам организм қувватини камайишига олиб келади ва тумов белгилари пайдо бўлишида катта рол ўйнайди.

Мазкур касалликда беморлар бурун битишидан, гоҳида тўхтовсиз бурун оқишидан ҳамда нафас олиш қийинлашишидан нолийдилар. Бундан ташқари, беморларда бурун қичишиши, кўздан ёш оқиши, эрталаб кўз оқи атрофидаги шиллиқ пардаларда йиринг тўпланиши, аксириш каби клиник белгилар номоён бўлади. Беморларни бош оғриғи, базан қуруқ йўтал, сержаҳллик, чарчоқ безовта қилади. Аллергик тумов ҳаво қуруқ, иссиқ бўлиб, шамол эсиб турган пайтларда зўраяди ва аксинча ҳаво бир оз намроқ бўлганда ёки эрталабки пайтларда камаяди. Хасталикнинг қанчалик оғир ёки енгил кечиши ўсимликлар чанги миқдорига, мавсумга ва ҳар бир бемор организмининг чанг­га нисбатан сезгирлигига боғлиқ бўлади.

Тумовнинг олдини олишда организмни чиниқтириш жуда муҳим рол ўйнайди. Чиниқиш мақсадида ҳаво ва қуёш ванналари, сув муолажалари, спортнинг қишки ва ёзги турлари билан мунтазам шуғулланиш тавсия этилади. Чанг тўзонли ва газли шароитларда ишлайдиган кишилар ҳимоя маскалари (респиратор)лардан фойдаланишлари зарур.

С. СУПИЖАНОВА,

С. ҒОЗИЕВА,

Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси

Наманган вилоят ҳудудий бўлинмасининг мутахассислари.