Республикамизда силнинг олдини олиш ва даволаш учун Қонун, Вазирлар Маҳкамасининг бир қатор қарорлари, Давлат дастурлари ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг буйруқлари ишлаб чиқилган. Уларнинг ҳаётга тадбиқ этилиши натижасида касаллик республика ва вилоятимизда йилдан-йилга кескин камайишига эришилди.
Вилоятимизда сил касаллигини барвақт аниқлаш учун барча имкониятлар мавжуд. Ҳозирги кунда вилоятимиздаги барча шаҳар ва туман марказий поликлиникаларида, қишлоқ врачлик пункларида балғам йиғиш хоналари ташкил этилиб, зарурий тиббий жиҳозлар билан таъминланган. Бундан ташқари шаҳар ва туман марказий поликлиникаларида рентген-флюорография аппаратлари узлуксиз ишлаши йўлга қўйилган. Юқорида келтирилган шикоятлари бор бўлган шахслар ўзи яшаб турган ҳудуддаги тиббиёт муассасасига мурожаат қилиши ва 2 маротаба балғам тахлилларини топшириши ёки флюорография текширувидан ўтишлари лозим. Олинган балғам намуналари жойларда ташкил этилган ва юқори сезгирликга эга бўлган бинокульяр микроскоплар билан таъминланган бактериоскопия лабораторияларга тиббиёт ходимлари томонидан етказилади ва текширилади. Балғамида сил таёқчаси аниқланган беморлар жойлардаги силга қарши кураш диспансерларида кенгайтирилган текширувдан ўтади.
Соғлиқни сақлаш тизимида ҳозирги кунда сил касаллигининг олдини олиш, эрта аниқлаш ва аниқланган беморларни самарали даволаш мақсадида Миллий дастур тадбиқ этилган. Сил касаллигини даволаш 6-8 ой давом этади ва 2 босқичда амалга оширилади.
1-босқичи. Интенсив (жадал) даволаш босқичи бўлиб, у силга қарши кураш шифохоналарида 2-3 ой давом этади. Бемор ушбу даволаш босқичида тиббиёт ходимлари назорати остида 4 та антибактериал дорилар билан стандартли даво муолажаларини олади ва балғами юқумсизлангандан, яъни атрофдагиларга юқтириш хавфи батамом тугатилгандан сўнг шифохонадан чиқарилади. Сўнгра 2-даволаш босқичига ўтказилади.
2-босқичи. Қувватловчи босқич бўлиб, беморнинг уйига энг яқин жойлашган бирламчи тиббиёт муассасалари (ОШП ва ОП)да 4-5 ой мобайнида олиб борилади. Бунда бемор мутахассисларнинг тавсиясига асосан ҳар куни ёки кунора бириктирилган масъул ҳамширанинг назоратида махсус дориларни қабул қилади. Беморнинг балғами ҳар 2 ойда текширувдан ўтказиб турилади. Барчасини жойлардаги силга қарши кураш диспансерлари назоратга олади.
Вилоятда беморлар тўлиқ даволанишлари учун махсус дори-дармонларни узлуксиз таъминлаш мақсадида етарли миқдорда заҳира яратилган. Даволанишни тартибсиз ва узилишлар билан олиб борган беморлар ўртасида силнинг дориларга чидамли формалари келиб чиқиш эҳтимоли юқори.
"24 март - Бутунжаҳон силга қарши кураш куни" муносабати билан "Силсиз ҳаёт учун" шиори остида вилоятдаги мактаб, лицей, коллежларда, олий ўқув юртларида фтизиатрлар томонидан маърузалар, савол-жавоб кечалари ташкил этилиб, силнинг олдини олиш тадбирларига эътибор кучайтирилган.
Агар халқимиз зарарли одатлардан ҳоли бўлиб, шахсий гигиенага амал қилса, юқоридаги сил касаллиги белгиларини сезганда, ўз вақтида тиббиёт муассасасига мурожаат этса, касаллик эрта аниқланади ва фаол сил хасталигининг барча турларидан даволаниш ғоят самарали кечади. Натижада беморлар юз фоиз соғломлашади.
Иқболжон ВОСИТОВ,
вилоят фтизиатрия ва пульмонология маркази директори.