Қутириш нима, у қандай касаллик, даволаш йўллари, уни қандай асоратлари бор? Буни қутурган жонзотларга рўбарў келиб, минг бир азобларини тотганлардан, бемор устида кечаю-кундуз парвона бўлиб заҳмат чеккан шифокорлардангина тўлақонли билиб олишимиз мумкин.
Қутуриш ҳайвонлар орқали одамга ўтиб, нерв системасининг зарарланиши оқибатида жуда оғир клиник белгилар билан кечадиган, инсониятга маълум бўлган энг қадимий юқумли касалликлардан бири ҳисобланади. Бу касаллик одамларда қутурган ҳайвон тишлаши натижасида келиб чиқишини биринчи марта эрамиздан тўрт аср муқаддам Аристотель ёзиб қолдирган экан.
Касалликни даволаш бўйича жуда кўплаб тажрибалар қўлланилган бўлсада, олди олинмаган ва касалликнинг белгилари бошланган ҳолатда уни даволашга ҳозирги замон тиббиёти ҳам ечим тополмаган. Ҳайвон ёки инсонда жуда оғир килиник белгилар намоён бўлади. Қисқа вақт ичида ҳалок бўлиши мумкин.
Касалликнинг яширин даври узоқ ёки қисқа бўлиши организмнинг қайси жойини тишланганлиги ва терини шикастланган жойига, сўлак билан тушган вируснинг миқдорига боғлиқ. 20 кундан 1 йилгача давом этиши кузатилган. Одамда қутуриш касаллигининг ўзига хос аломатларидан келиб чиқиб, уни вақтида аниқлаш мумкин.
Ушбу касалликни ҳанузгача даволаш усуллари топилгани йўқ. Аммо олдини олиш чоралари мавжуд. Бунинг учун қуйидаги тавсияларга қатъий амал қилиш талаб этилади:
- дайди итлар, мушукларни юришига барҳам бериш ва ёввойи йиртқич ҳайвонлар сонини ҳисобга олиш йўли билан инфекция манбаини йўқотиш;
- аҳоли яшаш жойларида уй ҳайвонлари ва итларни боқиш қоидаларига тўлиқ риоя қилиш;
- уйда боқиладиган ҳар бир итни ёки мушукни вақти-вақти билан ветеринария кўригидан ўтказиб туриш ва уни ҳар йили қутуришга қарши эмлатиб бориш;
- уйда ит ва мушукларни қўшниларнинг розилиги билан фақатгина боғланган ҳолда сақлаб, бегона ит ва мушуклар билан алоқада бўлишига йўл қўймаслик;
- ит ва мушукда ўзгариш бўлса, соғлиги ёмонлашса, ҳайвон ёки одамни тишласа дарҳол ветеринария мутахассисига хабар қилиш;
- ҳовлида, кўчада, майдон ва далаларда ҳамда ташкилот ва муассасаларда эгасиз бўш юрган итлар пайдо бўлганда ёки хонадондаги ит ёки мушук кераксиз бўлиб қолганда шаҳар ёки туман ободонлаштириш бошқармасининг қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш бўлимига хабар бериш;
- одам ёки ҳайвонни тишлаган итга озор бермай, тирик 10 кун давомида ветеринария кузатувида бўлишини таъминлаш;
- ҳар қандай ҳайвон жароҳатлаганда (тишлаганда, тирнаганда ёки сўлаги текканда) зудлик билан тиббий ёрдамга мурожаат этиш ва белгиланган тартибда эмлаш курсини олиш.
Қутуриш касаллиги билан курашиш нафақат ветеринария, тиббиёт ва шунга дахлдор айрим соҳа ходимларининг иши эмас, балки бу кенг жамоатчилик ва қолаверса ҳар бир фуқаронинг бурчидир. Шундай бўлган тақдирдагина биз кўзлаган мақсадимизга, яъни ҳайвонлар ва одамларни даҳшатли қутуриш касаллигидан муҳофаза этишга эришишимиз мумкин.
Исмоилжон ҚОЗОҚОВ,
вилоят СЭО ва ЖСХ бошқармаси
ўта хавфли юқумли касалликлар
бўлими мудири.