(Livedo reticularis) - Бу тери шикастланишидир. Яъни, юза майда томирлар тўрини ҳосил қиладиган, майда веналар (венула) ва капилярда тромбларни ҳосил бўлиши натижасида вужудга келадиган ва бунинг натижасида тери рангини ўзгариши, ўзига хос тери трофикасини бузилиши билан намоён бўладиган касаллик ҳисобланади. Тромб массасини катталашиши беморда патологик жараённинг кучайишини ва турли хил ортга қайтмас ўзгаришларни келтириб чиқаради.

Бу дардга турли хил касалликлар ва патологик бўлмаган жараёнлар сабаб бўлиши мумкин. Мисол учун гиперлипидемия, анемия, аутоиммун касалликлари, қон касалликлари, юрак қон томир касалликлари, ўсма ва эндокрин касалликлари, медикаментоз заҳарланишлар ва ҳозирги кунда жуда кўп учрайдиган электр иситгичлардан нотўғри фойдаланиш оқибатидир.

Биз биламизки, кўплаб юртдошларимиз қишки мавсумда хонадонларини иситиш мақадида турли хил воситалардан фойдаланиб келишмокда. Жумладан, электр истигичлардан ҳам. Электр иситкичлардан пайдо бўладиган хасталик асосан ўрта ва кичик ёшли аёлларда кузатилади. Бунда асосан клиник белгилар:

-  тўрсимон кўриниш;

-  тери остидаги бинафша рангли қаттиқлашиш;

-  теридаги қизғиш доғларда намоён бўлади.

Бу ҳолатлар кўп патологик ўзгаришларда ва вирусли, замбуруғли касалликларда ҳам учрайди. Лекин беморни анамнезида бундай касалликларга дучор бўлмаганлиги аниқланади. Яъни хасталикни бевосита мавсумий ёки иситиш воситасидан нотўғри фойдаланиш оқибатида вужудга келганлигини бошқа касалликлардан ажрата олиш мумкин.

Бизнинг кузатишларимиз шуни кўрсатадики, техника воситаларини ривожланиши, иситиш қурилмаларидан талабларга зид фойдаланишнинг кўпа­йиши, асосийси бу касаллик ҳақида етарли тушунчага эга бўлинмаслиги, нималарга амал қилишни тушунилмаслиги ва қайси мутахассисга мурожаат этишнинг билинмаслиги туфайли йилдан йилга ушбу хасталикка учраганлар сони ортмоқда. Беморлар эса дерматолог, аллерголог ва гематолог каби мутахассислар орасида сарсон бўлиб қолмоқда. Бундай вазиятда албатта қон-томир жарроҳи маслаҳати керак бўлади.

Бу дарддан халос этиш этиш учун беморларни микроцеркуляцияни яхшиловчи, антикоагулянт, антиагрегант, витаминлар каби дори воситалар билан тўғри ёндошган ҳолатда даволашимиз керак.

РШТЁИМ Наманган филиали қон-томир жарроҳлиги ва микрохирургия бўлими шифокорлари шуни таъкидлаймизки, ўзингиз ва яқинларингиз соғлигига бефарқ бўлманг. Сиз гўзал ва соғлом яшашга ҳақлисиз.

Аҳмаджон БОЛТАЕВ,

шифокор.