Эхинококкоз касаллиги - аллергик характерга эга бўлган узоқ давом этувчи касалликдир. Эхинококкоз касаллигини Echinococcus grandulosis деб аталувчи гижжанинг личинкаси қўзғатади. Бу личинка бир камерали пуфакчадан (Echinococcus unilocularis) иборат бўлиб, унинг диаметри 1 мм дан 50 мм гача боради. Пуфакнинг девори икки қават пардадан иборат. Ҳар битта пуфакчада суюқлик ва 100 га яқин гижжа болачаси бўлади.

Эхинококкоз перорал зооноз биогелъминтоздир. Бу гижжанинг охирги хўжайини ва инвазия манбаи уй итлари, бўри, бўрсиқ каби ҳайвонлар ҳисобланади.

Қорамоллар, эчки, от ва одамлар гижжанинг оралиқ ҳўжайинларидир. Бу гижжалар одамларга уй ҳайвонлари: қорамоллар, кучуклар, қўйлар кабилар билан контактда бўлиш натижасида юқади, чунки бу ҳайвонларнинг жунида, терисида кўплаб гижжа тухумлари сақланади. Шунингдек, бу касаллик пиширилмаган савзавотлар, тоза ювилмаган ҳўл мевалар орқали ҳам юқиши мумкин.

Оғиз орқали ошқозон ва ичакка тушган гижжа тухумидан ажралиб чиққан онкосфера ичак деворидан ўтиб, қонга тушади ва қон орқали жигарга боради. Жигарда онкосфераларнинг кўпчилиги ушланиб қолади, фақат бир қисмигина бошқа органларга (ўпка, бош мия, буйрак, юрак ва бошқалар) етиб боради. Бу органларда аста-секин личинка - эхинококк ривожланади, 5-6 ойдан сўнг 2-40 мм гача катталашади.

Жигар эхинококкози энг кўп учрайди ва касаллик симптомлари гижжа юққандан сўнг бир неча йил ўтгач пайдо бўла бошлайди. Бунда беморда иштаҳа йўқолиши, тинка-мадори қуриши, бош оғриши, субфебрил тана ҳарорати, баданда аллергик тошмалар (эшакеми тошиши) қичишиш, кўнгил айниши, ўнг қовурға остида оғирлик, озиб кетиш ҳолатлари ва жигар катталашиши кузатилади.

Жигар эхинококкозида қуйидаги асоратлар кузатилиши мумкин: а) эхинококк пуфаги йиринглаб, жигар абсце­си ривожланиши, абсцесс ёрилиб, қорин бўшлиғига, плевра бўшлиғига, ошқозонга, ичакка, бронхга тушиши; б) яллиғланмаган эхинококк пуфаги ёрилиши натижасида қатор аллергик реакциялар пайдо бўлиши, баъзан шок ҳолатлари юз бериши; в) эхинококк пуфаги жигарнинг ичидаги ва ташқарисидаги ўт йўлларини қисиб қўйиши натижасида обтурацион сариқлик келтириб чиқариши ҳолатлари кузатилади.

Эхинококкознинг профилактикасида санитария ва гигиена қоидаларига мунтазам равишда риоя қилиш муҳим аҳамиятга эга. Бунда уй хайвонларини вақти-вақти билан ветеринария кўригидан ўтказиб туриш, ҳўл мева ва сабзавотларни тозалаб, оқин сувларда ювиб истеъмол қилиш, қўлларни доимо овқатланишдан олдин ва хожатдан кейин совунлаб ювиш мақсадга мувофиқ.

Саломатхон СЎПИЖОНОВА,

Севара ҒОЗИЕВА,

Инновацион Соғлиқни сақлаш миллий палатаси

Наманган  вилояти ҳудудий бўлинмаси мутахассислари.