Халқимизнинг "Бўш қоп тик турмайди" деган нақлида катта маъно мужассам. Одам вақтида овқатланиб турмаса, қаддини кўтаролмайди, ўзини бардам ва тетик тутолмайди деган фикрни англатади кўчма ҳолатда. Бироқ овқатланишнинг ҳам тартиб-қоидаси бор. Нима дуч келса, ўшани еб, қоринни тўлдириб кетаверишдан кўра, мижозимизга мос тушадиган, соғ­лигимизни мустаҳкамлайдиган таомларни, ноз-неъматларни истеъмол қилишимизда хосият кўп. Иштаҳаси "карнай"лар яхши овқатни ҳам меъёридан орттириб есалар нафидан зиёни зиёдалашиб, охири ўзини нохуш сезишади. Шунданоқ, ундайлар нафси бузуқликдан тийилиши керак эмасми?!

Бундан ташқари одатда истеъмолдаги маҳсулотларнинг ёқиш-ёқмаслиги жиҳатиниям эътибордан қочирмасликка ҳаракат қилинади. Масалан, бир киши суюб ейдиган овқат, иккинчи кишига маъқул тушмаслиги ҳаётий ҳақиқат. Лекин, нафснинг сўзига кириб, ёққан нарсани паққос туширавериш одати бора-бора соғликка зарар кўрсатади. Ёки аксинча, ёқмайдиган баъзи нарсалар ҳам аслида биз учун ғоят фойдали бўлиши мумкин.

Шуни ўйлаган ҳолда уларни ейишга ёки ичишга ўзимизни ўзимиз дастлаб зўрлашимиз мақсадга мувофиқ. Кейин-кейин ўрганиб қолишимиз эҳтимолдан ҳоли эмас.

"Овқатланиш тадбири" тўғрисида Абу Али ибн Сино алоҳида тавсиялар бериб кетганлар. Таъқиқлари ҳам тавсияларидек жуда керакли. Агар биз ҳар иккисидан имкон қадар воқифлансак - хабардорлигимиздан фақат ютамиз. Негаки, дастурхон атрофида ўтирганда танлаб ейишни ҳам, уларнинг қайсиси аввалу қайсиси кейин истеъмол қилинишини ҳам, ҳатто миқдорини ҳам билиб олсак, соғлигимизга путур етишига йўл қўймаймиз. Билакс еганимиз ичимизга ботади, танамизга юқади фақат ошқозонимизни тўлдирмаймиз, айни вақтда тў­йинамиз ҳам, мазасидан лаззатланамиз. Ҳузур-ҳаловатимиз асло бузилмайди.

"Соғлигини сақловчи киши ўз овқатининг асосий қисми сабзавотлар, мевалар ва булардан таш­қари бошқа даво бўладиган ов­қатлардан бўлмаслигига аҳамият бермоғи лозим, - деб ёзади буюк табибимиз. - Шунинг учун овқат гўштга ўхшаш нарсалардан бўлиши, айниқса, улоқ, бузоқ ва қўзичоқларнинг гўштларидан, офат етмаган соғлом экинзордан бўлиб, ифлос нарсалардан тозаланган буғдойдан, мижозга мувофиқ ширин нарсадан ... иборат бўлиши лозим. Булардан бош­қа нарсани даволаниш ва касалликнинг олдини олиш учунгина ишлатилади. Мевалардан овқат учун кўпроқ мос келадигани анжир, етилиб пишган узум, одат қилинган шаҳар ва жойларда хурмодир".

Ҳар биримиз соғлиқ овқатнинг иссиқ ёки совуқлигига боғлиқ эканини унутмаган ҳолда тановвул қилишга одатланишимиз керак. Бу борада ҳам меъёр беҳад муҳим: "Қишда иссиқ, ёзда совуқ ёки илиқ (овқат) ейиш лозим. Иссиқлик ва совуқликнинг ҳар иккиси чидаб бўлмас даражага етмаслиги керак". Демак, совуқ маҳал иссиққина овқатни ошқозон яхши ҳазм қиларкан. Ёзда эса нисбатан совуқ ҳамда илиқ таом меъдага маъқул келаркан. Донишманд бобомиз буни тажрибада кўп кўрганлари, замондош беморларининг шунга амал қилмай ўзларига зарар етказганларини аниқлаганлари туфайли авлодларни огоҳлантириб кетганлар. Фақат шу билан кифояланмай, одамларга сабоқ тарзида аянчли ҳодисалар қайд этиб ўтганлар: "Билгинки, фаровончилик йилларида кўп еб, қаҳатчилик йилларида оч туришдан ва бунинг аксидан ёмонроқ ҳолат йўқдир... Қаҳатчилик йилларида жуда оз овқат еб, тўқчилик йилларида кўп еб ўлган кишиларни кўрдик. Яна буниси ҳам борки, жуда тўйиб ва тўлиб еб-ичиш ҳамма ҳолда ҳам ўлдирувчидир".

Меъданинг бузилиши овқатланишнинг бережимлигидан келиб чиқади. Очиқмасидан, ош­қозон бўшамасидан тағин турли-туман егуликларни қатма-қатлашнинг оқибати касалликдир: "Гавдага энг зарарли нарса меъдада овқат етилмасдан ва ҳазм бўлмасдан туриб, яна овқат киритишдир".

Ўз-ўзидан савол туғилади. Билиб-билмай кўп овқат истеъмол қилиб қўйган киши кейин қандай тадбир қўлласа, аҳволи яхшиланади? Жавоби яна Ибн Сино бобомиздан топилади: "Агар бирор киши ҳаддан таш­қари тўйиб овқатланган бўлса, иккинчи куни оч турмоғи, иссиқ ва совуқлиги мўътадил бир жойда узоқ вақт ухламоғи керак. Агар шундай уйқу ёрдам бермаса, тўхтамай, секин-секин, аммо кўп юрмоғи ва озгина тоза шароб ичмоғи керак".

Овқатланиш тартибига келсак, биринчисига кучсиз, осон ҳазм бўлувчи суюқ таом сўралади, иккинчисига кучли қуюқ овқат. Янаям аниқроғи, кабоб ёки палов. Бу тиббий талабга тўла мувофиқ тушади. Мабода акси бўлса-чи? "Суюқ, тез ҳазм бўлувчи овқатни ундан кучли ва қаттиқроқ овқат устига ейишдан сақлансин, бўлмаса, кейинги овқат аввалгининг юзига чиқиб ҳазм бўлади ва ўтар йўл қолмагач, сасийди, бузилади ва аралашган нарсасини ҳам бузади" дея шарҳ беради тиббиёт илмининг алломаси Ибн Сино.

Одамлар орасида "Қорнимга ёқмаган овқатни еб қўйибман, роса азоб берди" қабилидаги гаплар гоҳ-гоҳ қулоғимизга чалиниб қолади. Бу ҳолат ошқозонга ёқиш-ёқмаслигида эмас, балки ейилаётган нарсаларнинг бир-бирига қовушмаслигидан, ёки истеъмол вақтини ҳаддан зиёд чўзиб давом эттиришдан юз беради. Қуйидаги уқтиргиларни ёдда сақлашимиз соғлиғимизни асрашимиз учун беҳад зарур:     "... сутни нордон нарсалар билан қўшиб истеъмол қилинмасин ҳамда балиқни сут билан ейилмасин, бу... узоқ тузалмайдиган касалликларни келтиради: шунингдек, қатиқни турп билан ва қушларнинг гўштлари билан ейил­масин, ширгуруч устидан талқон ейилсин".

Асли ёруғ оламда ейишга арзигули неъматлар ғоят кўп. Фақат уларнинг хусусиятларини яхши билган ҳолда қай вақтда, қандай ҳолатда истеъмол қилиш мақсадга мувофиқлигини билмоқлик барчамиз учун фойдалидир. Яна тиббий ўгитлар бизга қўл келади: "Ҳўл мевалар ёзда меҳнат ва бадантарбия қилувчи сафро мижозли кишиларга ёқади, уни овқатдан аввал ейилиши керак. Ҳўл мевалар ўрик, шафтоли, олҳўрига ўхшаш нарсалардир...

Шўрва яхши овқат бўлиб, пиёзли бўлса, ичдан елни қувалайди. Агар пиёзсиз бўлса, елни қўзғатади.

Билгинки, нон ҳазм бўлмаса, зарари кўпдир, ҳазм бўлмаган гўштнинг зарари ундан камроқдир".

Биз бу галги сабоғимизда тўғри овқатланишнинг айрим жиҳатларинигина ойдинлаштиришга интилдик. Соғлом юришнинг овқат ва овқатланиш режими билан боғлиқ томонлари ҳақидаги тавсияларни батафсил ва тўла қамраб ололганимиз йўқ. Асосий мақсадимиз доирасида мақола ҳажми имкони қадар фикр юритдик. Бу мавзуга ҳали яна қайтамиз. Зеро саломатликнинг пойдевори соғлом турмуш тарзидир. Соғлом турмуш тарзини эса, тўғри ва оқилона овқатланишсиз тасаввур этиш мумкин эмас. Қорни меъёрий тўқ, меъдаси тўйинган ҳар бир инсоннинг касалликларга қарши иммунитети кучли бўлиши табиий. Шундай экан, мавзунинг давомида мазкур масаладаги сабоқлар билан ўртоқлашиш умидидамиз.

Ҳаким МУАЛЛИМ.