Аёл қишга ғамлаган егулик ва ичкиликларни бирма-бир кўздан кечира бошлади. Шиша банкаларга қараса, айримларининг қопқоғи сал бўртгандай кўринди. Кейин қўлига олиб ичига тикилди. Суви тиниқ, мева-сабзавоти қандай солган бўлса, ўшандай турибди. Лекин кўнглида ғашлик уйғонди. "Бесабаб қопқоғи оз-моз кўтарилмаган, очсам айний бошлаган ёки бошламаганини аниқлаб оларман" деган хаёлга борди. Банкалардан бирини кўтариб ошхонага қайтди.
- Ойи, очамизми? - деди ўн ёшли қизи севиниб.
- Шошмай тур-чи, мазаси қандай экан, еб-ичиб, синаб кўрайин-чи? -деди хавотирини боласидан яшириб.
- Ҳо-о, фақат ўзингизми, мен ҳам синашвораман,-деди қизиям қизиқиб.
Аёл очқичда банка қопқоғини кўтарди. Бўғзигача тўлатилган сувнинг юзасида майда-майда оқ доғлар билинар-билинмас кўзига чалинди. У дарров қошиқни уч-тўрт бор ботириб, шубҳали оқ доғларни кўзидан ғойиб қилди. Кейин иккита пиёлага қуйди. Бирини ўзи, бирини қизи симирди.
- Таъми жуда жойида экан, энди анаву помидору бодрингданам ейлик-чи?
Қизининг истагини қайтаролмаган аёл тезда банка ичидаги маҳсулотлардан ликофга олиб қўйди. Она-бола суюб истеъмол қилишаркан, ўзларининг қўлбола маҳсулотларидан кўнгиллари тўлди. Мамнун ҳолатда ички қувонч билан бир-бирларига жилмайиб боқишди.
Афсуски, уларнинг хурсандчиликлари узоққа чўзилмади. Негадир аёлда беҳузурлик бошланди. Кўнгли айниди-ю, хавотири кучайди, китоб ўқигани ичкари хонага кириб кетган қизининг ёнига шошилди. Кирибоқ ташвиши баттар ортди. Чунки, боласи ранги ўчган ҳолатда оғзига рўмолчасини тутганча қусишга уриниб ўхширди. Онаси дарров телефон қилишга шошилди. "Тез ёрдам"чилар келишгач, икковлари ҳам айниган тузламадан заҳарланишгани ойдинлашди. Шифохонада зудлик билан қўлланган чора - тадбир туфайлигина ҳаётларига тажоввуз қилаётган ўткир инфекциядан қутулишди.
Юқоридаги ҳолат тўқима эмас. Агар она ва фарзанд вақтида шифохонага етказилмаганида фожиа рўй бериши мумкинлиги беинкор ҳақиқат эди. Чунки, овқатдан заҳарланиш, ботулизм одамни ўлим билан ёнма-ён аҳволга тушириб қўйиши ҳеч гап эмас.
"Тиббиёт энциклопедияси"да ёзилганидай: "Овқатдан заҳарланиш - микроблар билан зарарланган озиқ - овқат маҳсулотлари истеъмол қилинганда вужудга келадиган касаллик. Аксарият бирдан кўпчилик касалланади, лекин беморлардан соғлом одамга юқмайди. Кўпинча стафилококклар, энтелококклар, айрим ичак таёқчалари, протей, цитробактер, иерсиния, кластридия ва бошқа микроблар сабаб бўлиши мумкин... Одам кўпроқ уриниб қолган гўшт ва унинг маҳсулотлари, сут маҳсулотлари ( айниқса, торт ва пирожное), балиқ, товуқ гўшти истеъмол қилганда заҳарланиши мумкин". Бу ҳолатлар аксарият ёз пайтида рўй беради. Сабаби, дастурхондаги ортиб қолган егуликлар ўз вақтида музлатгичга қўйилмаса ёки кўпроқ туриб, эскириб қолса, уларда микроблар пайдо бўлиши, эҳтимолдан ҳоли эмас. Шундай овқат ва маҳсулотларни халқона тилда "айниган", "эскирган" иборалари билан атаймиз. Маъноси ейишга яроқсиз дегани. Демак, бу ўринда эҳтиёткорлик, тоза ёки ифлосланганига эътибор ғоят зарур. Акс ҳолда кўнгилсиз кўргуликларга дучор қилади.
Кеч куз ва қиш ойларида эса ёзда ва куз бошида банкаларга беркитилган сабзавотли тузламаларни, мевали шарбатларни дастурхонимизга қўямиз. Гарчи иссиқ кетган ва ҳаво совуган бўлса-да, айримларни доғда қолдирадиган заҳарланишнинг бошқа бир кўриниши учрайди. Буни тиббиётда ботулизм деб юритилади.
Ботулизм - оғир токсикоинфекцион хасталиклар қаторида туради. У узунчоқ мия ва орқа миянинг холинэргик структураларининг зарарланиши, офтальмологик ҳамда бульбар синдромлар билан юзаланади. Сабабчиси бактериялардир. Ботулизмни аксари қўзиқорин, турли ҳўл мевалар ва сабзавотларни уй шароитида гигиеник талабларга етарли даражада риоя қилмасдан консерваланган маҳсулотлар қўзғатади. Боиси, банкалар ичида анаэроб шароит туфайли ботулизм споралари тезда вегитатив шаклга айланади. Сўнгра кўпаяди, экзотоксин чиқаради. Бу, банка қопқоғи кўпчиб қолганидан сезилади. Уйда банкага мева ёки сабзавот солиб беркитганлар уларни очиш олдидан аввало, қопқоғини яхшилаб назардан ўтказишлари, кейин бўғзидаги суви усти топ-тоза ва тиниқ эканлигига тўла ишонч ҳосил қилишлари жуда-жуда муҳим.
Мабодо, кўнгилларида шубҳа уйғонса, уни татиб кўриш билан айниган ёки айнимаганини фарқлашга уринмаганлари маъқул. Яхшиси истеъмолдан воз кечишдир. Бу билан ўзларининг ҳаётларини хавфга қўймаган бўлишади.
Касалликнинг яширин даври қисқа - 6 - 24 соат. Одамнинг ичига тушгач, шу фурсат ичида ривожланиб, хуружга ўтади. Қанча кўп миқдорда бўлса, заҳари шунча кўп бўлади, яширин даври янада қисқаради, оқибати тезлашади, оғир кечади. Аниқроғи, кўнгилни айнитади, қустиради, эпигастрал соҳада, яъни ошқозон ва ичакларида оғриқ туради, оғиз қурийди, кучли чанқаш қийнайди.
Касаллик тўсатдан бош кўтаради-ю, борган сайин одамни танг аҳволга солади. Кўз хираланади, қовоқлар салқийди. Нафас олиш фаолияти бузилади. Юрак ва нафас марказларида фалажланиш рўй берса, бемор ҳаётдан кўз юмиши ҳам мумкин.
Шундай фожиага учрамаслик учун зудликда шифокордан нажот сўраш энг тўғри йўлдир. "Тиббиёт энциклопедияси"да кўрсатилганидай: "Ботулизмга қарши махсус зардоб юборилади, зонд орқали меъдани ювилади, ҳуқна қилинади, юрак дорилари берилади, нафас олиш издан чиққанда сунъий нафас юборилади".
Заҳарланиш - оғир ҳолат. Уни бошдан ўтказгандан кўра, олдини олиш зарур. Бунинг ҳеч қийин жиҳати йўқ. Ҳушёрлик ва эътиборлилик керак, холос. Яхшиси, нафсингиз кўзингизни кўр, фаҳмингизни ўтмас қилиб қўймасин.
Содиқ САЙҲУН.