ЁХУД ТАНАГА ТОШАДИГАН ОЗОРЛИ "БЕЗАК"ЛАР

Чечак ҳам, гул ҳам юқумли касалликлар тоифасига киради. Иккиси ҳам бадан терисини "безай"ди. Танадан ҳаловатни қувади. Лекин номлари-ю, кўринишларида яқин ўхшашлик бўлгани билан фарқлари табиблар томонидан неча - неча асрлар муқаддам аниқланган ва тавсифланган. Абу Али ибн Синонинг "Тиб қонунлари" китобининг "Айрим бир аъзога хос бўлмаган касалликлар" бўлимида чечак ва қизамиқнинг белгиларига, хусусиятига, қачон ва кимларда юзаланишига анча батафсил тўхтаб ўтилган.

"Чечак кўпинча болаларда, сўнг ўсмирларда юз беради; кексаларда эса у кам учрайди, уларда чечак фақат кучли сабаблар мавжудлигида ва жуда иссиқ, рутубатли мамлакатлардагина юз бериши мумкин. Чечак қуруқ баданлардан кўра рутубатли баданларда, қиш фаслидан кўра баҳорда кўпроқ пайдо бўлади; баҳордан кейин кузнинг охирида, айниқса шу куздан олдинги ёз фасли иссиқ ва қуруқ, кузнинг ўзи ҳам иссиқ ва қуруқ бўлганида кўпроқ юз беради". Хулоса қилиш мумкинки, чечак асосан ҳаво ҳароратига боғлиқ бўлиб иссиқ юртларга хос экан. Совуққа тоқати йўқ бу касаллик шунинг учун чечак дейиладики, худди ердаги бойчечакка ўхшаб инсон терисида тизилишиб нур ва тафтдан яйраб-яшнайди. Оқибатда ўзининг борлигини билдиради. Ҳам кўзда кўрамиз, ҳам танамиздаги ички ўзгаришлардан ҳис қиламиз.

Чечакдан аввало қичима пайдо бўлади. Игна учига ўхшаш, тариқсимон кўриниш беради. Улар аста-секин йиринглайди, бадан сиртига чиқади, майда-майда ярачага айланади. Бора-бора қуриб, турли рангга киради, тўкилиб кетади. Бунгача қиладиган ишини қилиб улгуради. Яъни: "Чечак чиқишдан олдин бел оғрийди, бурун қичийди, бетинч уйқу, аъзоларда санчиқ, бутун баданда оғирлик юз беради, юз ва кўз қизаради, кўз ёшланади, бадан алангаланади, нафас қисиши ва товуш бўғилиши билан бирга керишиш ва эснаш кўпаяди, сўлак қуюқлашади, бош оғирлашиб оғрийди, оғиз қурийди, кўнгил беҳузур бўлиб, томоқ ва кўкракларгача оғриқ туради, чалқанча ётганда ва шундай ётишга мойил бўлинганда оёқлар қалтирайди ва қон бузилишидан туғиладиган иситма воқе бўлади", дея шарҳлаган буюк тиббиётчи бобомиз.

Ибн Синодан аввалроқ яшаб, тиб илмига доир қимматли асарлар ёзиб қолдирган Абу Бакр Ар-Розий чечакка қарши эмлаш ўтказиш лозимлигини айтиб кетган. Унинг олдини олиш бўйича бутун дунёда катта ишлар қилинган. Шунинг учун чечакни камайтиришга эришилган. Ҳатто, 1980 йили Жаҳон Соғлиқни Сақлаш ассамблеясининг 33-сессиясида ер юзида чин чечак буткул тугатилганлиги расмий равишда эълон қилинган.

Бироқ чечакнинг эгизаги қиёфасидаги қизамиқ ҳали ҳозиргача одамларга ташвиш туғдиришдан тўхтагани йўқ. Ибн Сино таърифлаганидек: "Қизамиқ чечакка қараганда камроқ хавфлидир, унинг кўзга тошиши ҳам чечакдагидан камроқ. Қизамиқнинг пайдо бўлиш белгилари чечакнинг юз бериш белгиларига яқин, лекин қизамиқда ўқчиш кўпроқ, кўнгил беҳузурлик ва аланганланиш кучлироқ, бел оғриғи эса камроқ бўлади. Тез тошиб юзага чиқадиган ва етиладиган қизамиқ бехавотир, қаттиқ кўк бинафша ранглиси эса ёмондир".

Табиб ва олимлар тузатувчи тавсиялар беришган. Иккала касалликда аввало кучайтирувчи, қайтарувчи, ҳароратни сўндирувчи, ични боғламайдиган ва қонни қуюлтирмайдиган овқатлар яхши фойда келтиради. Шўрвалар ва ични ҳаддан зиёд юмшатиб юбормайдиган овқатлар бемор аҳволини енгиллаштиради. Қовоқ оши ва тарвузнинг нафи катта.

"Тиббиёт энциклопедияси"да баён қилинишича: "Касаллик мавсумий бўлиб, куз-қиш ва баҳорда кўпроқ учрайди. Инфекция манбаи касалланган одам ҳисобланади, соғлом киши организмига вирус нафас йўллари орқали тушади. Касалликдан кейин умр бўйи сақланадиган иммунитет қолади...

Касаллик бошланишида тана ҳарорати 39 даражагача кўтарилади, юқори нафас йўллари ва кўз конъюктиваси қизаради, бемор қуруқ йўталади, тумов бўлади, кўзи қизариб ёшланади, ёруғликка қарай олмайди, товуши бўғилиб қолади, юзи керикади.

... тошмаларнинг босқичма-босқич тошиши қизамиқда муҳим диагностик аҳамиятга эга. Юздаги тошмалар қорая бошлайди ва жигарранг доғларга айланади".

Шуни ҳам унутмаслик керакки, қизамиқ билинар-билинмас енгил кечиши билан зотилжам, ички касалликлар, ўрта қулоқнинг яллиғланиши, яъни отит асоратларини туғдириши мумкин. Бундай ҳолатда дарров шифокорга учраб, зарур маслаҳатлар олиш билан соғлиққа зиён етишига йўл қўймасликни ўйлаган маъқул.

Энг муҳим чора қизамиққа қарши болаларни эмлашдир. Шунинг учун 1967 йилдан буён республикамизда қизамиққа қарши ёппасига эмлаш ўтказиб келинмоқда. Самараси ва натижаси маълум, болаларнинг, ёшларнинг қизамиқдан озор чекиши камдан - кам ҳолатларда учраб туради. Бу - тиббиётнинг касаллик устидан ғалабасидир, албатта. Айни маҳалда мамлакатимизда шундай кенг кўламли профилактик эмлаш тадбири ўтказилмоқда.

Ҳаким МУАЛЛИМ.