ЙИЛЛАР, ИСЛОҲОТЛАР ВА НАТИЖАЛАР

(Давоми. Бошланиши ўтган сонларда).

* 2018 йил, ноябрь. Мингбулоқ туманининг Гулбоғ қишлоғида барча қулайликларга эга бўлган 10-оилавий поликлиника жамоаси аҳоли саломатлигини сақлаш учун астойдил ишга киришди.

* 2018 йил, ноябрь. Наманган шаҳридаги 3-оилавий полийлиникада аёллар, болалар ва ўсмирларга самарали акушер-гинекологик хизматни ташкиллаштиришга бағишланган вилоят кўргазмали семинари уюштирилди.

* 2018 йил, декабрь. Болалар кардиожарроҳлигида янги қадамлар қў­йилди. Чустлик 3 ёшли Аброржон Умаров безовта қилаётган оғир дарддан фориғланди. Унинг юрак туғма нуқсони бартараф этилди. Бу амалиётни вилоят кардиология маркази шифокорлари - тиббиёт фанлари доктори А. Ҳикматов, Н. Худойбердиев, ВБКТТМ кардиожарроҳи Ф. Муқимовлар муваффақиятли бажаришди.

* 2018 йил, декабрь. Ҳинд шифокори, доктор Парамжит Синк "АНАМЕД"­га келиб, эндокринология ва кардиология касалликлари бўйича Ҳиндис­тонга шифо излаб бориш мақсадида юрган юртдошларимизнинг узоғини яқин, мушкулини осон қилди.

* 2019 йил, феврал. Янги йил янгича тадбирлар билан бошланди. "ИСУЗУ" автобусига жойланган "Мобиль поликлиника" гарчанд у офтольмология, яъни кўз касалликлари диагностикаси ва даволаш учун ихтисослаштирилган бўлса-да, бу гал вилоятнинг энг малакали кардиолог, терапевт, акушер-гинеколог, педиатр, лор, эндокринолог ва пульмонолог врачлари ҳамда УЗИ ва ЭКГ мутахассислари ҳам аҳоли ҳузурида тиббий кўрик ўтказишга киришишди. Чодак қишлоғидан бошланган тиббий кўрик йўналишлари ҳам ойма-ой бош­қа туманлардаги бошқа манзилларга боғланиб кетди.

* 2018 йил, декабрь. Тўрақўрғондаги кўп тармоқли марказий поликлиниканинг муҳташам биноси янги йил арафасида шифоталабларни ўз бағрига олди. Ҳам қиёфаси, ҳам шароитлари ҳозирги юксак талабларга жавоб берадиган ҳолатга келтирилгани барчага манзур тушди.

* 2019 йил, январь. Тўрақўрғон туманида "Комила ой шифо" хусусий тиббий муассаса беморларга хизмат қила бошлади.

* 2019 йил, январь. Уйчи туманида аҳолига кўрсатилаётган патронаж хизматини янада такомиллаштириш масалаларига бағишланган анжуман ўтказилди. Бошқарма бошлиғи Солижон Мўминов соҳадаги долзарб вазифалар ҳақида нутқ сўзлади.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати ЎзЛиДеП вилоят кенгаши аппарати раҳбари Иброҳимжон Сатторов партиянинг тиббиёт тармоғидаги аъзолари сони тобора ортиб бораётганлигини мамнуният билан таъкидлади. Сўнгра Наманган шаҳар ҳамда туманлар тиббиёт бирлашмаларининг энг илғор ҳамшираларини "Фахрий ёрлиқ" ва эсдалик совғалари билан тақдирлади.

* 2019 йил, январь. "Наманганда ҳам энди олий маълумотли тиббиёт кадрлари тайёрланади". Хушхабар вилоятимиз ёшларини ғоят хурсанд қилди. Россия Федерациясидаги Урал давлат тиббиёт университети билан ҳамкорлик шартномасига мувофиқ Наманган давлат университетида тўртта йўналиш бўйича, яъни даволаш иши, педиатрия, стоматология ва фармацевтика бўйича янги факультет очилади.

* 2019 йил, февраль. Вилоят соғ­лиқни сақлаш бошқармасининг ташаббуси билан Алишер Навоий номидаги вилоят театри жамоаси бу гал Наманган шаҳридаги кам таъминланган оилалар, боқувчисини йўқотганлар, якка-ёлғиз ва ногиронлиги бор шахсларга хизмат кўрсатди. Эркин Воҳидовнинг "Матмуса" асари асосидаги спектакл­ни йиғилганлар мароқ билан томоша қилишди.

* 2019 йил, февраль. Ҳиндистондаги машҳур "Артемис" госпитали бош консультанти, профессор Манзур Аҳмад Мир Намангандаги 1-шаҳар шифохонаси гастроэнтерология бўлимида беморлар қабули ва шифокорлар билан маҳорат дарслари ўтказди.

* 2019 йил, 16 март куни Наманган шаҳри ва барча туманлар марказларида "Жисмоний фаоллик - саломатлик омили" шиори остида оммавий юриш марафони ўтказилди.

* 2019 йил, март. Янгиқўрғон туманидаги 55-оилавий поликлиника мудири Эралиева Малика Маҳкамовна II-даражали "Соғлом авлод учун" ордени билан тақдирланди.

* 2019 йил, апрель. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Ўзбекистон Врачлар Ассоциацияси, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди ва Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда "Ҳамшираликни соғлом ўтказиш қоидалари" мавзуида илмий-амалий анжуман ташкилланди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги НТТларини ва фуқаролик жамияти бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти асосидаги "Ҳомиладорлик маданияти" лойиҳаси доирасида ташкилланди.

* 2019 йил, апрель. 7 апрель "Бутунжаҳон саломатлик куни" муносабати билан мамлакатимизда уюштирилган навбатдаги соғломлаштириш тадбирида ҳам наманганликлар фаол қатнашишди. Вилоят маркази ва барча туманлардаги ўйингоҳ ва хиёбонлар соғ­лом турмуш тарзи тарғиботи марказига айланди. Бинобарин, Наманган шаҳридаги Халқаро аэропортга борадиган кенг ва равон йўл эрталабданоқ соғ­лиқни сақлаш, халқ таълими, мактабгача таълим муассасаларидан келган юзлаб велосипедчилар билан гавжумлашди.

Бошқарма бошлиғи Солижон Мўминов соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаолликни оширишда оммага ибрат намунасининг кўрсатаётган фидойи инсонларга миннатдорчилик билдирди ҳамда субҳидамдаги велосипед сайрига старт берди.

* 2019 йил, апрель. Ўзбекистон - Россия ҳамкорлиги Наманган соғлиқни сақлаш ходимлари фаолиятида ҳам яққол кўринмоқда. Наманган ва Сверд­ловск вилоятларининг тиббиётчилари биргаликда халқаро видеоанжуман ўтказишгани бу борада ғоят муҳим қадам бўлди. Ўзаро тажриба алмашинди, янги технологияларни амалиётга жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди.

* 2019 йил, апрель. Наманган шаҳрида вилоят эндокринология диспансери учун янги тўрт қаватли бино қуриб битказилди. 160 ўринга мўлжалланган муассасада барча қулайликлар муҳайё этиб қўйилган.

* 2019 йил, май. "Намунали поликлиника қандай бўлади?" Учқўрғон тумани кўп тармоқли марказий поликлиникасида ўтказилган кўргазмали семинарда шу ҳақида фикр юритилди. Уч­қўрғонлик тиббиётчилар тажрибаси вилоятга оммалаштирилди.

* 2019 йил, июнь. Янгиқўрғон туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлими ҳамшираси Дилафрўз Паттаева "Ҳамшира 2019" кўрик - танловининг республика бос­қичида мутлоқ ғолибликни қўлга киритди.

* 2019 йил, июнь. Наманган шаҳридаги 4-оилавий поликлиникада телетиббиёт жорий этилди. Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси раҳбари Равшан Изомов тақдимот тадбирида қатнашди. Тадбир бўлаётган муассасанинг ўзидан туриб, Ҳиндистондаги етакчи клиника билан боғланилди. Дастлабки бемор саломатлиги ҳақида электрон тартибда маълумот юборилиб, уни даволаш бўйича маслаҳат олинди.

* 2019 йил, июнь. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси навбатдаги акцияни вилоят прокуратураси билан ҳамкорликда ташкиллади. Шаҳар ва туманларида истиқомат қилувчи кам таъминланган оилалардаги ҳомиладор аёллар ва бир ёшгача болалар саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида тиббий кўриклар уюштирилди.

* 2019 йил, июль. Наманганда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан бутунжаҳон соғ­лиқни сақлаш ташкилоти ҳамкорлигида уч кунлик ўқув курслари ташкилланди. Унда "Хавфсиз иммунизация" ҳақида машғулот олиб борилди. Бачадон бўйни ракига қарши янги вакцинани 9 ёшли қизларда қўллаш тавсиялари берилди.

* 2019 йил, июль. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида Тошкент давлат педиатрия тиббиёт институтини муваффақиятли тугаллаган йигит-қизлар тантанали кутиб олиндилар.

* 2019 йил, июль. "Замонавий раҳбар қандай бўлиши ва нималарни билиши зарур?" Фарғона водийси тиббиёт муассасалари раҳбарлари ва бош ҳамшираларининг "2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси" ни ўрганиш бўйича олти кунлик сайёр ўқувда шу масала янада ойдинлаштириб олинди.

* 2019 йил, август. Наманган шаҳридаги "Шодиёна" тантаналари мажмуасида "Соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш" мавзуида республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.

Конференцияда Туркиядан келган бир гуруҳ ишбилармонлар ҳам қатнашиб, республика ва вилоятимизнинг тиббий тизим истиқболлари ҳақидаги тасаввурларини янада бойитдилар.

* 2019 йил, сентябрь. Наманган вилояти 2019 йилнинг 13-14 сентябрь кунлари "XXI асрда тиббиёт ва фармацевтиканинг ривожланишида инвестиция ва инновациянинг роли" мавзуидаги халқаро форумга мезбонлик қилди.

* 2019 йил, сентябрь. Мустақиллик байрами арафасида Наманган шаҳрида яна бир тиббиёт маркази фаолият бошлади. "Иммунитет" дея номланган нодавлат оилавий муассаса жамоаси Республикамизда 16 ёшгача болаларни Миллий эмлаш тақвимига мувофиқ 12 турдаги бошқарилувчи юқумли касалликларга қарши ва бошқа янги вакциналарни қўллашга кўмаклашишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

* 2019 йил, октябрь. Соғлиқни сақлашни инновацион ривожлантириш бўйича Ўзбекистон - АҚШ муносабатларида янги саҳифа очилди. Наманган вилоят ҳокими Ҳайрулло Бозоров Мичиган университети вакилларини қабул қилди. Доимий ҳамкорлик бўйича келишувга эришилди.

Беморларни таниқли олимлар Ҳафиз Халид, доцентлар Бренд Вард, Шейн Кинонес ва Алишер Дадабоев иштирокидаги илмий анжуманни Солижон Мўминов олиб борди.

* 2019 йил, октябрь. Вилоятда 350дан зиёд нодавлат тиббиёт масканлари фаолият юритяпти. Навбатдагиси Янгиқўрғон туманида "Исковот шифо маскани" МЧЖ ишга туширилди.

* 2019 йил, октябрь. Вилоят тиббиётчилари иштирокидаги делегация бу гал Россия Федерациясининг Бошқирдистон республикасида бўлиб қайтди.

* 2019 йил, ноябрь. Тиббиётчилар байрами муносабати билан Президентимиз фармонига кўра, Наманган тумани тиббиёт бирлашмаси туғруқ бўлими неонатологи Ширмонхон Мамадумарова "Соғлом авлод учун" 1-даражали ордени, Тўрақўрғон туман тиббиёт бирлашмаси педиатри Эдем Фетиевга "Дўстлик" ордени, вилоят болалар силга қарши кураш санаторияси ҳамшираси Ёқутхон Муҳиддинова ва Косонсой тумани тиббиёт бирлашмаси ички касалликлар бўлими ҳамшираси Раънохон Дўстматоваларга "Шуҳрат" медаллари берилди.

* 2019 йил, ноябрь. Тўрақўрғон туманидаги Бураматут қишлоғида "Кўл-ҳовуз" кўп тармоқли хусусий шифохона эшиклари беморларга очиб қў­йилди.

* 2019 йил, декабрь. Россия Федерациясининг Свердловск вилояти губернатори Евгений Куйвашев бошчилигидаги делегация вилоятдаги онкология шифохонасида, кардиология марказида, кўп тармоқли болалар тиббиёт марказида бўлди. Оқшом чоғи "Ойдин шифо" меҳмонхонаси анжуманлар залида ҳамкорлик меморандумини вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармаси бошлиғи Солижон Мўминов имзолади.

* 2019 йил, декабрь. Вилоятда ягона мукаммал бирламчи тиббиёт маскани 29-оила поликлиникасининг тақдимот маросими ўтказилди.

* 2019 йил, декабрь. Лазерли тиббиётнинг мўъжизавий салоҳияти ҳақида Наманган шаҳридаги "Анамед" диагностика марказида хорижлик мутахассислар томонидан ўтказилган маҳорат дарсларида фикр юритилди. Анжуман Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси Наманган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва Қозоғистон Республикасининг "Флебология ва лазерли тиббиёт" клиникаси билан ҳамкорликда ташкилланди.

* 2020 йил, январь. Наманган шаҳрининг "Юксалиш" массивида янги қуриб битказилган оилавий поликлиника фойдаланишга топширилди.

* 2020 йил, январь. Янгиқўрғон туманининг Навкентида 56 - оилавий поликлиника, Нанайда 62-оилавий поликлиника шифокор ва беморларни ўз бағрига чорлади.

* 2020 йил, январь. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалида нейрожарроҳлик соҳасида мураккаб технологик жарроҳлик амалиётини ёш мутахассис Сайдулло Шарифбоев муваффақиятли бажарди. Беморни безовта қилаётган касаллик бўйича бурун васфенопдал бўшлиқ орқали кирилиб, гипофез бези ўсмаси бартараф этилди.

* 2020 йил, февраль. Наманган шаҳар прокуратураси ташаббуси билан 9-оила поликлиникасида оналик ва болалик муҳофазаси йўналишидаги ишларни янада кучайтиришга бағишланган тадбир ташкилланди.

* 2020 йил, май. Чин юрти шифокорлари вилоятимизга келишди. Уларни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Солижон Мўминов ҳамда коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича марказий штаб вакиллари, кутиб олишди. Намангандаги эпидемиологик вазият ва уни барқарорлаштириш борасидаги ишлар билан таништирилди. Хитойлик тиббиётчининг онлайн тарзидаги видеомаслаҳати ғоят самарали кечди. Доктор Вант Ван Чун ўзбекистонлик ҳамкасблари фаолиятига юксак баҳо берди.