дейди Тўрақўрғоннинг Ахси қишлоғида умргузаронлик қилаётган, 45 йилдан буён диабет хасталиги билан курашиб келаётган меҳнат фахрийси Абдужаббор ЖАКБАРАЛИЕВ.
Вилоят эндокринология диспансерида даволанаётган Абдужаббор ота таҳририятга қўнғироқ қилиб, бизни ушбу муассасага чорлади. Муддаоси эса саломатлигини сақлашда ҳамиша кўмаклашаётган тиббиёт ходимларидан миннатдорлигию, хасталик билан ҳам узоқ-умр кўриб яшаш сирларини биз билан баҳамлашиш экан.
- Автомашинамни бошқариб Яндама қишлоғидан ўтиб бораётсам, бир боласини қўлида кўтариб олган, яна бирини етаклаб йўл четида кетаётган аёлга кўзим тушди. Тезликни пасайтириб, эҳтиёткорлик билан бордим. Уларга яқинлашганимда, бола онанинг қўлидан қўлини уздию... Жон ҳолатда машинамни тўхтатдим. Қарасам, қизча ерда ётарди. Машинамда урворибман деб ниҳоятда қўрқиб кетдим. У онасининг қўлидан чиқиб кетаётиб, йиқилиб тушган экан... Ўшанда жуда қаттиқ қўрққанман шекилли, - дейди Абдужабор ота. - Шу воқеа бўлгандан кейин танамда ўзгариш сеза бошладим: ҳолсизлик, кўп терлаш, чанқаш каби ҳолатлар пайдо бўлди менда. Туман марказий шифохонаси бош врачи, раҳматли Маҳмуджон Қўчқоровга учрадим. Таҳлиллар топширдим. Диабетга чалинганим маълум бўлди.
Вилоят эндокринология шифохонасининг ўша пайтдаги бош врачи Замира опа барча ёрдамларини аямади. Даволаниб, яна ишимни давом эттирдим. Қаерда ва қандай, қайси лавозимда ишламай, асло саломатлигим олдидаги масъулиятимни унутмадим. "Кимки ўз соғлигини ўйламапти, билингки, у нодондир", дейди тиб илмининг султони Абу Али ибн Сино. Ҳамиша ўз саломатлигимни ўзим ҳимоячиси бўлдим. Шифокорларнинг берган барча тавсияларига амал қилдим. Улар билан дўст тутиндим, зарарли одатлардан воз кечиб, соғлом турмуш тарзига қатъий амал қилиб яшаяпман.
Турмуш ўртоғи Ҳабибахон ая билан пиру-бадавлатликда, қўша - қариш бахтига мушаррафланган Абдужаббор ота 5 ўғил, 5 қизни тарбиялаб вояга етказишди. Уларнинг барчаси эл корига камарбаста. 5 нафар келиндан 3 таси ҳамшира. 34 нафар невара, 20 нафар чевара, 2 эваранинг бобоси у.
- Ҳукуматимиз томонидан замонавий ва барча қулайликларга эга шифохонанинг бунёд бўлиши ҳамма қатори мени ҳам қувонтирди, - дейди отахон. - Янги муассаса биносининг очилиш маросимида вилоят ҳокими Ҳайрулло Бозоров билан биргаликда лента қирқиб, очиб берганимдан, сўзга чиқиб, бизларга беҳад ғамхўрликлар учун Президентга мингдан-минг ташаккурлар изҳорлаганимдан фахр-ифтихор туяман.
45 йилдирки мазкур шифохона шифокорлари билан ҳамнафасман. Йилда 2 марта, албатта, даволаниб кетаман. Шифокору, ҳамширалар, тозалик бекалари барчаси ўз ўғил қизларимдек меҳрибон. Улар ҳамиша саломатлигимни ҳимояловчиларидир. Улардан бир умрга миннатдорман.
"Диабет хасталиги билан ҳам узоқ умр кўриш мумкинми?" - дея савол беришади. Албатта, мумкин. Ўз соғлигингизга эътиборли бўлсангиз, ҳар қандай дард чекинади. Соғлом овқатланинг, шифокорнинг буюрганларига доимо амал қилинг, нафсингизни тийинг, руҳингизни баланд кўтаринг. Ҳаётда армонлар, ташвишлар ва қайғулар учрайди. Сиз асабингизни асранг. Сиқилманг. Ахир энг катта бойлигингизни асраш ўз қўлингизда.
Манзура ЭРГАШЕВА ёзиб олди.