Ўзбекистон Республикасининг "Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тўғрисида"ги Қонунида ихтиёрий текширув билан бирга, мажбурий текширувнинг ҳам йўналишлари белгилаб қўйилган. Унга кўра, қон биологик суюқликлар донорлари, 50 ёшгача бўлган никоҳланувчилар ва ҳомиладор аёллар, инъекция орқали гиёҳванд воситаларини истеъмол қилишда гумон қилинаётган шахслар, ОИВни юқтирган онадан туғилган болалар, ўз фаолиятида қон, биологик суюқликлар, одам органлари ва тўқималари билан ишловчи тиббиёт ходимлари, жинсий шеригида ОИВ аниқланган шахслар ва бошқа мутахассислар бу борада мажбурий тиббий текширувдан ўтишлари лозимлиги кўрсатилган. Шунингдек, текширувдан ўтаётган шахснинг ғайриихтиёрий равишда ОИВга тиббий текширувдан ўтказиш Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда унинг розилигисиз ёки қонуний вакилининг розилигисиз суриштирувчининг, терговчи, прокурорнинг қарорига ёки суд ажримига кўра амалга оширилиши қайд этилган.
Очиғини айтганда, сўнгги йилларда аҳоли, айниқса, чет давлатларда ишлаб келаётган шахслар ўртасида ОИВ инфекциясининг нисбатан кўпроқ учраётгани ташвишлидир. Сабаби, оиласи ва болаларини қолдириб четга мавсумий ёки бир неча йилга меҳнат қилишга борганда у ерда инфекцияни илаштириб келиб, ўзи билмаган ҳолда оиласига ҳам юқтирадилар. Шунинг учун маслаҳатимиз, меҳнат муҳожирлари қаерга ишлашга боришидан қатъий назар ўз юртига киришдан аввал, албатта, ОИВ текширувидан ўтишлари шарт. Тиббий кўрикдан ўтмасдан шаръий никоҳлар билан оила қурганларга ҳам шу маслаҳатни берамиз.
Гулхумор Мамажонова,
Маматхон Абдураҳмонов,
вилоят ОИТСга қарши кураш маркази мутахассислари.