Диарея халқ орасида ичоғриғи, ич кетиши номлари билан аталадиган хасталик. У ичак йўлларининг функционал бузилиши ҳисобланиб, ичакларни бўшатиш ва ичнинг суюқ ҳолатда келиши билан кечади. Кўпгина ҳолларда ичбуруғ овқатдан заҳарланиш, шунингдек, хатарли паталогиялар, яъни, сурункали гепатит, панкреатит ва бошқа инфекцион-яллиғланиш касалликларининг аломати бўлиши мумкин.
Ичакларнинг меъёрий фаолияти бузилганда овқат ҳазм қилиш жараёни тезлашади. Тўлиқ парчаланмаган овқат қолдиқлари ахлатга айланиб, ачиш жараёни вужудга келади ва суюқ ахлат чиқиши тезлашади. Ҳожат характери ичбуруғ сабабларига боғлиқ бўлиб, ҳар бир конкрет вазиятда ахлат суюқлиги, ҳиди, миқдори, турли аралашмалар, масалан, суюқ шилимшиқ сингари кўринишларда бўлади.
Енгил шаклдаги ичбуруғ аслини олганда, хатарли эмас. Дори-дармон қўлланганда тезда муаммо ҳал бўлади. Организмнинг муҳим ҳаётий аҳамиятга эга микроэлементлар ва ич кетишининг доимий ҳамроҳи - сувсизланиш саломатликка жиддий хавф солади. Шунинг учун уй шароитида ич кетиш маҳали нималар қилиш кераклиги, дори қутисида қандай дори воситалари бўлиши ва келажакда мазкур ҳолатнинг олдини олиш учун қўлланажак тадбирлардан хабардор бўлиш лозим.
Ичбуруғ кишида ҳаддан зиёд овқат истеъмол қилгани, қаҳва ёки алкоголли ичимликларни кўп миқдорда ичгани, ёғли таомлар сабабли келиб чиқиши мумкин. Одатда бу ҳолат тезда ўтиб кетади ва даволаш учун айтарли муаммолар пайдо бўлмайди. Бошқа ҳолларда эса ичбуруғ:
- вирусли, бактериал, паразитар ва замбуруғли инфекциялар;
- организмнинг заҳарли моддалар ва тиббий препаратлар билан заҳарланиши;
- сифатсиз сув ва озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмоли;
- озиқ-овқат маҳсулотлари ва тиббий препаратларга аллергия;
- ошқозон ва жигар фаолиятининг бузилиши;
- ингичка ва йўғон ичаклар касалликлари;
- ичак яллиғланиши синдроми;
- сурункали панкреатит;
- ўсимталар;
- стресслар туфайли пайдо бўлиши мумкин.
Ичбуруғ ўзига хос кўринишда, масалан, қайт қилиш, қоринда оғриқ, тана ҳароратининг кўтарилиши, кўнгил айниши сингари аломатлар билан ўтиши мумкин.
Ичбуруғ ўткир ва сурункали бўлади. Ўткир ҳолатда ич бузилиши бир марта рўй бериб, бир неча кун ёки икки ҳафтагача давом этиши мумкин. Вируслар, бактериялар, овқатдан заҳарланиш ёки аллергия унга сабаб бўлади.
Сурункали ич бузилиши эса узоқ ҳамда озроқ муддатли қайталанишлар билан давом этиши характерланади. Ич кетиши бир ой давом этиши, баъзан ўтказиб юборилганда эса йиллаб давом этади. Одатда бунга ошқозон-ичак йўлларининг жиддий хасталиклари сабаб бўлиб, уни мутахассисларгина аниқлаши ва тегишли муолажалар тавсия қилиши мумкин.
Катталарда ичбуруғ аломатлари қуйидаги салбий кўринишлар билан характерланади:
- дармонсизлик;
- тез-тез ҳожатга чиқиш;
- ошқозонда санчиқ;
- қорин дам бўлиши;
- кўнгил айниши ва қайт қилиш;
- бош оғриғи;
- тананинг юқори ҳарорати.
Бундай ҳолатларда беморга ичбуруғга қарши ишончли ва маълум дори воситасини бериш, ҳароратни туширувчи дори ва кўп миқдорда суюқлик ичириш тавсия қилинади.
Кўпгина ҳолатларда ичбуруғ маҳали тана ҳарорати кўтарилмайди ва бу иммун тизимининг кучсизлигидан далолат беради. Ўз навбатида организмнинг турли ёт вирус ва инфекцияларга курашувчанлиги пастлигини кўрсатувчи омил ҳисобланади. Қуйидаги кўринишлар билан кечаётган ичбуруғда зудлик билан тез тиббий ёрдам чақириш керак:
- ахлатнинг сув аралаш келиши;
- организм сувсизланаётгани аломатлари (пешобнинг тўқ рангги, кўкариш, мушак тортишувлари, чалғиб кетиш);
- ичнинг қон ёки шиллиқ аралаш келиши;
- ахлатнинг қорамтир тусдалиги (ички қон кетиш хавфи);
- оқ рангда ич келиши (ўт йўлларини тош ёки ўсимта тўсган бўлиши мумкин);
- қоринда доимий оғриқ.
Болаларда ичбуруғ маҳали ичдан келаётган масса рангги ва ҳолати касаллик сабабларини аниқлашда ёрдам беради:
Пуштирангли ахлатга - дизентерия;
Ахлатнинг яшил тусдалигига - стафилококкларнинг кўпаётгани;
Кулранг кўпикли ахлат - организмга ротавирусов тушгани;
Ҳазм бўлмаган овқат қолдиқлари аралаш, ёғли ахлат эса - бола организмнинг таомномадаги у ёки бу таом ёки масулотни ҳазм қилмаётганини далолатлайди.
Болаларда ичбуруғ ахлатнинг ўзига хос ранг ва ҳидли бўлишининг сабабларидан яна бири дисбактериоз ҳисобланади. Ташхисни мутахассис тасдиқлайди ва шунга мувофиқ даво муолажаларини белгилайди.
Уй шароитида ичбуруғни даволашга киришишдан олдин, келиб чиқиш сабабларини аниқлаш аҳамиятга эга.
Беморнинг кўнгли айниётган бўлса, бу организмнинг токсинлардан табиий равишда халос бўлишга ҳаракатидир. Ич кетиш ва қайт қилиш маҳали организм сувсизланиб қолишининг олдини олиш лозим. Бундай пайтда табиий сабзавотли шарбатлар, газланмаган, тиндирилган сув ичирилади. Тана ҳарорати юқори бўлганда эса иситмани туширувчи дорилар тавсия қилинади.
Ичбуруғ пайти қорин оғриса-оғримаса ошқозон-ичак тизимига бериладиган босимни имкон қадар камайтириш керак. Таомномадан ёғли, қовурилган, ширин, аччиқ ва ўткир таомлар ҳамда зираворларни чиқариб, қора нон, сут ва сут маҳсулотлари, қаҳва ва алкоголдан тийилиш шарт.
Ичбуруғни даволашнинг дастлабки ҳафтасида қуйидаги парҳезга риоя қилиш лозим:
- буғлаб пиширилган парҳез гўшт;
- ёғсиз шўрва;
- қайнатилган гуруч;
- қоқнон;
- банан;
- қирғичдан ўтказилган олма.
Юқорида келтирилган хатарли аломатлар кузатилганда беморга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш зарур.
Дияреяни олдини олишда, айтарли қийин бўлмаган тавсияларга амал қилиш талаб этилади:
- овқатдан олдин қўлларни совунлаб тозалаб ювиш;
- қайнатилмаган сувни ичмаслик;
- эски ва муддати ўтган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилмаслик;
- сабзавот ва меваларни истеъмол қилиш ва овқатга ишлатишдан олдин тозалаб ювиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Умида УМАРОВА,
вилоят юқумли касалликлари шифохонаси 1-бўлими мудири.