ЁҲУД ҚАРИНДОШГА ҚИЗ БЕРМАНГ!
Олигофрения юнонча сўздан олинган бўлиб, олиго-кам, фрекус-ақл деган маънони билдириб, ақлнорасо, кам ақллилик, туғма ақлий пастлик демакдир. Бу касаллик келиб чиқиши, ривожланиши, клиник белгилари жиҳатидан турли хил. Аммо ягона белгиси туғма ёки уч ёшгача даврларда орттирилган ақли пастлик билан белгиланган ҳолатдир. Халқ орасида уч фоиз тарқаган. Эркаклар ўртасида аёлларга нисбатан бир ярим марта кўпроқ учрайди.
Олигофрениянинг асосий белгиси руҳий фаолиятнинг ҳар томонлама етишмаслигидир. Бунда асосан гап болаларнинг тафаккурини, фикрлаш қобилиятини чегаралангани, ҳатто бундай қобилиятнинг йўқ эканлиги устида боради. Шахс ривожланиб, камол топиб боргани сари унинг фикрлаши мавҳумлаша (абстрактлаша) бошлайди, яъни аниқ белгиларга қараб тафаккур бойийди. Масалан, дастлаб бир сонини бошқасига қўшиш керак бўлса болалар бунда аниқ (конкрет) предметларни кўзда тутадилар, яъни бир олмага, учта олма қўшилса, тўртта олма бўлишига ва кейинроқ бориб эса предметлашган сонлар ўрнига фақатгина қуруқ сонларни ўзи қолавериши мумкин бўлади. Улар карра жадвалини ёдлаб олиб, айтиб беришлари конкрет хотира фаолиятидир. Бироқ бу жадвал ичида бўлиш, айириш, қўшиш амалларини бажаришда мавҳумлашган фикрлар зарур бўлдики, буни бажаришда ақли паст болалар жуда қийналадилар ёки бутунлай бажара олмайдилар. Бундай болаларга таълим беришда мактаб ўқувчиларига қийинчилик туғдирадилар.
Олигофренияда сўз бойлиги, сўзлаш қобилияти, ҳиссиётлар, ҳаракат бойлиги ҳам камбағал бўлади. Кўпинча болаларда турли туғма етишмовчиликлар кузатилади. Буларга мушакларнинг кучсизлиги, бош мия суягининг турли хил қийшайиши ҳамда кичик ёки катта бўлиши, каттароқ ёшга етган ақлинорасо беморларда дайдилик, жинсий хирсларнинг ошишига тааллуқли бўлган хатти-ҳаракатлар, тажавузкорлик белгилари кузатилади.
Бу касалликнинг асосий техник ирсий омиллар хромосомалар бузилиши, ота-она касалликлари, заҳарланишлар, сурункали йод етишмовчилиги, ота-онанинг сурункали алькоголизми, вирусли касалликлар, турли хил заҳарланишлар, туғруқдаги жароҳатлар, нейроинфекциялар, турли омиллар таъсиридаги энцефалопатиялар, болаликнинг дастлабки ёшдаги бош мия жароҳатлари туғма ақлий заифликка олиб келиши аниқланган. Шунингдек, баъзида қариндошлар билан никоҳ қуришади. Улардан туғиладиган фарзандларда ақли заиф кўрсаткичи юқори бўлади. Бу ота ёки она ақли заиф бўлса улардан туғиладиган фарзандлардан 36, 1 фоизи ақли заиф болалар дунёга келишига олиб келади. Агар ҳар иккала никоҳланувчи шахслар ақлан заиф бўлсалар, улардан туғиладиган фарзандларда 42,1 фоизи ақли заиф ҳолда дунёга келиши мумкин.
Кўриниб турибдики никоҳланувчи қариндош-уруғ ёки улардан бири ақли заиф бўлса, келгусида ҳомиладорликнинг шаклланишида айнан ақли заифликни ўзида ташувчи хромасомаларнинг иштирок этиши эҳтимоли юқори бўлади.
Ушбу касаллик ҳам бошқа руҳий касалликлар қатори ижтимоий-иқтисодий вазиятларга ҳам боғлиқ.
Бундай болаларни давлат ижтимоий ҳимояга олган, яъни енгил даражадаги ақли заиф болалар учун боғчаларда, мактабларда махсус синфлар, махсус мактаб-интернатлари ўз фаолиятини олиб бормоқда.
Ўткиржон ШАРИПОВ,
вилоят асаб-руҳий касалликлари шифохонаси ўсмирлар бўлими мудири.