Тиббиёт ходимлари ўз касбий бурчларини бажарар эканлар, доим тиббиёт этикаси ва деонтологиясига амал қилган ҳолда иш олиб борадилар. Тиббий этика - тиббиёт ходимини ўзини тутиши, муомаласи, кийиниш маданиятини ичига олади. Деонтология - тиббиёт ходимининг ходимлар билан ўзаро ва беморлар билан мулоқот жараёнини ўз ичига олади. Тиббиёт ходими беморлар билан мулоқотда хушмуомала, нажоткор сифатида намоён бўлиши керак. Пандемия даврида тиббий этика ва деонтологиянинг ўзига хос хусусиятларига тўхталар эканмиз, аввало тиббиёт ходимлари фаолият олиб борадиган муассасалар ва уларда даволанадиган беморлар тоифаларига алоҳида эътибор қаратамиз:
Маълумки, юқумли касалликлар шифохонасида коронавирус инфекциясига чалинган беморлар даволанади. Бу муассасада фаолият юритаётган врачлар этикаси ва деонтолгиясининг ўзига ҳослиги шундаки, врачлар беморлар билан ҳимоя кийимларини кийган (комбенизон, этик, кўзойнак, қўлқоп, ниқоб ) ҳолатда мулоқотга киришадилар. Бунда бемор дастлаб ўзига қўйилган ташхисдан ваҳимада бўлиб, тиббиёт ходимига ишончсизлик билан қараши мумкин. Бу ҳолатдаги беморларни даволашга киришаётган врач аввало кийимларига эътиборли бўлиши, ҳимоя кийимларини бежирим ва ўзига мосларини кийиши лозим.
Беморлар билан мулоқотни аввало ўзини таништиришдан бошлаши керак. Чунки врач ҳимоя кийимида бўлганлиги учун бемор шу врач томонидан даволанишини билиши лозим. Врач беморга ўзини таништиришда фамилияси, исми, стажи, тоифаси ва қачондан буён шундай беморларни даволаш билан шуғулланаётганлиги тўғрисида маълумот бериши лозим. Врач ўзи ҳақида аниқ ва тушунарли маълумот бергандагина беморнинг ишончига киради.
Мулоқотда бемор ҳис-ҳаяжон билан билдираётган фикрларни охиригача тинглаб, аввало касалликни белгиларига, уларни муддатига, бемордаги қўшимча касалликларига эътибор қаратган ҳолда, биринчи суҳбатнинг ўзидаёқ бемор албатта тузалишига ишонч ҳосил қилишига эришиш керак. Врач бемор билан мулоқот давомида даво муолажалари, уларнинг бажарилиши, таҳлиллар олиниши ҳақида айтиб, дори-дармонлар ва озиқ-овқатлар давлат ҳисобидан берилаётганлигини тушунтириб қўйиши керак. Беморларни касаллик ҳақидаги саволларига аниқ ва қисқа жавоб бериб, "Сизда касалликни енгил формаси, сиз албатта 100 фоиз тузаласиз, даволаш муддати сизни дориларни вақтида қабул қилишингизга боғлиқ"деган сўзларни айтиши керак.
Врач беморни даволаш жараёнида ҳушмуомалалик билан унда бўлаётган ижобий ўзгаришларни айтиб, уни руҳий рағбатлантириб бориши даркор. Covid-19 билан оғриган беморларни даволашда мулоқот жараёнидаги энг танг вазият бемордан муолажалардан сўнг қайта таҳлил олингандан кейинги ҳолатда юз бериши мумкин. Яъни, таҳлил натижаси манфий бўлса, муаммо йўқ, лекин таҳлил мусбат натижа бериб қолса, жуда ҳам эҳтиёткорлик билан йўл тутиш керак. Бу ҳолатда беморга даво муолажалари давом этишини, таҳлил натижаларига кўра бемор яна қандайдир препаратлар қабул қилиши кераклигини айтиши керак. Бемор тушкунлик кайфиятига тушиб қолишига имкон бермаган ҳолатда керак бўлса плацеботерапиядан фойдаланиши керак.
Юқумли касалликлар шифохонасида фаолият олиб бораётган тиббиёт ходимларининг лавозимларига кўра деонтологияси қуйидаги кўринишда бўлиши мақсадга мувофиқ:
Бош врач - даволовчи врач мулоқотида даволовчи врач ўзаро ҳурматга риоя қилган ҳолда ўзи даволаётган беморлар ҳолати тўғрисида аниқ маълумотлар бериши, даволаш жараёни ва текширувлар натижалари ҳақида бош врачни хабардор қилиб бориши керак. Юқумли касалликлар шифохонасида бу каби мулоқотлар телефон орқали олиб борилишини ҳисобга олган ҳолда, мулоқот вақти ўзаро келишувга асосан маълум вақтда ўтказилиши лозим. Бош врач ўз навбатида беморларни даволаётган врачни руҳий рағбатлантириб бориши, даволаш жараёнида вужудга келган муаммоларни ўз вақтида бартараф қилиш чораларини кўриши керак.
Врач - ҳамшира мулоқотида врач қўполлик, ҳурматсизлик каби иллатларга йўл қўйилмаслиги, ҳамширага бажариши керак бўлган муолажаларни аниқ ва тушунарли қилиб белгилаб бериши керак. Ҳамшира ҳам ўз навбатида врачга ҳушмуомалада бўлиб, врач кўрсатмаларини ўз вақтида ва профессионал даражада бажариши, беморда тўсатдан пайдо бўлган ўзгаришлар ҳақида врачга ўз вақтида хабар бериши лозим. Ҳамшира врач билан бемор олдида даво муолажаларини муҳокама қилмаслиги зарур.
Ҳамшира - кичик тиббиёт ходими мулоқотида ҳамшира ўзини юқори қўймаган ҳолда кичик тиббий ходим бажараётган ишларни назорат қилиши, тозалов ишларини олиб бораётган кичик тиббий ходимга беморлар билан мулоқотда доимо эҳтиёт бўлиши лозимлигини, даволаш жараёни ва бошқа беморлар ҳақида маълумот бермаслигини тушунтириб бориши керак. Кичик тиббий ходим ўз навбатида ўзидан юқори лавозимдаги ходимларга нисбатан хушмуомалада бўлиши, тозалов ишларини сифатли ва виждонан бажариши шарт.
Карантин муассасаларида фаолият олиб бораётган тиббиёт ходимларининг этика ва деонтологияси.
Ҳаммага маълумки, ҳозирги пандемия даврида Covid-19 билан оғриган беморлар билан мулоқотда бўлганлар "карантин"га олинади. Бунда фуқаролар мослаштирилган биноларда, яъни, шифохона, санатория, ётоқхоналарга жойлаштирилди. Бу муассасаларда даволаш ишлари олиб борилмасада, фуқаролар фаол кузатувда бўлишади. Карантин муассасаларида ҳам врач ва ҳамширалар фаолият олиб боради. Уларнинг вазифаси фуқаролар саломатлигини назорат қилиш, касаллик белгилари пайдо бўлганда навбатдан ташқари таҳлил олинишини ташкиллаштиришдан иборат.
Карантин муассасаларида фаолият олиб бораётган врач ва ҳамширалар ҳам тиббиёт этикаси ва деонтологиясига эьтиборли бўлиб, у ерда жойлаштирилган фуқароларга хушмуомалалик билан, кун тартибига риоя қилишлари лозимлигини, вақтида овқатланишни, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилишни, қўлларни тез-тез, узоқроқ вақт давомида ювишларини, тана ҳароатини доимий назорат қилиниб турилишини тушунтириб боришлари керак.
Карантинга олинган фуқаролар орасида асабийлик, норозилик кайфиятларини бартараф килиб, "ковидофобия" белгилари ривожланмаслиги учун уларда касаллик белгилари йўқлигини айтиб, руҳий мадад бериб туришлари керак. Фуқаролар билан мулоқотда уларга берилаётган шахсий ҳимоя ва шахсий гигиена воситалари, озиқ-овқатлар давлат томонидан таъминланаётганлигини айтиш лозим. Карантинга олинганидан қатъий норозилик билдираётган фуқаролар билан алоҳида суҳбат ўтказилиб, карантиндан мақсад нима эканлигини тушунтириб бориш даркор.
Шошилинч ёрдамга муҳтож ва режали (яъни юқумли бўлмаган) беморлар даволанадиган шифохоналарда Covid-19 пандемияси даврида тиббий этика ва деонтологиянинг ўзига хос хусусиятлари
Беморлар даволанадиган стационарларда қатъий тартиб-интизом ўрнатилиши, субординация, яъни кичик лавозимдаги ходимларнинг катта лавозимдаги ходимларга хизмат вазифаси юзасидан бўйсунишига амал қилиниши керак. Тиббиёт ходими шифохонада даволанаётган беморларга меҳрибон, эътиборли бўлиши лозим, даволаш жараёнида ва мулоқотларда таниш-билишчиликка йўл қўйилмаслиги шарт.
Даволовчи врач юқори малакага эга бўлиши ва беморлар билан мулоқотда беморнинг соғлиги юзасидан бераётган саволларига жавоб бера олиши керак. Чунки бемор китоб ўқиш ва интернет материалларидан фойдаланган ҳолда ўз касалликлари ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлиши мумкин.
Деонтологияга врачлик сирини сақлаш ҳам киради. Врачлик сири беморнинг ҳақиқий ташхисини ўзига билдирилмайдиган ҳолат бўлиб, бу сирни нафақат врачлар, балки шу муассасада фаолият юритаётган барча тиббиёт ходимлари ҳам сақлаши лозим.
Тиббиёт ходимлари бемор олдида бир бирларини танқид килмасликлари ва ўзидан паст лавозимда турувчи ходимларнинг ишига баҳо бермасликлари керак. Раҳбар ўз ходимларига эътирозларини юз-юзма туриб билдириши ва бунда ходимни асло обрўсизлантирмаслиги даркор.
Ўрта ва кичик тиббиёт ходимлари билан мулоқот ошкора бўлиши керак. Бунда беморларни даволаш ва текшириш жараёнидан хабардор ходимлар бемор ва бемор қариндошларининг саволларига "мен бу ҳақда билмайман, даволовчи врачга мурожаат қилинг" деб жавоб беришга ўргатиш мақсадга мувофиқдир.
Аброржон АЛИЖОНОВ,
РШТЁИМ Наманган филиали директори.
Ҳамидулло УСТАБОЕВ,
РШТЁИМ Наманган филиали бош врач ўринбосари.