Британиялик машҳур онколог Девид Ейгаснинг таъкидлашича, саломатликни асрашда ҳар ким амал қилиши керак бўлган бир нечта оддий, аммо керакли тавсиялар мавжуд экан. Шифокорнинг ўзи эса "Ёмонлик кутиб яшасанг, албатта, ёмонликни оласан. Яхшилик кутиб яшасанг, яхшилик келади", деган нақл билан фаолият юритади. Девид яхшиликка умид қилиб, кўплаб инсонларга ўсмани енгишга ёрдам берган ва мазкур касаллик профилактикасида ҳам ўз тавсияларини инсонлардан аямайди. Қуйида уларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

1. Табассум қилинг. Юз мушакларининг мимик ҳаракатлари стресс даражасини пасайтирувчи ендорфин ва серотонин гормони ишлаб чиқарилишини қувватлайди.

2. Танангизни тўғри тутишга ҳаракат қилинг. Тўғри ҳаракатланиш арт­рит, қон айланишининг бузилиши, бош ва мушакдаги оғриқлар, нафас олишнинг қийинлашиши каби бир қанча муаммоларни четлаб ўтишга ёрдам беради.

3. Баланд пошнали поябзалдан воз кечинг. Тиббиётда баланд пошнали оёқ кийимларни кийиш юрак-қон томир, алсгеймер, аутоиммун касалликлар, қандли диабет ва ҳаттоки қариш жараёнининг тезлашишига олиб келиши мумкинлиги исботланган.

4. Уйқунгиз очилмаяптими? Бир финжон қаҳва ичиб олиш танани уйғотишга ёрдам беради. Ўтказилган тад­қиқотларга кўра, кунига бир марта ичилган қаҳва ўсма касалликларига чалиниш хавфини камайтирар экан.

5. Ўз танангизни кўздан кечиришга одатланинг. Бунинг учун бир неча дақиқа кўзгу қаршисида туришнинг ўзи кифоя. Танани диққат билан кўздан кечириш ундаги салбий ўзгаришларни вақтида пайқашингизга ёрдам беради.

6. Кўпроқ фарзандли бўлинг. Илмий тадқиқотлар натижаларига кўра, фарзанди бор инсонлар бефарзандларга қараганда узоқроқ ва бахтлироқ ҳаёт кечиришар экан.

7. Жисмоний тарбияни ҳам ёддан чиқариш керак эмас. Олимлар кун давомида бир жойда қимирламай, ҳаракатсиз ўтиришнинг қандли диабет, юрак-қон томир каби касалликлар билан ўзаро боғлиқлигини аниқлашди. Кунига жисмоний тарбияга 2 соат вақт ажратиш 22 соат ўтириб ёки ётиб ўтказилган вақтнинг ўрнини қоплашга ёрдам беради.

8. Узум шарбатини кўпроқ истеъмол қилинг. Мазкур мева шарбати юрак касалликлари хавфини камайтиради. Қонни кўпайтиради ва қон айланишини яхшилайди.

Санжарбек ҲАМИДОВ  тайёрлади.