Инсон ҳаётида саломатликдан қадрлироқ,бебаҳороқ яна нима бор. Бунинг учун ҳамма ўз соғлом ҳаётини йўлга қўйиши, оқилона яшаш тарзига амал қилиш жуда муҳим. Бундай йўл тутиш "Ўзим учун ҳам яшашга, шу ҳаётдан баҳра олишга вақт топа олдимми?" дея ўйлаб кўришни тақозо этади. Мазкур ғояда асло худбинлик унсури йўқ. Аксинча, қадрини ҳам ҳисоб-китоб қилиш заруратидир, десак асло хато бўлмас. Ўзини, ўз соғлиғини қадрламаган ва саломатлигини сақлаш йўлларини билмаган одам ўзгалар дардини асло тушунмайди. Куну -тун тирикчилик ташвиши билан югурамиз. Аммо, ўз ҳаётимизни оқилона тарзда ташкил этишга эътиборимиз йўқ ҳисобида. Демак, "ўзи учун ҳам яшаш" ғояси маърифий умидбахш йўналиш. Унинг асосида ҳар бир одам ўз турмуш тарзига бўлган қарашини ўзгартириш туради.
Одам ўз ҳаётини оқилона ташкил этиш орқали фақат инсон зотига фойда келтириш билангина чекланиб қолмайди. Шуниси аниқки, ўз соғлигини асраган тақдирда, табиатни, ҳаёт давомийлигини асраган бўлади.
Соғлом турмуш тарзини ташкил этишда одам қуйидагиларга катта эътибор қаратиши шарт. Қандай овқатланиш, нималарни истеъмол қилиш, нимани қачон ва қанча ичиш, соф ҳаводан қандай фойдаланиш, ухлаш, дам олиш, организмни қай тариқа чиниқтириш, аниқ кун тартибига риоя қилиш кабилар.
Инсон организмининг ривожланишида ҳаракат мускул фаолияти, жисмоний иш муҳим ўрин тутади. Чунки унинг ҳаёт кечириши, турмуш тарзи бевосита фаол ҳаракатни тақозо этади. Бундай боғланиш инсон пайдо бўлганидан бери яшашнинг ажралмас қисми бўлиб, эволюцион йўл билан мустаҳкамланган. Шу сабабли ҳаракат фақат тирикчилик учун керак бўлиб қолмасдан (овқат топиб ейиш, душмандан ўзини ҳимоя қилиш, ноқулай омиллардан муҳофазаланиш ва бошқалар) барча ташқи ва ички аъзоларнинг меъёрий ишлаши учун заруратга айланган. Ҳозирги шароитда эса техниканинг жадал ривожланиши, турмушда автоматлаштириш ва механизациялаштиришнинг тобора кенг кўламда қўлланилиши инсоннинг бевосита ҳаракат қилишини анча мунча чеклаб қўйди. Бунда организмдаги барча аъзоларнинг ўз функцияларини тўлиқ бажаришига монелик пайдо бўлади. Шунинг учун ҳам жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш кундалик турмушнинг ажралмас қисмига айланган.
Фаол ҳаракат организмнинг касалликларга кам чалинишини, хасталанганда осон ва тез тузалиб кетишини таъминлашга кўмаклашади. Ҳаётда бунга кўпгина жонли мисоллар келтириш мумкин. Маълумки, ота-боболаримиз жисмоний ишлашни кундалик режим санаганлар. Шу боисдан ҳам улар ҳозирги пайтда тез-тез учраб турадиган айрим сурункали хасталиклар (қонда холестерин моддасининг кўпайиб кетиши ва у билан боғлиқ хасталиклар, семизлик, қандли диабет, юракнинг ишемик касаллиги) билан кам оғриганлар. Илмий асосланганки, артериал қон босимининг юқори бўлиши, миокард инфаркти, асаб тизимининг қатор хасталиклари, ўт ва сийдик йўлларида тош пайдо бўлиши каби ҳасталиклар кўпинча жисмимизни ҳаракатга "тўймаслиги"дан келиб чиқади.
Узоқ умр кўриш ҳамманинг истаги. Аммо, бунга эришиш ҳам осон, ҳам қийин. Энг асосийси, барчасига шароит бор, фақат булардан ўринли фойдаланишни уддаланса бас.
Ҳалимахон ДАМИНОВА,
Наманган шаҳар 1-шифохона клиник-диагностик лабораторияси бўлими мудири