Кўпинча беморларни ушбу савол ўйлантиради. Бу касалликдан бутунлай халос бўлиш эҳтимоллигини ҳеч ким кафолатлай олмайди. Лекин касалликнинг янада давом этишини, унинг асоратларини тараққий этишининг олдини олиш мумкин. Бунинг учун беморнинг ўзи ёки унинг яқинлари қандли диа­бет ҳақида маълум билим ва кўникмаларга эга бўлишлари ҳамда касаллик кечишини назорат этишни уддалашлари лозим бўлади. Тана вазни меъёридаги кишиларга нисбатан семиз­ликда, айниқса абдоминал семизликда касаллик хавфи анча юқори ҳисобланади. Чунки семизларда артериал гипертензия, атеросклероз хавфи ҳам ҳам юқори бўлади. Кишида семизлик борлигини аниқлаш мушкул эмас. Бунинг учун бел айланаси аниқланса кифоя. Бу эркакларда 94 см.ни аёлларда эса 84 см.ни ташкил этади. Бел айланаси бу рақамлардан юқори бўлса, у ёки бу даражадаги семизлик тасдиқланади. Йилига бир ёки бир неча марта қондаги глюкоза ҳамда холестерин миқдорини аниқлаш ва артериал босимни назорат этиш лозим бўлади.

Биринчи тур қандли диабетнинг олдини олиш ёки ўз вақтида аниқлаш жуда муҳим. Агар болада чан­қаш, сийишнинг кўпайиб бораётганлиги вазни пасайганлиги кузатилса, айниқса, баҳор-куз мавсумларида, айрим вирусли инфекцион касалликлардан кейин ушбу аломатлар пайдо бўлса, дарҳол қандли диабетга текшириш зарурати туғилади. Акс ҳолда қандли диа­бет касаллиги кеч ташхисланиши учрайди. Унда эса касалликнинг оғир асоратларига йўл қўйилиши мумкин.

Қандли диабет умрбод касаликки, беморлар ҳаётига ўткир ҳамда сурункали асоратлари, хусусан, юрак қон-томир, кўз, буйрак, йирик ва майда қон томирлари шикастланиши, ҳатто диабетик қорасон касалликлари хавф солиши мумкин.

Қандли диабетни буткул даволаб юбориш мушкул, бироқ янада ривожланишини асоратларининг тараққий этиши олдини олиш мақсадга мувофиқ. Агар бу назорат идеал даражада уддаланса, касалликнинг инсон ҳаётига хавфини нол даражага пасайтириш имконияти бор. Албатта, йиллар мобайнидаги олиб борилган илмий-амалий изланишлар буни исботламоқда.

Қандли диабет беморнинг ўзи, шифокори ҳамда беморнинг яқинлари иштирокидаги ўз-ўзини назорат принципи билан олиб бориладиган чуқур билим ва кўникмаларни амалдаги самарали қўлланиши талаб этадиган, алоҳида ўзига хос ҳаёт тарзини талаб этадиган касалликдир. Шунинг учун уни касаллик деб эмас, балки ўзига ўзига хос ҳаёт тарзига эга бўлган ҳолат деб қараш мумкин. Қандли диабетни "ҳукм" ёки "боши берк кўча" деб ҳисобламаслик лозим. Ундан чиқиш йўллари мавжуд. Бунинг учун қондаги қанд миқдорини меъёрий кўрсаткичларга яқин олиб юришни ўрганиш, жисмоний фаолликни узвий қўллаш, шунингдек дори препаратларидан онгли равишда фойдаланишни уддалаш керак. Шунда қандли диабет касаллигини бошқаришга эришилади.

Б. ДАВЛАТОВ,

А. АҲМАДЖОНОВ

вилоят эндокринология диспансери

эндокринологлари.