24 МАРТ - БУТУНЖАҲОН СИЛГА ҚАРШИ КУРАШ КУНИ
Сил - юқумли касаллик бўлиб, унинг микобактериялари касаллик қўзгатувчиси ҳисобланади. Асосан ўпкада ва бошқа аъзоларда спецефик ўзгаришлар ва организмнинг барча тизимларида функционал бузилишларга олиб келиши билан ифодаланади. Фақат ўпка сили билан оғриган шахслар сил инфекцияси манбаи ҳисобланади.
Касаллик бир одамдан бошқа одамга ҳаво-томчи йўли орқали юқиши мумкин. Ўпка сили билан касалланган бемор йўталганда, акса урганда, ҳаяжонланиб гапирганда ёки балғамни дуч келган ерга тупурганида касалликнинг юқиш холлари учрайди.
Албатта, ҳар қандай одамга бу касаллик осонгина юқиб қолмайди. Юқиши эҳтимоли бир нечта омилга боғлиқ бўлади. Бемордаги сил касаллигининг юқумлилик даражаси мулоқот амалга ошган атроф мухит ҳолати, мулоқот давомийлиги ва ҳар бир организмнинг иммун тизими ҳолати юқиш эҳтимоли омиллари саналади. Таъкидланганидек, сил касаллиги одам организмидаги аъзолардан асосан ўпкада учрайди ва вақтида даволанмаса оғир асоратларга олиб боради. Сил касаллиги ҳолсизлик, йўталиш, иштаҳанинг йўқолиши, кўп терлаш, йўталаганда балғам ажаралиши ва тана ҳароратининг кўтарилиши (37,5 - 38 даража ), озиб кетиш, кўкрак қафасида оғриқ каби белгилар билан бошланади. Шу белгиларни ўзида ҳис қилган беморлар яшаш жойидаги маҳалла шифокори ёки туман силга қарши кураш диспансери фтизиатр мутахассисларига мурожаат қилишлари керак бўлади.
Ҳозирги кунда сил касаллиги эрта аниқланса, тўлиқ даволаниш имкони бор. Эрта аниқлаш учун, сил касаллигига мойил инсонлар (қандли диабет,сурункали юкори нафас йўллари касалликлари, ошқозон ўн икки бармоқли ичак яра касаллиги билан оғрийдиган беморлар ва узоқ вақт давомида турли хил гормонал препаратларни қабул қилувчилар) ҳар йили мунтазам равишда кўкрак қафаси рентген текшируви ҳамда мутахассис кўригида бўлишлари шарт. Касаллик тасдиқланса, беморлар силга қарши кураш диспансерларида тўлиқ, бепул даволанадилар. Силга қарши махсус дорилар беморларга етказиб берилади.
Афсуски, аввалдан ҳам ҳозир ҳам сил касаллигига халқимиз орасида ёмон иллат сифатида қаралади ва бунинг оқибатида сил касаллиги аниқланган беморлар яқинлари ва бегоналардан яширинча, турли хил табиб ва бошқа мутахассислар томонидан нотўғри, пала-партиш ва асоссиз даволанишга уринишади. Лекин бунинг оқибатида, сил касаллигининг оғир формалари ва ёмон асоратлари ривожланиб, беморнинг аҳволи ёмонлашишига ҳамда даволаниши кечикишига, қийинлашишига олиб келади.Ҳозирги кунда силнинг қўзгатувчисига (сил микобактериясига) самарали таъсир қилувчи дори-воситалари сил касаллигига қарши кенг қўлланилинади.
Бу дори воситалари силга карши махсус антибактериал дорилар ҳисобланади, бепул етказиб берилади. Шунинг учун сил касаллиги билан даволанишни қанчалик эрта ва силга қарши кураш диспансерида, мутахассис назоратида бошланса, шунчалик беморнинг тез ва асоратсиз соғайишига эришилади. Сил касаллиги юқумлилигини билганимиз ҳолда, ўз яқинларимиз ва фарзандларимизнинг соғлигини хавф остида қолдирмасдан, касаллик аниқланиши биланоқ, даволанишни зудлик билан мутахассис назорати остида бошлашимиз шарт.
Зеро, соғлом авлод бу - соғлом келажак деганидир!
Аброр ҲУСАЙНОВ,
вилоят силга қарши кураш диспансери фтизиатри.