Британиялик олимларнинг баёнот беришича, қўлимиздан деярли тушмайдиган мобил телефон коронавирус инфекциясининг "ўчоғи" рўйхатида биринчи бўлиши мумкин.

"Қўлларингизни кўп марта ювишингиз мумкин. Аммо шундан сўнг мобил телефон экранини ушласангиз, кейин кўзингиз, бурнингиз ёки оғзингизга тегсангиз, инфекцияни юқтириб олиш хавфи кўпаяди", - деди Саутҳемптон университети профессори Уильям Кивил.

Атрофимиздаги хаста одамлар йўталса ёки акса урса, хоҳ COVID-2019, грипп ёки оддий шамоллаш бўлсин, вирус зарраларига эга бўлган сўлак томчилари турли жисмларнинг юзасига ўтиради, деб огоҳлантирмоқда шифокорлар. Эшик тут­қичи, зина панжараси ёки лифт тугмасига текканимиздан сўнг, кўпчилигимиз ўйлаб ўтирмасдан мобил телефонни ушлаймиз. Натижада вирус унга "кўчиб ўтади". Сўнгра қўлларимизни ювсак-да, барибир яна телефонни ушлаймиз.

Коронавируснинг мобил телефон юзасида қанча вақт яшаши ҳақидаги масала чуқур ўрганилмаган. Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти экспертларининг таъкидлашича, бу бўйича илмий изланишлар ўтказилмаган. Агар қаердадир бу ҳақдаги рақамларга кўзингиз тушса, уларга сўзсиз ишонмаслик керак.

Аммо бир нарсани қилиш фойдадан холи бўлмайди. Жамоат жойларига борганингиздан кейин смартфонингизни яхшилаб артинг, деб тавсия қилмоқда инфекционистлар. Агар таркибида спирт бўлган салфетка ва гель ишлатсангиз янада ишончлироқ бўлади. Хлоргексидин антисептикдан фойдаланиш унчалик самарали эмас. Чунки у бактерияларга қарши қўлланади, коронавирусга нисбатан самарали экани тасдиқланмаган.

Жуда бўлмаса, ҳар қандай нам салфеткалардан фойдаланинг, бунда мобил телефон юзасидаги зарарли зарраларни механик йўл билан артиб ташлайсиз.

Ирода МУСАЕВА,

Инновацон соғлиқни сақлаш миллий палатаси

Наманган вилояти ҳудудий бўлинмаси директори.