Атипик пневмания ўткир вирусли хасталик бўлиб, ҳаво томчи йўли орқали юқади. Хасталикнинг яширин даври 3-10 кунни ташкил этади. Одатда ҳолсизланиш, титроқ, терлаш, бош, мушаклар оғриши, томоқ қичиши, қуруқ йўтал, тана ҳароратининг 38-39 даражага кўтарилиши, айрим ҳолатда ич кетиши, кўнгил айниши, бир-икки маротаба қайт қилиш каби белгилар билан бошланади. Бу белгилар бир неча кун давомида сақланиб туради ёки ҳолатининг ҳаттоки қисқа муддатли яхшиланиши, тана ҳароратининг меъёрига келиши ҳам кузатилади.

Хасталик авж олганда тана ҳарорати кўтарилади, ҳолсизлик, бош оғриғи зўраяди, беморда ҳаво етишмовчилиги юзага келади. Нафас олиши тезлашиб қийинлашади. Бемор безовталанади, кўкрак қисишидан шикоят қилади.

Агар вақтда эътибор қилинмаса, сурункали бронхит, зотилжам, астма касалликлари бор беморларга тез юқади ва уларда янада оғир ўтади.

Болаларда кўпинча ич кетиши, қориндаги оғриқ, юқори ҳарорат каби белгилар билан ҳам кечади. Агар ушбу касалликка ўхшаш белгиларни сезсангиз, дарҳол тез тиббий ёрдамга мурожаат қилинг ёки оила шифокорини уйингизга чақиринг. Врач маслаҳатини олмай, хонадондан ташқарига чиқмай касаллик тарқалишининг олдини олиш мақсадида атрофдагиларга 8 қаватли докали ниқоб тақиб юришни буюринг!

Хоналарни тез-тез шамоллатиб туринг! Касалликни даволашдан кўра унга чалинишдан сақланинг. Саломатлигингиз ўз қўлингизда эканини асло унутманг!

Рустамжон НИШОНОВ,

Наманган шаҳридаги 4-оила поликлиникаси врачи.