Халқимиз ҳаракатнинг инсон саломатлигига фойдаси катталигини ифодаловчи нақлларни тез-тез такрорлашга бежиз одатланмаган. Жумладан, "Қанча юрсанг пиёда - умринг бўлур зиёда", "Ҳаракат - умринга баракат", "Тонгги югуриш - доим соғ юриш" деган гапларнинг замирида чуқур маънолар мужассам.
Ҳақиқатдан, пиёда юриш, югуриш, турли жисмоний тарбия машқларини бажариш билан саломатлигимиз мустаҳкамланиб бораверади. Ҳатто даволаш бадан тарбияси тиббиётнинг бир бўлими ҳисобланади. Касалликларни даволаш ва олдини олишда жисмоний машқлар ҳамда табиий омиллар алоҳида аҳамиятга эга.
- Биз болаларни турли касалликлардан асраш учун, аввало, уларни чиниқтиришимиз керак, - дейди жисмоний тарбия ўқитувчиси Алишер Эгамбердиев. - Даволаш бадан тарбиясига дахлдор спорт турларига мактабда алоҳида эътибор берилиши зарур. Буларга гимнастика, волейбол, баскетбол, қўл тўпи ва теннис, ҳатто футболни ҳам киритиш мумкин. Шунинг учун мактабимизда бу борада тобора ўқувчилар фаоллигига эришяпмиз.
Чиндан ўқув даргоҳимизда спортнинг мазкур турларига эътибор кучайтирилган. Устознинг раҳбарлиги ва ташкилотчилигида синфлар ўртасида мусобақалар уюштирилмоқда, танловлар ташкилланмоқда. Уларнинг ғолиблари ўз вақтида рағбатлантирилиб борилмоқда.
Ўтган ойда Ватан ҳимоячилари куни олдидан ўтказилган тадбирларда ўғил-қизларимиз фаол иштирок этдилар. Бу билан ўқувчиларда руҳий зўриқиш ҳолатлари камайди, ҳаракатчанлик кучайди. Болалар семириб кетиши ва бўйлари ўсмай қолишининг олди олиняпти десак ҳам сира янглишмаймиз.
Ота-оналар фарзандларининг соғу саломат ўсишлари учун уларнинг жисмоний тарбиясига ҳамиша эътиборли бўлишса, мактаб ва оила ҳамкорлиги мустаҳкам йўлга қўйилса, албатта, соғлом ва баркамол авлод камол топаверади.
Малоҳат ЖЎРАБОЕВА,
Тўрақўрғон туманидаги 16-мактаб муаллимаси.