дейди вилоят санитария - эпидемиологик осойишталик маркази

паразитология лабораторияси мудири, т. ф. н. Зокиржон ОБИДОВ.

- Зокиржон ака, ҳеч кимга сир эмаски, бугун кўплаб оилаларда фарзандлар ичидаги гижжасидан азият чекишмоқда. Шунинг учун, аввало, бу текинҳўрнинг танамизда пайдо бўлиш омиллари ҳақида маълумот берсангиз?

Гижжа - паразит равишда ҳаёт кечирадиган қуртлар бўлиб, одамлар ва ҳайвонлар организмида жойлашади. Улар ҳисобига озиқланади.

Гижжаларнинг 250 дан зиёд тури борлиги аниқланган. Ўзбекистонда 6 хилдан кўпроғи учрайди. Аксарият пакана гижжа, қилбош гижжа, острица, аскарида ва ҳоказо.

Гижжа одамнинг ҳамма органлари ва тўқималарини, кўпинча ичак, ўпка ва жигар тўқималарини зарарлайди. Гельминтлар организмда сенсибилизация қўзғатиб, кейин аллергик реакцияларни ривожлантиради. Киши органлари ва тўқималарини механик шикастлантиради ҳамда уларнинг фаолиятини бузади. Озиқ - овқат моддалари ва витаминларнинг сўрилишини ёмонлаштиради. Камқонликнинг ривожланишига сабаб бўлади. Бошқа касалликларнинг кечишини оғирлаштиради. Уларга қарши эмлашнинг самарадорлигини пасайтиради. Айниқса, гижжалар болаларнинг жисмоний ривожланишини сусайтиради. Катталарнинг иш қобилиятини пасайтириши ва ақлий фаолиятини ночорлаштириши исботланган.

- Гижжалар инсон организмига қайси йўл билан тушади.

- Одамга юқиш йўллари турли - туман. Гижжа тухумлари оғиз орқали, нажасдан, тоза ювилмаган сабзавот ва мевалардан, шунингдек ифлос қўллардан тушиши мумкин. Айрим личинкалари одам организмига яхши пиширилмаган гўшт ва балиқ маҳсулотларини истеъмол қилганда юқади.

Болалар ўртасида кенг тарқалган гижжа касалликлари - энтеробиоз ва гименолепидоздир. Энтеробиоз касаллигини острица деб аталувчи паразит келтириб чиқаради. Острица - оқ рангли майда паразит бўлиб, унинг узунлиги 0,5 - 1 см келади. У одам ингичка ичагининг қуйи бўлимларида ва йўғон ичакда яшайди. Олдинги учи билан улар ичак деворига ёпишади. Етилган урғочилари аксари тунда орқа чиқарув йўлидан ўрмалаб чиқади. Бунда орқа чиқарув соҳани қичишига сабаб бўлади.

Орқа чиқарув бурмаларига хар хил урғочи гижжа 7 мингдан 17 мингтагача тухум қўяди. Бемор киши анал тешиги атрофидаги терини қашиши натижасида острица тухумлари бармоқларнинг тирноқлари остига, ич кийимларга, чойшабларга сўнг­ра эса овқатга, ўйинчоқларга, идишлардан оғизга тушади.

Острицаларнинг одам организмида яшаш муддати 1-2 ой. Лекин доимо ўз-ўзига юқтириш натижасида бир неча ойлар, ҳатто бир неча йилларгача паразитлик қилиши мумкин.

Гименолепидоз касаллигини келтириб чиқарувчи пакана гижжа эса одамнинг ингичка ичагида, кўпинча катта миқдорда паразитлик қилади. Гижжа тухумлари таш­қарига бемор одамнинг нажаси билан ажралади. Шахсий гигиена қоидалари бузилганда тухумлар эшик дасталарига, тувакларга, ўйинчоқларга тушиши мумкин. Қўлни ифлослантиради, пашшалар орқали овқатга тушади.

Бу икки касаллик билан оғриган беморларда иштаҳанинг пасайиши, қоринда хар - ҳил оғриқ, ич бузилиши, кўнгил айниши кузатилади. Болалар табиатан инжиқ бўлиб қолади. Ақлий ва жисмоний ривожланишдан кечикади, дарсларни яхши ўзлаштира олмайди. Бошқа юқумли касалликлар билан касалланишга мойиллиги ортади. Агар болаларда юқоридаги белгилар кузатилса, зудлик билан тиббиёт муассасаларига мурожаат қилиниши ва шифокор тавсияси билан даволаш муолажалари олиб борилиши керак.

- Яқинда дугонамнинг 9 ёшли ўғлини юқори ҳароратдаги иситма безовта қилди. Турли текширувлардан ўтгандан сўнг эса унда лейшмания паразити борлиги аниқланди. Паразитлар иситма билан ҳам намоянланадими? Ички лейшманиоз ҳақида ҳам батафсилроқ тўхталиб ўтсангиз?

- Ички лейшманиоз - бу хавфли ўткир юқумли касаллик. Уни жуда кичик паразитлар қўзғатади. Улар ҳам инсоннинг жигари, талоғи ва суяк кўмигида жойлашиб кўпаяди. Касаллик қўзғатувчисини фақат микроскоп остида кўриш мумкин.

Касалликнинг асосий манбаи ёввойи ҳайвонлар бўри, тулки, чиябўри ҳамда уй ҳайвонларидан ит ҳисобланади. Шунингдек, кемирувчилар сичқон, каламуш эса паразитларни қўшимча сақловчи - қўшимча манбадир. Касаллик асосан искабтопарлар чақиши натижасида соғлом одамга юқади. Бу билан асосан 1 ёшдан 6 ёшгача бўлган болалар касалланади. Унинг юқиш хавфи ёз ойларида, қайд қилиниш даври куз ҳамда ке­йинги йилнинг баҳор ойларида содир бўлади. Яширин даври 20 кундан 1 йилгача, ўртача 3-5 ойни ташкил этади. Ички лейшманиознинг клиник белгилари 3 даврда кечади.

Бошланғич даврида касаллик белгилари унча сезилмайди. Умумий ланжлик, ҳаракатларнинг сустлашиши, тери рангларининг ўзгариши, иштаҳасизлик ва талоқнинг бироз катталашиши кузатилади. Бу белгилардан сўнг эса тана ҳарорати кўтарилади.

Авж олиш босқичида тана ҳарорати янада кўтарилади. Ҳарорат 40 даражагача чиқиши мумкин. 10-20 фоиз ҳолларда сутка давомида икки марта иситма кўтарилиб, сўнг пасаяди. Талоқ одатда оғриқсиз бўлади, лекин талоқ қобиғининг тортилиши ҳисобига бемор қорнининг чап томонида симиллаган оғриқ сезади.

Кахетик даврда жигар ва талоқнинг анча катталашиши, ҳолсизлик, ҳаракатларнинг сусайиши ва қорин тери қатламининг юпқалашиши билан кечади. Талоқ кичик чаноқ соҳасигача тушиши мумкин, қорин эса қаппайиб қолади.

Ҳозирда ушбу касалликни даволаш учун юқори самарали дори воситалари мавжуд. Хасталик қанча эрта аниқланса, даволаш ҳам шунча осон ва асоратларсиз кечади.

- Профилактикаси ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

- Гижжа касалликларини олдини - олиш учун асосан санитария-гигиена қоидаларига риоя қилиш, болалар ўз вақтида тирноқларини олиши, алоҳида сочиқ тутиши, ички кийим ва кўрпа-ёстиқлари жилдлари дазмоллаб турилиши керак. Шунингдек, овқатланишдан олдин қўлларни совунлаб ювиши, ҳожатхоналарни ва хоналарни озода тутиб, тез-тез дезинфекцияловчи моддалар билан ювиб туриш лозим. Мева ва сабзавотларни қайнатилган сувда чайиш, сувни қайнатиб ичиш мақсадга мувофиқ.

Суҳбатдош: Манзура ЭРГАШЕВА.