Айни замонда кўплаб касалликлар барҳам топган. Лекин бот-бот бўлса-да аҳоли ўртасида сил касаллиги учраб туради. Силнинг маккорлиги шундаки, у кўп ҳолларда грипп ёки нафас йўлларининг шамоллаши ниқоби остида кечади. Нафас йўллари шамоллашида ишлатиладиган дорилар эса сил таёқчаларини ўлдиролмайди. Оқибатда, одам касалликни ўтказиб юборади. Агар бемор вақтида даволанмаса, йўтал кучайиб, балғам ажралиб чиқади, баъзан қон тупуради.
Касалликнинг дастлабки белгилари: йўтал икки ҳафтадан ортиқ давом этиши, ҳарорат кўтарилиши, дармон қуриши, тез чарчаш, озиб кетиш, иштаҳа бўлмаслиги ва кўкрак қафасда оғриқ пайдо бўлиши билан намоён бўлади. Бу ҳолатда зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш зарур.
Шифокорга қанчалик эрта кўринилса, даволаниш шунчалик самарали бўлади. Сил билан оғриётган беморлар тавсия этилган дориларни ўз вақтида қабул қилишлари ҳамда даволаш курсларини тўхтатмасликлари лозим.
Ушбу касаллик юқумли бўлиб, уни кўзга кўринмайдиган майда бактериялар - сил таёқчалари юзага келтиради. Кўп ҳолларда сил таёқчалари ўпкани зарарлайди. Баъзи ҳолларда мия ва мия қобиғи, суяклар, бўғинлар, буйраклар, жинсий аъзолар, кўз, ичак ва бошқа аъзолар сили ҳам учраши мумкин.
"Касаллик қандай юқади?" - деган савол кишиларни ўйлантириши мумкин. Сил таёқчалари кўп ҳолларда организмга нафас йўли орқали ўтади ва ўпка тўқималарида ривожланади ва кўпаяди. Ўпка тўқимасида бўшлиқ (каверна)лар ҳосил бўлади. Бу бўшлиқларда миллионлаб сил микроблари бўлади. Микроблар бемор йўталганда, аксирганда, қаттиқ гаплашганда, тупурганда балғам зарралари билан атрофга отилиб чиқади ва сачрайди. Бу кўзга кўринмас балғам зарраларида минглаб сил таёқчалари бўлади. Сил бактериялари ҳавода бир неча соатгача сақланиши мумкин. Айниқса, хона ҳавосида узоқ вақт туриб қолади. Ўпка сили билан касалланган бемор хонада узоқ вақт қолса, ҳавода бактерияларнинг сони кўпайиб, бошқа кишиларнинг нафас йўлларига ўтади. Бу силни юқтиришнинг асосий йўли бўлиб, ҳаво-томчи усули деб юритилади. Бемор дуч келган жойга балғам ташласа, вақт ўтиб қуриб, сил таёқчалари ҳавога чанг билан кўтарилади ва нафас йўллари орқали соғлом кишиларга ўтади. Демак, ҳеч ким сил таёқчаларнинг юқишидан ҳимояланган эмас. Чунки, ҳаво ҳамма учун умумийдир.
Ҳозирги кунда фтизиатрия муассасалари жойлардаги бирламчи тиббий муассасалар билан ҳамкорликда фаолият олиб боради. Ҳар бир поликлиникада махсус хоналар ажратилган. Поликлиникага мурожаат этаётганларда сил касаллигига гумон бўлса, керакли анализларни топшириш имконияти бор. Яъни, балғам сил таёқчаларига текшириш учун топширилади.
Агар ташхис тасдиқланса, бемор туман силга қарши кураш диспансерига юборилади. У ерда текширилиб, зарур даволаниш чоралари аниқланади. Бемор ихтисослаштирилган шифохонада 2 - 4 ой давомида даволанади. Кейин эса яшаш жойига қарашли поликлиникаларнинг ДОТС хоналарида тиббий ходим назоратида дори олиш ва ичишни давом эттиради.
Шуни айтиш лозимки, сил таёқчаси билан зарарланганларнинг барчасида ҳам касаллик ривожланавермайди. Зарарланганларнинг ҳар 10 нафаридан 1 нафарида касалликнинг фаол тури ривожланиши мумкин. Иммунитети пасайган одамларда касалликнинг ривожланиш хавфи юзага келади.
Шунингдек, ОИВ-ОИТСни юқтириш, гиёҳвандлик, кашандалик, спиртли ичимликларга ружу қўйиш, қандли диабет, чарчаш ва очлик инсоннинг касалликка қарши курашувчанлиги хусусиятларини сусайтиради ҳамда сил касаллиги ривожланишига замин яратади.
Айниқса, одам иммунитет танқислиги вируси (ОИВ), одам организмининг ҳимоя воситаси ҳисобланадиган иммунитет тизимини чуқур жароҳатлайди. Қонда касаллик қўзғатувчи микробларга қарши курашувчи ҳужайра - лимфоцитлар мавжуд. Одам иммунитет танқислиги вируси айнан шу ҳужайраларни емиради. Натижада одамнинг турли хил юқумли ва юқумли бўлмаган касалликларга, жумладан, сил касаллигига мойиллигини оширади. ОИВ-ОИТСга чалинганларда сил касаллигининг юзага келиш ва ривожланиш эҳтимоли юқори бўлади.
Эсингизда тутинг! Сил узоқ давом этадиган касаллик. Уни даволаш 6 - 8 ой вақтни талаб этади. Бу муддат давомида шифокор тавсия этган дориларни қабул қилишда танаффусга мутлақо йўл қўймаслик керак. Агар бемор даволаниш давомида ўзини яхши ҳис этиб, дорилар ичишни тўхтатиб қўйса ёки вақтида ичмаса, сил таёқчалари дориларга нисбатан чидамлиликни шакллантиради, оқибатда сил таёқчасининг бу дорига чидамли бўлган бошқа кучлироқ турлари пайдо бўлади. Силнинг бу турларига қарши курашиш анча қийин кечади, даволаниш узоққа чўзилади. Агар бемор даволанмаса, касаллик ўлимга олиб келади. Ҳар бир инсон ўз саломатлигига эътиборли бўлса - фақат ўзига яхшилик қилган бўлади. Оддийгина, бепарво бўлинган хасталиклар катта нохушликлар олиб келишини унутмайлик.
Учқунбек МУРОДОВ,
вилоят санитария-эпидемиология осойишталик маркази
врач-эпидемиологи.