Грипп - ўткир юқумли вирусли касаллик. У юқори нафас йўлларининг зарарланиши билан кечади. Грипп билан барча ёшдаги кишилар касалланиши мумкин.

Касалликни юқиш йўллар ва келтириб чиқарувчи омиллар қуйидагилар:

- ҳаво ҳароратининг пасайиши;

- юқори нафас йўлларининг яллиғланиши;

- организмдаги витаминлар танқислиги;

- хонадонларда одамларнинг зич яшашлари.

Грипп вирусини тарқатувчи асосий манба шу касаллик билан оғриган бемор ҳисобланади. Касаллик қўшимча ҳаво-томчи йўли орқали ўтади. Бемор акса урганда, йўталганда, гапирганда сўлак томчилари билан грипп вирусларини атроф - муҳитга тарқатади.

Касаллик аломатлари; тана ҳароратининг кўтарилиши, эт увишиши, иштаҳасизлик, танглай муртакларини қизариши, бош, пешана, энса ва тананинг мушакларидаги оғриқ, бурун битиши ва йўталдан иборат.

Халқимиз "Гриппнинг ўзигина эмас, балки асорати ҳам хавфли" деган фикрни бежиз айтмаган. Баъзилар грипп касаллигига эътиборсизлик билан қарайдилар, яъни оёқда юриб ўтказадилар ёки ўз билганича нотўғри даво-муолажаларни қиладилар. Оқибатда қуйидаги асосратлар кузатилиши мумкин:

Ўпка тўқималарни яллиғланиши, мия пардаси ва моддасининг яллиғланиши (менингит), бурун ёндош бўшлиқларнинг яллиғланиши (синусит). Асоратларга йўл қўймаслик учун касаллик аломатлари кузатилганда, шифокорга эрта мурожаат қилиш ҳамда унинг тавсияга кўра даво муолажаларини олиш керак

Беморларга ва соғлом инсонларга суюқлик (малина, смородина, лимон ва асал қўшилган чой, иссиқ сут, наъматак дамламаси) ичиш тавсия этилади.

Гриппдан сақланиш мақсадида тўрт қаватли докадан тикилган ниқобдан фойдаланинг. Яшаш хоналарини шамоллатиб, исириқ тутатиб туринг. Дезинфекция моддалари ёрдамида намли тозалов ишларини ўтказинг. Очиқ ҳавода сайр қилинг. Гриппга қарши эмлатиш ҳам яхши самара беради.

Ш. АБДУЛЛАЕВА,

вилоят санитария-эпидемиологик

осойишталик маркази эпидемиология

бўлими мудири