Вилоятимизда жорий йилнинг ўтган даври давомида 4 та ҳолатда қизамиқ касаллиги лабораторияда тасдиқланган. Бу Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон давлатларида ишлаб қайтган фуқароларимиз ўз яқинларига касалликни юқтирганлиги оқибатида рўй берган.

Қизамиқ касаллиги беморнинг акса уриши ва йўталиши натижасида ҳаво-томчи йўли орқали юқади. Қизамиқ билан оғриган беморлар касаллик белгиларини бошланишигача ва ундан сўнг бир неча кун давомида бошқаларни зарарлаши мумкин. Бу касаллик болалар жамоалари (болалар боғчаси, мактаблар ва тиббиёт муассасалари) да осон тарқалади. Вирус ҳавода ёки ташқи муҳитда 2 соат давомида фаол ва зарарли бўлиб қолади.

Қизамиқ вируси бемордан тошмалар тошишидан 4 кун олдин ва тошма пайдо бўлгандан сўнг 4 кун давомида тарқалиши мумкин. Касаллик ўта юқори юқумлилик даражасига эга бўлганлиги сабабли эпидемия кўринишида тарқалишига, эмланмаган болалар ўртасида ўлим кўрсаткичини юқори бўлишига олиб келади.

Касалликнинг биринчи аломати шундаки, юққач, 10 - 12 кунидан бошлаб ҳарорат юқори кўтарилиб, 1 - 7 кун давомида сақланади ва қу­йидаги белгилар билан кечади:

- бурун битиши;

- кўзнинг қизариши (конъюнктивит);

- оғиз бўшлиғини шиллиқ қаватларида оқ майда доғлар (Филатов-Коплик доғлари);

- ҳолсизлик;

- йўтал.

Тана ҳарорати кўтарилишининг 3 - 4 кунида тана бўйлаб тарқалган тошмалар, одатда аввал юз ва бўйин соҳасида пайдо бўлади. Тошмалар 3 кун давомида танада тепадан пастга томон, кейин қўл ва оёқларга тарқалади. 5 - 6 кун давомида сақланади. 5-кунидан бошлаб бемор атроф учун зарарсиз ҳисобланади.

Кўпинча болалар ва катталарда қизамиқ жуда оғир кечади.Тузалиш жараёни касалликдан сўнг 2 - 3 ҳафтага боради.

Қизамиқнинг қандай олдини олиш мумкин?

Қизамиқни фақатгина эмлаш билан олдини олиш мумкин. Жамоалар ўртасида қизамиқ эпидемия­сининг олдини олиш учун болаларни камида икки маротаба эмлаш кўрсатикичи 90 - 95 фоизини ташкил этиши талаб қилинади.

Ҳар бир иситмалаган, тошма тошган, йўтал ёки конъюнктивит белгилари бор беморлар қизамиққа гумон қилинади. Улардан, албатта лаборатор тасдиқ учун қон таҳлили намунаси олинади.

Шерзод ЛАТИБЖОНОВ,

вилоят СЭОМ Иммунопрофилактика

бўлими мудири.