Статистик маълумотларга кўра, сўнги уч йил ичида кузги-қишки иситиш мавсумида содир бўлаётган фавқулодда вазиятларнинг аксарияти ис газидан заҳарланиш ҳолатлари билан боғлиқ. Маълумки, ис гази (СО) рангсиз, ҳидсиз, корхона шароитида энг кўп учрайдиган заҳарли бирикма. У табиий газ, ёқилғи, кўмир, ўтин чўғлари тўлиқ ёнмаслиги оқибатида ҳосил бўлади.

Ис газидан шамоллатиш тизими яхши ишламайдиган органик моддаларни ишлаб чиқарадиган корхоналарда, автоуловлар турар паркларида, янги бўялган ва шамоллатилмаган хоналарда, шунинг­дек, уй шароитларида табиий газ чиқиб турганда ва печка билан иситиладиган уйларда, ҳаммомларда, дам олиш палаткаларида ёнувчи модданинг тўлиқ ёнмаслиги оқибатида заҳарланиш мумкин.

Ис гази организмга нафас олиш аъзолари орқали таъсир этади. Бу газ гемоглобин билан кислородга нисбатан 300 маротаба кучли бирикма - карбоксигемоглобин ҳосил қилади. Оқибатда гемоглобиннинг тўқималарга кислород ташиш хусусияти кескин пасайиб, гипоксияга, оғир холатларда эса - аноксияга олиб келиши ҳамда шу тариқа инсон ҳаётдан кўз юмиши мумкин.

Таҳлилларга кўра, ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг аксарияти қуйидаги сабабларга кўра юзага келмоқда:

- Фуқаролар томонидан газ ва муқобил ёқилғи (кўмир, ўтин ва бош­қа) турларидан фойдаланишда хавфсизлик чораларига риоя этмаслик;

- Ностандарт (қўлбола ясалган) ёки сертификатга эга бўлмаган иситиш печлари ва анжомларидан фойдаланиш;

- Иситиш печларининг дудбуронларини нотўғри ўрнатиш;

- Газ ёки бошқа муқобил ёқилғига мослаштирилган иситиш печлари (анжомлари)ни дам олиш (ухлаш) хоналарига олиб кириш;

- Ҳаво алмашмайдиган хоналарни иситишда очиқ олов (кўмир ва ўтин чўғлари)дан фойдаланиш;

- Ҳавони алмаштирувчи шамоллатиш шахталари ёки туйнукларни беркитиб (тўсиб) қўйиш.

Юқоридаги сабабларнинг келиб чиқишига йўл қўйманг. Ана ўшанда ис газидан заҳарланишнинг олдини олган бўласиз.

Б. МАВЛОНОВ,

РШТЁИМ Наманган филиали Токсикология ва

ЭКД бўлими мудири.