Уй шароитида ҳам соғлом турмуш тарзи талабларига риоя этган ҳолда жисмоний фаоллик билан чиройли қоматга, мустаҳкам соғлиққа эришиш мумкин. Бунинг учун фитнес тренет Артём Безруковнинг бир нечта маслаҳатларига амал қилсангиз бўлгани:

1. Бир суткада камида 2 литр сув ичмасдан озишнинг иложи йўқ.

2. Озиш истагидаги инсон спирт­ли ичимликлардан бутунлай воз кечиши керак.

3. Эрталаб оч қоринга 1 та лимон шарбати қўшилган 1 стакан сув ичилади ва 20 дақиқадан кейин нонушта қилинади.

4. Тановулдан 30 дақиқа олдин сув ичиб олинади. Овқат пайтида эса сув ичмаслик лозим. Тановул қилиб бўлгач, 40 дақиқадан кейин суюқлик ичиш мумкин.

5. Кунига 4-5 марта овқатланиш керак.

6. Охирги тановул вақти уйқудан 3-4 соат аввал бўлиши лозим. Ундан кейин фақат сув ёки қатиқ ичиш мумкин.

7. Чойни шакарсиз ҳолатда ичган яхши. Ширинлик егингиз келса, асал фойдали.

8. Картошкани ҳафтасида 2 мартагача тановул қилиш мумкин, ундан кўп эмас. Шунда ҳам қайнатилган кўринишда.

9. Узум ва бананни озиш ниятидаги инсонлар емаганлари маъқул.

10. Ҳафтасига 1 кун очлик куни эълон қилиб, организмни тозалаш яхши самара беради. Ундан кўпи танага зарар.

11. Спорт ҳақида ҳеч қачон унутмаслик керак. Спортзалга боришга имконингиз бўлмаса, уйда ҳам шуғулланишингиз мумкин. Бунинг учун ажойиб видео дарслар мавжуд.

12. Спорт билан шуғулланиш учун энг қулай пайт - 17:00 ва 20:00 оралиғидир.

13. Нонуштадан воз кечиш асло мумкин эмас. У танани кун давомида қувват билан тўйинтиради.

14. Тушлик учун шўрвалар, булон, салат, қайнатилган гўшт, мева ҳамда сабзавотлар истеъмол қилган маъқул.

15. Иккинчи тушлик (полдник) учун эса ёгурт, салат, қатиқ, сабзавотлар мос келади.

16. Кечки овқат ўрнига енгил салат, творог, ёгурт ёки димланган сабзавотлар тановул қилган яхши.

17. Меваларни куннинг биринчи ярмида еган дуруст.

18. Озишни истасангиз, қовурилган таомларни эсингиздан чиқаринг.

19. Кам-кам, тез-тез ейиш керак. Ҳар бир тановул вақтида таом миқдори 200 гр. дан ошмаслиги даркор.

20. Таомни катта қошиқ билан эмас, чой қошиғи билан еган яхшироқ. Бу тўйиб овқатланишнинг олдини олади.

Вазира ЖАКБАРОВА,

ЎзМУ талабаси.