Қўтир - қўтир канаси чақирадиган ва қичиш билан кечадиган терининг паразитар касаллигидир. Зарарланиш - бевосита (бемор билан тўғридан-тўғри алоқада) ва билвосита (бемор ишлатган кундалик буюмлар ва нарсалар орқали) рўй беради.

Унинг клиник белгилари қуйидагилар:

- Кечки пайт ва кечаси кучаядиган қичишиш. Қайта зарарланганда қичишиш 1-4 кундан кейин бошланади;

- Тошмаларнинг одатдаги жойлашиши ва ўзига хос хусусиятлари: қўл бармоқлари, билаклар, оёқ кафти, тирсакларда, тананинг олдинги ёнбош юзаларида, эркакларнинг жинсий аъзолари, думбалар, аёлларда сут безларида жуфт-жуфт жойлашган, ўлчами 1 сантиметргача бўлган, қизғиш рангдаги тугунчалар ва юзаси қонли қалоқчалар билан қопланган эрозиялар мавжудлиги;

- Бир ёки бир нечта оила аъзоларининг қичувчи дерматозга учраши;

- Инвазионли алоқада бўлган жамоа (ётоқхона, болалар боғчаси, интернат, болалар уйи, ва ҳ.к.) аъзолари орасида қичувчи дерматознинг борлиги;

- Кечқурун ва кечаси ётоқ жойда танани бир бирига зич тегишидан кейин, касалликнинг пайдо бўлиши.

Бемор мос равишдаги даволашни олмаётган бўлса, узоқ давом этаётган жараён (касаллик ойлар ва йиллар давом этиши мумкин), даволаш нотўғри ўтказилса, қўтир дерматит, микробли экзема, пиодермия каби асоратларга олиб келиши мумкин. Одатда, касалликнинг давом этиш муддати кўпайиб борса, асоратларни пайдо бўлиш эҳтимоли ошади, бу кўпинча диагностикада хатоларга олиб келади ва кейинги даволашларни қийинлаштиради.

Даволаш тавсиялари:

1. Битта ўчоқда аниқланган беморларни даволаш қайта зарарланишни олдини олиш учун бир вақтнинг ўзида ўтказилиши лозим.

2. 3 ёшгача бўлган болаларда қўтирга қарши дори воситаларини суртиш терининг ҳамма жойида ўтказилади, қолган беморларда истисно тариқасида юз ва бошнинг сочли қисми ташкил қилади.

3. Ҳар қандай дори воситасини суртиш фақат қўллар билан амалга оширилади, бунга қўл бармоқларида кўп миқдорда қўтир йўллари борлиги сабабдир.

4. Даволашни кечки пайтда ўтказиш лозим. Бу қўзғатувчининг кечаси фаоллиги билан боғлиқдир.

5. Беморни ювинтиришни даволаш курси бошлангунча ва даволашдан кейин ўтказиш тавсия қилинади. Зарурат туғилганда, бемор дори воситасини ҳар куни эрталаб ювиб ташлаши мумкин. Бунда уни теридаги экспозицияси кечасидаги даврни ҳам қўшганда 12 соатдан кам бўлмаслиги лозим. Кўрпа-тўшак ва чойшабларни алмаштириш даволаш курси тугагандан кейин ўтказилади.

Профилактикасига алоҳида эътибор зарур. Яъни, кўрпа-тўшаклар, сочиқлар, мочалкалар, чойшаблар ҳарорати 55° даражадан кам бўлмаган иссиқ сувда ювиш йўли билан зарарсизлантирилади. Автоматлашган ювиш машиналарида ювилганда эса максимал ҳароратда ювишнинг энг узун режимини ёқиш етарлидир. Ювиш мумкин бўлмаган текстил маҳсулотлари учун эсдепаллетринни сақловчи "А-Пар" аэрозоли қўлланилади. Хоналарда ҳар куни 1-2 фоизли совунли-содали эритма билан нам тозалаш ўтказилади. Кўрпа ва ёстиқлар, шунингдек, устки кийимларни 5 кун давомида очиқ ҳавода осиб қўйиш йўли билан зарарсизлантирса ҳам бўлади. Ўйинчоқлар, ювиш мумкин бўлмаган буюмлар, пойафзални полиэтиленли қопга солиб, вақтинча 5 кунга фойдаланишдан чиқариб туриш мумкин. Матраслар ва юмшоқ мебелни ўрмалаб юрадиган ҳашаротларни ўлдириш учун мўлжалланган ҳар қандай аэрозол билан зарарсизлантириш имкони бор. Соғайганликнинг тиббий назорати 1,5 ой давомида (биринчи кўрик даволаш тугагач 3 кундан сўнг, кейин ҳар 10 кунда ) ўтказилади.

Агар сизда ушбу касаллик белгилари кузатилса, албатта, яшаш жойингиздаги тери-таносил касалликлари шифокорига мурожаат қилинг!

Яҳёжон АЙТУҒДИЕВ,

вилоят тери-таносил

касалликлари диспансери

бош врачи.