- Комилжон ака, дастлаб юрак касалликларини келтириб чиқарувчи омиллар ҳақида фикр юритсангиз.
- Ҳозирда аҳоли орасида юрак-ишемик касалликлари, юракнинг туғма ва орттирилган нуқсонлари, гипертония, юрак қон-томир тизими, дильетоцион кардиомеопатия каби хасталиклар кўпроқ учрамоқда. Буларга инсонлардаги ҳаракатсизлик, наслий мойиллик, вазннинг ортиши, қонда холестерин миқдорининг юқорилашиши, қандли диабет, спиртли ичимликлар ичиш, чекиш ва стресс ҳолатларини асосий сабаб сифатида кўрсатиш мумкин.
- Касалликни даволашдан кўра, олдини олган маъқул, албатта. Шу боис профилактикаси ҳақида тушунчалар берсангиз.
- Инсон ҳар тарафлама намунали ҳаёт кечирмоғи, одамларга ва жамиятга кўп наф келтирмоғи учун бутун организми, жумладан унга ҳаёт бахш этадиган, тинимсиз ҳаракатдаги миттигина мушакча - юракни асрашимиз муҳим. Бунинг учун айтилган салбий ҳолатлардан сақланиш шарт. Биринчи галда соғлом турмуш тарзига риоя қилмоқ керак. Масалан, нотўғри овқатланишни олайлик. Оддий ош тузи меъёридан ортиқ истеъмол қилинганда қон босимини оширади. Орадан маълум вақт ўтиб, қон томирлари нотекис бўлиши, баъзи соҳаларнинг торайиши, деворларининг қалинлашиши рўй беради. Шунингдек, камҳаракатлилик-барча аъзоларнинг мушакларини бўшаштириб, улар фаолиятини сустлаштиради, охир-оқибат бош мия артерияларининг торайишига сабаб бўлади. Бундан кўриниб турибдики, ақлий меҳнат кишилари ўз вақтида жисмоний фаолиятни ҳам қўшиб олиб борсалар соғликлари учун катта фойда келтирадилар. Жумладан, чекиш, спиртли ичимликлар ичишдан тийилиш зарур. Айниқса, асабларнинг зўриқиши турли стресс ҳолатлардан ўзимизни асрашимиз мақсадга мувофиқ.
- Вилоятимизда кардиология соҳаси жадал ривожланяпти. Марказдаги ишларнинг довруғи юртга кетган. Кейинги янгиликлар тўғрисида бизни бохабар этсангиз.
- Марказимиз беш бўлимдан иборат. 160 ўринли. Бу ерда туғма ва орттирилган юрак нуқсонлари, юрак-ишемик ҳамда қон-томир тизими касалликларини барвақт аниқлаш ва жарроҳлик йўли билан даволаш ишлари кенг йўлга қўйилган. Айниқса, кардиохирургиянинг равнақ топаётганлиги учун энди мураккаб жарроҳлик амалиётлар учун пойтахтга ёки хориж давлатларига боришга эҳтиёж қолмаётир. Бундай операцияларни ҳамкасблар бемалол амалга оширишмоқда. Энг муҳими, ижобий натижалар салмоқли ва давомли. Ҳамюртларимизнинг марказимиз шифокорларига бўлган ишончлари тобора мустаҳкамланмоқда. Қолаверса, бугунги кунда Андижон, Фарғона ва бошқа вилоятлар аҳолисига ҳам хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган.
- Беморлар олқишини олаётган юқори малакали ҳамкасбларингиз ҳақида нималар дея оласиз?
- Бу борада шуни алоҳида мамнуният ва фахр-ифтихор билан айта оламанки, тиббиёт фанлари докторлари - М. Мирсайдуллаев, А. Каримов, таниқли шифокор М. Эгамбердиев сингари фидойи устозларнинг борлиги соҳа ривожига - ривож қўшяпти, катта нуфуз бахш этмоқда. Марказимиз директори Н. Баҳриддинов, етук мутахассислар Б. Маъмуров, Б. Камолиддинов, А. Абдуллаев, А. Жамилов, М. Обидов, Ш. Зиёвиддиновлар билан ёнма-ён туриб, ютуқларимизни янада мустаҳкамлаб бораверамиз.
Манзура ЭРГАШЕВА суҳбатлашди.