Қизамиқ ҳаво-томчи йўли орқали юқадиган ўткир вирусли касаллик бўлиб, қиш ва баҳор ойларида учрайди. Унинг вируси организмда 9-14 кун мобайнида яширин даврини ўтказади. Бу пайтда тана ҳарорати 38-39 даражага кўтарилади.
Касаллик аломати шуки, дастлабки кунларида оғиз бўшлиғи, танглай, лунж ва милкларнинг шиллиқ пардаларида майда-майда доғсимон тошмалар пайдо бўлади. Бу биринчи белгилар. 2-3 кун ўтгач 2-тошмалар даври бошланиб, дастлаб қулоқ орқаси ва юзга, кейин бўйин, тана қисми ва тананинг паст томонига қараб тартиб билан тошади. 4-6 кун сақланиб, қай тартибда тошган бўлса, шу тартибда қайтади. Тана ҳарорати 39-40 даражага кўтариладию, 5-7 кун ўтгач, ҳарорат пасайишни бошлайди.
Қизамиқ тошган боланинг инжиқлиги ортади, иштаҳаси пасаяди, уйқуси бузилади, кўзидан ёш оқиб, йўтали кучаяди.
Қизамиқли беморни даволашда қуйидагиларга амал қилиш лозим: агар касаллик болада енгил ўтаётган бўлса, уни врач маслаҳатига риоя этган ҳолда уйда даволаш, оғир кечганда касалхонага ётқизиш керак. Беморни даволанганда у ётган хона ва кўрпа-тўшаги тоза бўлиши, уй тез-тез шамоллатиб турилиши лозим.
Касалликнинг олдини олишнинг бирдан бир самарали усули бу эмлатиш ҳисобланади. Бугунги кунда фарзандларимиз миллий эмлаш календарига мувофиқ 1 ва 6 ёшда қизамиқ паротит-қизилчага қарши КПК вакцинаси билан эмлаб келинмоқда.
Ш. ЛАТИФЖОНОВ,
вилоят ДСЭНМ иммунопрофилактика бўлими мудири.
У. ЭШОНХЎЖАЕВА,
врач-педиатр.