Юз нерв неврити, яъни мимик мушакларнинг фалажи икки хил бўлади. Биринчиси, марказий мияда қон айланишнинг бузилиши асорати туфайли вужудга келади. Иккинчиси, энг кўп учрайдиган периферик туридир.
Касаллик этиологияси шуни кўрсатадики, бирламчи фалажлик шамоллашдан туғилади. Янаям аниқроғи, юз нерви совуқда шамоллаб, соғлом ҳолатини йўқотади. Кейин эса юз кўринишида хунук ўзгаришлар кўзга ташланади. Иккиламчи ҳолатда эса отоген - қулоқдаги салбий ўзгаришлар, юқумли касалликлар, ўсма ва жароҳатлардан сўнг рўй беради.
Клиникаси қуйидагича:
- Юз мушакларининг бир томонлама ҳаракати йўқолади;
- бемор юзи, асимметрик "ниқобсимон" ҳолатга ўтади;
- зарарланган томонда юздаги табиий бурмалар текисланади;
- қовоқ тўла юмилмайди, юмишга ҳаракат қилинса, кўз олмаси юқорига тортиб кетади;
- юздаги табиий бурмалар текисланганлиги ҳисобига зарарланган томонда қош-қовоқ осилиб қолади;
- бемордан талаб этилганида пешонада бурма ҳосил қилиб бўлмайди;
- тишни ҳам кўрсата олмайди;
- зарарланган томонда гоҳида кўздан тинимсиз ёш оқиши кузатилади;
- қулоқ ортида оғриқ туради;
- оғиз бурчаги пасайиб кетади.
Агар юқоридаги ҳолатлар кузатилса, дарҳол мутахассисга мурожаат қилмоқ керак. Қанчалик барвақт учраб, муолажалар олинса, шунчалик тез ва самарали соғайишга эришиш мумкин. Кечикилса эса, бунинг акси бўлади.
Албатта, ҳар қандай дардни даволашдан кўра, унинг олдини олган афзал. Бунинг учун нима қилмоқ лозим?-деган савол туғилиши табиий. Аввало, юз нервини шамоллатиб қўймаслик учун сочни ювгандан сўнг қуритмасдан ётмаслик зарур. Совутгич атрофида камроқ туриш ва елвизакдан эҳтиёт бўлиш ҳам ушбу касалликдан сақланиш омилидир.
Тиббий амалиётдан маълумки, юз нервининг фалажини соғайиш кўрсаткичи 80 - 85 фоизни ташкил этади. 5 - 15 фоиз беморларда юз мушаклар контрактураси, яъни қотиб қолиши мумкин. Демак, илк белгилар кўрингандаёқ врачларга учраш шарт.
Мўйдинжон ТОЖИАҲМЕДОВ,
1-шаҳар шифохонаси асаб касалликлари бўлими врачи.