Шундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ҳомиладор аёлларни бепул поливитамин ва мультиминерал комплекслар билан таъминлаш тўғрисида қарор ҳам қабул қилинган. Бунга кўра, туғруққача барча витамин ва минералларга эҳтиёж кўпайганлиги сабабли ВПММК қўллаш ҳомиладорлик ва перинатал давр асоратларини 3-4,5 баробар камайтиради. Натижада тўлақонли чақалоқ ривожланишига имконият яратилади.

Энди юқоридаги витаминлар ҳақида қисқача маълумот берамиз. Витамин А (ретинол) ҳужайра иммунитетини кучайтиради, танадаги юмшоқ тўқима ва суяклар ўсишида, кўриш пигментларининг ҳосил бўлишида қатнашади. В1 (тиамин) энергия ажралишида асосий ўринни эгаллайди. Углеводлар парчаланишида иштирок этади. Асаб ва юрак қон-томир тизимлари фаолиятида муҳим роль ўйнайди.

Витамин В2 (рибофлавин) темир моддаси алмашинувида иштирок этади. Жигар фаолиятини яхшилайди.

Витамин В6 (пиридоксин гидрохлорид) ҳужайра учун ўта зарур. Қон ишлаб чиқаришда қатнашади. Бош мия ва нерв тизими тўғри ривожланишини таъминлайди.

Витамин В 9 ( фолат кислота) ҳомила нерв найчасида деффект ҳосил бўлишини 75 фоизгача камайтиради. Йўлдош тўқимасини ва қон томирлари шакл­ланишини яхшилайди. Асаб толаларини асрайди. Қўрқув ҳиссиётининг олдини олади, етук фарзанд кўришга ёрдам беради.

Витамин В12 ( цианокобаламин) тухумдонлардаги овуляция жараёнида жуда керакли, қон ишлаб чиқаришда асосий омил ҳисобланади.

Витамин С (аскорбин кислота) антиоксидант хусусиятга эга. Организмнинг юқумли касалликларга нисбатан чидамлилигини оширади, фагоцитозни кучайтиради, бириктирувчи тўқимани мустаҳкамлайди, ошқозон ва ичак тизимида темир моддасининг сўрилишига кўмаклашади.

Витамин Д ( эргокальциферол) суяк-тоғай тўқимасининг вужудга келишига ёрдамлашади. Орга­низм­да кальций ва фосфор балансини таъминлайди.

Дилфуза КАРИМОВА,

Норин туман тиббиёт бирлашмаси акушер-гинекологи.