Менингококкли инфекция ҳаво-томчи йўли билан юқади. Бемор йўталганида ва гапирганида тупук заррачалари билан менингококкларни ташқарига чиқаради.

Бу менингококклар идиш-товоқ, сочиқ ва бош­қа буюмларга тушади ва шу буюмларни тутган одамга инфекция осонлик билан юқади.

Менингококкли менингит тўсатдан бошланади, бемор ҳарорати кўтарилиб, кўнгли айнийди ва Керниг, Бруздинский симптомлари пайдо бўлади.

Пневмококкли менингит тўсатдан бошланмай бир қадар секинроқ бошланади, лекин интоксикация кундан кунга кучайиб боради. Касалликнинг биринчи ўчоғи- пневмония, йирингли отит, трахеобронхит борлиги аниқланади. Тўла бўлмаган менингиал син­дром билан бирга энцефалит белгилари кўринади. Бу хил менингит узоқ давом этади ва касаллик вақти-вақти билан зўриқиб туради. Ана шундай вақтда орқа мия суюқлиги йирингли бўлиб плеоцитоз кўпаяди.

Сил менингити. Бу касаллик аста-секин ривожланиб боради. Ҳарорат субфебрил даражага кўтарилади, бош сал оғрийди. Бемор ўзида дармонсизлик сезади. Орадан тахминан бир ҳафта ўтгач, менингиал синдром пайдо бўлади. Касалликнинг 8-10 кунлари бош мия нервларининг зарарланишига оид белгилар кўзга ташланади (кўз ғилай тортиб туради, анизокория, птоз ва кўриш ҳамда эшитиш ёмонлашади).

Ҳар бир аниқланган касаллик тўғрисида туман ёки шаҳар ДСЭНМга хабарнома бериш зарур.

Менингококк инфекциясининг хилидан қатъий назар ҳамма беморлар касалхонага ётқизилади. Болалар, бемор билан контактда бўлганлар назорат остига олинади ва текширилади.

Азимжон ЎРМОНБОЕВ,

вилоят юқумли касалликлар

шифохонаси бўлим мудири.